Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:00

Қирғизистон. Ганси базаси кенгайтирилмоқда.


Абдуллоҳ Эргаш

Маълумки, 11 сентябр воқеаларидан сўнг АҚШ етакчилигидаги аксилтеррор коалиция Қирғизистон ҳудудига ўз авиабазасини жойлаштирган эди. Олинган хабарларга кўра, айни пайтда бу авиабаза ўз майдонини кенгайтирмоқда.

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳридаги “Манас” халқаро аэропорти ҳудудига жойлашган аксилтеррор кучларнинг Ганси авиабазаси ўз майдонини кенгайтирадиган бўлди. Бу ҳақда Итар- ТАСС ахборот агентлиги шундай хабар қилади:


- Қирғизистон мудофаа вазирлиги ва Ганси авиабазаси раҳбарлари ўртасида имзоланган шартномада аксилтеррор кучлар учун қўшимча тарзда 300 гектар ер ажратилиши белгиланган. Бу жойга авиабазанинг техникаси ва аскар чодирлари кўчирилади. “Манас” аэропортининг ҳудуди эса аэропортга қайтарилади ёки бу ерга Ганси авиабазасининг бошқа техникаси ўрнатилади, - дейилади Итар - ТАСС ахборот агентлиги тарқатган хабарда.


Қирғизистонда жойлаштирилган аксилтеррор кучлар раҳбариятига кўра, авиабаза майдони аксилтеррор кучлар хавфсизлигини кучайтириш ва аскарларнинг маиший ҳаётини яхшилаш мақсадида кенгайтирилмоқда. Қирғизистон мудофаа вазирлигига кўра, бу ерда аксилтеррор кучлар хавфсизликни сақлашга кўмаклашувчи бир қанча қурилма барпо этадилар. Қирғизистон оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, АҚШ ҳарбийлари ажратилган ерни ўзлаштиришга киришганлар. Бу ерга қурол - аслаҳа омбори, техник терминаллар ва йиғма уйлар қурилади. Қурилишнинг умумий қиймати 60 миллион долларни ташкил этади. Бу маблағ Қирғизистондаги қурилиш ташкилотлари томонидан ўзлаштирилади.

Айни пайтда Қирғизистондаги Ганси авиабазасида аксилтеррор коалициясига кирган 7 мамлакатнинг 1,5 минг аскари, “Ф - 16” русумидаги 12 қирувчи самолёти ва бир нечта вертолётлари бор. Авиабаза раҳбарияти бу кучларни жойлаштириш учун ижарага олган 300 гектар ер майдонига ҳукуматлараро келишувга мувофиқ йилига 5,5 миллион доллар ижара ҳақи тўлайди. Ганси авиабазаси ўтган йили Қирғизистонга 20 миллион доллар миқдорида фойда келтирган. Бу маблағга ёнилғи, озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олинган.

Қирғизистон ҳукумати аксилтеррор кучларнинг Ганси авиабазаси мамлакатга иқтисодий манфаат келтирибгина қолмай, балки хавфсизликни таъминлашда ҳам муҳим омил бўлмоқда , деган фикрни билдирмоқда.

- Қирғизистонга нисбатан босқинчилик бўлади ёки бўлмайди, деб олдиндан айтиб бўлмайди. Лекин бизнинг асосий вазифамиз мамлакат хавфсизлигини таъминлашдан иборатдир. Қирғизистон ҳудудида жойлашган аксилтеррор кучлар бу борада муҳим омил бўлмоқда, - деди Қирғизистон президентининг маслаҳатчиси Болот Жанузақов.


Ҳукумат фикрича, Ганси авиабазасидан унча узоқ бўлмаган Қант аэропортига Россия ҳарбий ҳаво кучларининнг жойлаштирилиши мамлакат хавфсизлигини янада мустаҳкамлайди.


Лекин ҳукуматнинг бундай қарашига бир қанча сиёсатчилар қарши фикр билдирмоқдалар. Олий Кенгаш депутати Бакитбек Бекбоев қирғиз матбуотидаги чиқишларида , аксилтеррор қўшинлар таркибида АҚШ ҳарбийлари кўпчиликни ташкил этади. Бу кучлар Республика ҳудудида фақат бир - икки йил туриши керак эди. Аммо Ганси авиабазаси ҳукуматдан 300 гектар ер олиб ўз ҳудудини кенгайтирмоқда. Бундан хулоса қиладиган бўлсак, АҚШ Қирғизистонда умрбод қолмоқчи, деган хулосани билдиради.


Мустақил кузатувчилар эса аксилтеррор кучлар Ганси авиабазасининг 300 гектарли янги майдонга кўчирилиши ва бу майдоннинг 270 гектарли қўриқлаш ҳудуди билан ўраб олиниши , Бишкек яқинига Россия ҳарбий ҳаво кучлари базасининг жойлаштирилиши билан боғлиқ, деган фикрни билдирмоқдалар. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Иванов АҚШ – Россия муносабатларини шархлаб шундай деган эди:


- Ироқ бўҳрони натижасида юзага келган қарама- қаршиликлар Россия ва АҚШ муносабатлари ёмонлашганлиги тўғрисида турли таҳминларни келтириб чиқарди. Бироқ, бу масалада шуни айтиш мумкинки, Россия ва АҚШ президентлари ўзларининг сўнгги учрашувларида икки мамлакат ўртасидаги алоқалар мустаҳкам эканлигини билдиришди.


Ганси раҳбарияти ҳам авиабазасининг янги майдонга кўчирилиши Россия ҳарбий базасининг Қирғизистонга жойлаштирилиши билан боғлиқ масала эмас, деб билдирди.
XS
SM
MD
LG