Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:12

“Хамас” тинчлик жараёнига норозилик билдириб музокараларни тарк этди.


“Хамас” жангари гуруҳи Фаластин Бош вазири Маҳмуд Аббоснинг тинчлик йўлидаги уринишларидан норози. Шу сабали “Хамас” Исроилга қарши ҳужумларга барҳам бериш йўлида олиб борилаётган музокараларни тўхтатганини эълон қилди. “Хамас”нинг бу қарори Бош вазир Маҳмуд Аббосни оғир вазиятда қолдирди. Аббос олдида бир нечта танлов бор. У “Хамас”ни йўқ қилиши ёки фуқаролар уруши олиб бориши ёки гуруҳнинг Исроилга қарши бундан буён ҳам ҳужум уюштиришига қаршилик кўрсатмаслиги керак. Буларнинг бари тинчлик йўлидаги уринишларни йўққа чиқаради.

АҚШ Хамас гуруҳи қабул қилган қарорни қоралади. Оқ Уй матбуот котиби, шунга қарамай, АҚШ президенти Жорж Бушнинг Исроил ва фаластинликлар ўртасида тинчлик ўрнатиш йўлидаги уринишлари давом этишини таъкидлади. Фаластин расмийларига кўра, сўзлашувлар тўхтагани келишувга эришиш умиди пучга чиққанини англатмайди. “Хамас” гуруҳи Исроил аскарларини ўзининг икки фаолини жума куни Ғарбий соҳилдаги Тулкарим шаҳрида отиб ўлдирганликда айблади.

Шу ҳафтанинг чоршанба куни Иорданиянинг Ақаба шаҳрида АҚШ президенти Жорж Буш, Исроил Бош вазири Ариел Шарон ва Фаластин Бош вазири Маҳмуд Аббосларнинг учрашуви бўлиб ўтди. “Хамас” расмийлари мазкур саммитда Маҳмуд Аббос уларга ёнбосганидан норози эканликларини айтдилар.

“Хамас” гуруҳи асосчиларидан бири Шайх Аҳмад Яссин Ройтерс мухбирига берган интервюсида, Бош вазир Маҳмуд Аббос саммитда Исроилга ёнбосиб, фаластинликлар манфаатини қаттиқ туриб ҳимоя қила олмаганини айтди. “Биз Фаластин раҳбарияти эгаллаган позициядан норози бўлганимиз учун сўзлашувни тўхтатдик. Улар қочқинлар ҳуқуқларини ҳисобга олмадилар, қамоқдаги маҳбусларни унутдилар, Қуддус шаҳри ҳамда бизнинг тақдиримиз билан боғлиқ бошқа қадриятларга аҳамият бермадилар. Бош вазир Маҳмуд Аббос яхудийларга, улар лойиқ бўлмаган нарсаларни берди”,-деб сўзига қўшимча қилди Шайх Аҳмад Яссин.

Вашингтон расмийлари Исроил билан тинчликка эришишга қарши бўлган “Хамас” сўзлашувларни тўхтатганидан хайратга тушмадилар. АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Ричард Баучер, президент Жорж Буш маъмурияти ҳар қандай террор гуруҳига ёрдам, жумладан, қурол ва молиявий ёрдам кўрсатаётган манъбаларга қарши кескин кураш олиб боришини билдирди.

Айни пайтда, Фаластин хавфсизлик кучлари жангари гуруҳларни қуролсизлантиришда бошқача йўл тутмоқда. Фаластин расмийлари ва жангарилар гуруҳининг айрим аъзоларига кўра, хавфсизлик кучлари ноқонуний қуролларни сотиб олмоқда.

Фаластин хавфсизлик кучлари бошлиғи Муҳаммад Даҳлан “Ал-Ақса” гуруҳи аъзоларига қуролларини сотишни таклиф қилмоқда. “Ал-Ақса” лидерига кўра, Даҳлан ҳар бир қурол учун 6.000 АҚШ доллари таклиф қилмоқда. Бу қора бозордаги нархдан икки баробар кўп. Бундан ташқари, Даҳлан “Ал-Ақса” гуруҳидан чиқиб хавфсизлик кучларига қўшилганларга ҳам 6.000 АҚШ доллари миқдорида пул таклиф қилмоқда. Агар Ғарбий соҳил ва Ғазодаги ўқитувчиларнинг бир ойлик маоши 330 АҚШ долларини ташкил этиши ҳисобга олинса, Даҳланнинг катта пул таклиф қилаётгани яққол кўринади.

Фаластиннинг “Жиҳод” гуруҳи лидерлари, Исроилга қарши ўт очишни тўхтатиш борасидаги музокаралардан чиқиш ёки чиқмаслик ҳақида қарор қабул қилишини билдирдилар. Аммо “Жиҳод” вакиллари, Фаластин Бош вазири Маҳмуд Аббосга қарши қурол кўтармасликларини айтдилар. Фаластин ҳукумати вазири Зиёд Абу Амр, Фаластин раҳбарияти ва Хамас ўртасидаги воситачи. Абу Амр - “Хамас” гуруҳи якшанба ёки душанба кунигача музокаралар столига қайтиши, сўнгра Фаластин раҳбарияти ва “Хамас” ўртасидаги диалог давом этишига умид билдирди.
XS
SM
MD
LG