Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:08

Марказий Осиё: исломий гуруҳларга тазйиқлар давом этмоқда


Фарангис Саид

Душанбе масжидларида муаззиннинг азон айтишини кунига беш марта эшитиш мумкин. Бироқ, агар мустақилликнинг биринчи йилларида ҳар бир масжидда овозни кучайтиргичлар ўрнатилган бўлган бўлса, яқинда Душанбе шаҳар ҳокими пойтахт масжидларида бу мосламадан фойдаланишни ман қилди. Мазкур чора диний фаолият ҳақдаги қонунга ўзгартиришлар киритиш масаласи муҳокама қилинаётган бир вақтда қабул қилинди. Тожикистоннинг диний масалалар бўйича қўмитаси раиси Сайид Аҳмадовнинг фикрича, ушбу чора диний гуруҳлар фойдасини кўзлаган ҳолда қабул қилинган:

- Барча диний ташкилотлар рўйхатдан ўтишлари керак. Бу уларнинг эркин фаолият олиб боришларини таъминлайди, улар эркинлиги қонун билан ҳимояланган бўлади. Диний гуруҳ рўйхатга ўтиши билан давлат улардан хабар топади ва гуруҳлар эркинлигини ҳимоялай бошлайди.

Рўйхатдан ўтиш учун 15 минг фуқаро масжид кераклиги ҳақдаги аризани имзолаши лозим. Синагога ёки насроний черков қурилиши учун эса 10-15 имзо кифоя.

Тожикистон – Марказий Осиёда исломий сиёсий гуруҳни рўйхатдан ўтказган ягона республикадир. Исломий уйғониш партиясининг ҳозирги кунда сиёсатдаги нуфузи унчалик катта бўлмаса-да (айнан шу сабабдан ушбу партия 2000 йил сайловларида парламентда бор-йўғи 2 ўринни қўлга киритишга муваффақ бўлди), бироқ Ўзбекистонга қараганда, бу ҳам – кўпфикрлилик аломатидир.

Ўзбекистон ўз навбатида мустақил халқаро ташкилотлар томонидан диний тазйиқлар энг кўп қўлланиладиган мамлакат, деб тан олинган. Ўзбекистон исломий ҳаракати АҚШ Давлат департаменти томонидан террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилганидан буён Ўзбекистон расмийлари ўз хонадонида намоз ўқиганларни ҳам Исломий ҳаракатга аъзоликда айблаб, сўнг қамоққа ташлашга ҳаракат қилади. Бу фикрни Хьюман Райтс Уотч ташкилотининг Ўзбекистондаги вакиласи Матилда Богнер билдиради:

- Минглаб ўзбекистонликлар динга амал қилганлари туфайли қамоқларга ташланганлар. Бу одамлар зўравонликка даъват этган ёки зўравонлик учун озодликдан маҳрум этилган одамлар эмас. Ўзбекистон ҳукумати бир неча йил олдин мавжуд бўлган таҳдидни, яъни Ўзбекистон исломий ҳаракатини ҳамон таҳдид сифатида тасвирлайди ва буни рўкач қилиб, диний тазйиқларни ўтказади.

Ҳолбуки, Матилда Богнернинг фикрича, ўзбекистонликларнинг аксарияти на Ўзбекистон исломий ҳаракатини, на Хизб ут-Таҳрирни қўллаб-қувватлайди. Бу ёки бошқа исломий гуруҳларга баъзиларнинг хайрихоҳлигини эса, Хьюман Райтс Уотч ташкилоти вакилининг таъкидлашича, Ўзбекистонда сиёсий кўпфикрлиликнинг йўқлиги, сиёсий мухолифат таъқиқлангани билан тушунтириш мумкин.

Озодлик радиосидан исмини ошкор этмасликни сўраган 22 ёшлик душанбелик талаба Тожикистон ёшларининг кўпчилиги Хизб ут-Таҳрирни қўллаб-қувватламаслигини айтади:

- Хизб ут-Таҳрир ҳақида турли гаплар тарқаган. Одамлар уни тўғри йўлдан олиб кетиб қоладиган гуруҳ, деб ўйлайдилар. Ўзларини исломий, деб атайдиган партиялар, менимча, саҳоват, тинчлик ва дўстликни тарғиб қилишлари керак. Чунки ислом – тинчлик деганидир. Ана ўшанда, бу партиялар одамлар орасида тарафдорлар топадилар.

Ўзини Баҳодир деб таништирган яна бир душанбелик талаба Исломий ўйғониш партиясини қўллаб-қувватламаса-да, бу партия ҳам, бошқалари ҳам рўйхатга олиниб, фаолият олиб бориш ҳуқуқига эга бўлиши кераклигини айтади:

- Менимча, жамиятимизга турли партиялар керак. Демократлар ҳам, исломий уйғониш партияси ҳам, коммунистлар ҳам. Буларнинг бари жамиятда ўз роли ва ўз жойига эга бўлиши лозим.

“Мен ўзим масжидга бормайман, - дейди Баҳодир. - Лекин бошқаларнинг боришига қарши эмасман. Чунки бу уларнинг ҳуқуқларидир”.
XS
SM
MD
LG