Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:02

Эрон ва Россия. Муносабатлар таранлашмайдими ?


Абдуллоҳ Эргаш

Америка Қўшма Штатлари Эрон оммавий қирғин қуроллари ишлаб чиқараётганлигидан гумонсирамоқда. Аммо расмий Теҳрон бу гумонлар асоссизлигини таъкидламоқда. Лекин бунга қарамай АҚШ бу борада ўз нуқтаи- назарини ўзгартиргани йўқ . Яқинда АҚШ давлат котиби Колин Пауэлл расмий Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларни шундай изоҳлаган эди:

- Бизнинг Эронга нисбатан сиёсатимиз ўзгармайди. Биз Эроннинг террорчилар фаолиятини қўллаб- қувватлаётганини нотўғри деб биламиз. Йиллар давомида унинг ядровий имкониятларини қабул қилмай келаётганлигимиз ва бу борадаги сиёсатимиз ҳаммага маълум.


Қўшма Штатлар расмийлари, Эрон атом электр станцияси қурилиши баҳонасида Россиядан олаётган ядровий моддаларни оммавий қирғин қуроли ишлаб чиқаришга сарф этаётганидан хавфсирамоқда. Аммо Россия бу ташвишларга асос йўқлигини айтмоқда. Президент Путин эса Эрон билан Россия ўртасидаги ҳамкорлик давом этаверади, деб билдирди.


- Эрон масаласида айтадиганим шуки, биз Эрон билан ҳамкорлик қиляпмиз. У бизнинг қўшнимиз ва бундан кейин ҳам у билан ҳамкорликни давом эттираверамиз, - деди Россия президенти Владимир Путин.


Россия Эрон билан беш атом электр станцияси қурилишида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги шартномани имзолаган. Бу атом электр станцияларига ядровий хомашё Россиядан келтирилмоқда.


Бироқ, Франциянинг Эвиан шаҳрида ўтказилган Саккизлик гуруҳига аъзо мамлакатлар саммитидан сўнг, Россия масалага муносабати ўзгарганлигини эълон қилди. Хусусан Президент Путин шундай баёнот берди:

- Оммавий қирғин қуроллари тарқалишининг олдини олиш борасида Атом энергияси бўйича халқаро агентлик ҳал қилувчи ролни ўйнаши керак. Биз Эроннинг барча ядровий дастурлари мана шу ташкилот назоратида бўлиши зарурлигини таъкидлаймиз.


Россия президенти Путиннинг ушбу баёнотидан сўнг, кузатувчилар фикрича, Эрон ва Россия алоқалари дарз кетиши лозим эди. Лекин айни пайтда икки мамлакат расмий доираларида бунинг акси кузатилмоқда. Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Александр Яковенко “Россия атом электр станциялари қурилиши учун Эронга ядровий ёнилғи етказиб беришни ҳар қандай шароитда ҳам тўхтатмайди. Фақат Эрон ишлатилган ядровий ёнилғи қолдиқларини Россияга қайтариши шарт”, қабилидаги фикрларни билдирган эди. 5 июн куни Эроннинг Москвадаги элчиси Ғуломризо Шафеий “Эрон Россиядан сотиб олган ядро ёнилғиси қолдиқларини Москвага қайтариш тўғрисидаги шартномани имзолашга тайёрлигини”, маълум қилди.


Шу билан биргаликда, Эрон радиоси Теҳрон ядровий технологиялар ишлаб чиқаришда мустақилликка эришмоқчи эканлигини ва бу борада Россияга қарам бўлиб қолишни истамаслиги тўғрисидаги расмий маълумотни эълон қилди.


АҚШ давлат котиби ўринбосари Жон Болтон эса 5 июн куни Конгрессда сўзлаган нутқида Эронни уранни қайта ишловчи заводлар қураётганликда айблади. Жон Болтонга кўра, Эронда ўзоқ масофага учадиган баллистик ракеталар ишлаб чиқариш дастури мавжуд ва Теҳрон бу дастурни амалга ошириш учун махсус тизим яратмоқда.


- АҚШ бу хавфни бартараф этиш учун дипломатиядан бошқа усулларни ҳам ишга солиши мумкин, - деб билдирди Жон Болтон.


Эрон расмийлари мамлакатдаги атом электр станциялари қурилиши халқаро экспертлар учун очиқ эканлигини билдириб, бу ишларда АҚШни ҳам ҳамкорликка чақирди. Бироқ Оқ Уй Эроннинг бу таклифини рад этди.


Еттинчи июн куни Эронга Атом энергияси бўйича халқаро агентлик инспекторлари боришади. Инспекторлар Эрон Россиядан сотиб олинган ядровий ёнилғини қай мақсадга ишлатаётганлигини ўрганишади. Уларнинг хулосаси 16 июнда жамоатчилик эътиборига ҳавола этилади.
XS
SM
MD
LG