Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:06

Яқин Шарқ тинчлик режаси яна боши берк кўчага кириб қолди.


Акрам Файзулло

Ўтган ҳафтада янги Яқин Шарқ тинчлик режаси эълон қилиниши биланоқ, Исроил ва Фаластин ўртасида зўравонлик хатти-ҳаракатлари давом этиши аниқ эди.

Чоршанба куни Қуддусда фаластинлик худкуш-террорчи бир автобус ичида ўзини портлатгани оқибатида камида 16 одам нобуд бўлди ва 50дан ортиқ киши яраланди.

Фаластиннинг Хамас жангари гуруҳи бир баëнот тарқатиб, Қуддусдаги портлаш учун маъсулиятни ўз зиммасига олди. Баëнотда айтилишича, мазкур портлаш сешанба куни Хамас раҳбари Абдул Азиз Рантисига қарши қилинган ҳужумидан Исроилдан ўч олиш мақсадида қилинган.

Пайшанба куни Исроил Ички Ишлар вазири Цаши Ханегби Исроил армиясига Хамас гуруҳининг барча аъзоларини тор-мор этиш ҳақида буйруқ берилганини маълум қилди. Исроил Бош вазири Ариэл Шарон ҳам Фаластиннинг барча жангари гуруҳлари йўқ қилинишини таъкидлади. Айни пайтда Шарон Исроил тинчлик режаси борасидаги ўз мажбуриятларига амал қилишини қайд этди.

- Биз дипломатик жараëнни олға суриш мақсадида ўз олдимиздаги мажбуриятни бажарамиз ва бу бизни тинчлик сари етаклашига умид қиламиз. Исроил фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур чора-тадбирлар кўрилади, - деди Ариэл Шарон.

Чоршанба куни Қуддусда портлаш юз бергандан бир неча дақиқа ўтгач, Исроил Ғазо минтақасига ҳаво ҳужуми қилгани оқибатида 10га яқин фаластинлик нобуд бўлди. Фаластин раҳбари Ясир Арафат сўнгги кунларда содир этилган барча ҳужумларни қоралади.

- Қуддусда Исроил фуқароларига қарши содир этилган террорчилик ҳужумини қоралайман. Мен, шунингдек Исроилнинг Ғазо ва бошқа ҳудудларда олиб борган ҳарбий амалиëтларини, ҳамда, Хамас гуруҳи раҳбари Абдул Азиз Рантисига қарши қилган ҳужумини ҳам қоралайман, - деди Ясир Арафат.

Айни пайтда, Арафат Оқ Уй маъмуриятини Яқин Шарқ тинчлик режасини қўллаб-қувватлаш ҳақида берган ваъдасини бажаришга даъват қилди.

- АҚШ президенти Жорж Бушни тинчлик режасини амалда жорий этиш устида ишлашга, зўравонликларни тўхтатиш учун ëрдам беришга, Исроилдан тинчлик режаси олдидаги мажбуриятларини бажаришини талаб қилишга чақираман ва минтақага халқаро кузатувчилар жўнатилишини сўрайман, - деди Ясир Арафат.

Президент Буш чоршанба кунги портлашни қоралаб, барча томонларни зўравонликларнинг олдини олишга чақирди.

- Мен Яқин Шарқда тинчлик ўрнатилишига тарафдор бўлган жаҳондаги барча одамларни террорга қарши курашишга, Фаластиннинг Хамас жангари гуруҳига ўхшаган ташкилотларга молиявий ëрдам бермасликка ва тинчликка қарши жонини қурбон қилишга тайëр бўлган шахсларни яккалаб қўйишга чақираман, - деди президент Буш. Оқ Уй раҳбари, шунингдек Исроилнинг Ғазо минтақасига қилган ҳаво ҳужумини танқид этиб, бундай ҳужумлар Яқин Шарқ тинчлик жараëнини мураккаблаштиришини билдирди.

БМТ Бош котиби Кофи Аннан ҳам Исроил ва Фаластин раҳбариятини зўравонликлар туфайли, тинчлик ўрнатиш ҳаракатларидан юз ўгирмасликка чақирди.

- Менимча, раҳбарлар тинчлик режасида устида ишлашни давом эттиришлари керак. Бундай ҳужумлар раҳбарларни тинчликка эришиш йўлида ҳамкорлик қилишдан тўхтатмаслиги лозим, - деди Кофи Аннан.
XS
SM
MD
LG