Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:23

Афғонистон: уруш жиноятчилари жавобгарликка тортиладими?


Акрам Файзулло

Аксарият афғонистонликлар уруш жиноятчилари жавобгарликка тортилишини хоҳлайдилар. Аммо хавфсизлик муаммолари ҳал этилмаган ва қонун устуворлиги қарор топган мамлакатда уруш жиноятчиларини суд қилишга ҳали кўп вақт борга ўхшайди.

Шу билан бирга Афғонистоннинг янги Конституциясини яратиш ва қонунчилик соҳасини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар уруш жиноятлари масаласига ҳам эътибор берилишини тақоза этмоқда.

Янги Конституция шу йилнинг октябр ойида режалаштирилган Лўя Жирга учрашувига қадар тайëр бўлиши кутилмоқда. Афғонистон Адлия тизими ислоҳ қилинмоқда ва халқаро донор давлатлар ëрдами билан полициячилар тайëргарликдан ўтказилмоқда. Бу ҳаракатларнинг барчаси мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчилик тизимини ишлаб чиқиш учун замин яратмоқда.

Аммо кузатувчиларга кўра, мазкур ҳаракатлар нақадар муваффаққиятли бўлиши бир неча омилга, жумладан Афғонистон ҳудудлари бўйлаб хавфсизлик мустаҳкамланиши, вилоятлар ҳокимлари марказий ҳукуматга тўлиқ бўйсўниши ва ҳукумат салоҳиятини ошириш билан боғлиқ бўлади.

Human Rights Watch ташкилоти Афғонистон жорий йилнинг феврал ойида уруш жиноятлари бўйича халқаро трибуналга қўшилганини мамнуният билан қаршилади. БМТ қошидаги мазкур трибунал шу йилдан эътиборан Афғонистон ва бошқа мамлакатларда уруш жиноятлари содир этган шахсларни жавобгарликка тортиши мумкин.

Афғонистон Адлия вазири Абдул Раҳим Каримийнинг қайд этишича, расмий Кобул БМТ судига қўшилгани туфайли келажакда уруш жиноятларининг олдини олиш учун имкон пайдо бўлган.

Лекин БМТ қошидаги уруш жиноятлари бўйича халқаро трибунал иш бошлашига ҳали анча вақт бор. Бундай жиноятларни содир этганликда тахмин этилган шахсларни аниқлаш ва уларни трибуналга жўнатиш учун юридик ва сиëсий ташкилотлар тузилиши керак. Трибунал фақат шу ва бундан кейинги йиллардаги уруш жиноятларини кўриб чиқа олади. Бундан ташқари, халқаро саҳнада мухим рол ўйнайдиган Қўшма Штатлар халқаро трибуналга қўшилмагани бу тузилма аҳамиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Кобул вилоят суди ҳаками ўринбосари Хума Ализойнинг қайд этишича, трибунал ўтмишдаги жиноятларни кўриб чиқиш салоҳиятига эга бўлмасада, бундай жиноятлар судда ашëвий далил сифатида қўллаш мумкин.

Озодлик радиоси афғон шуъбаси журналисти Аликўзай Афғонистондаги уруш жиноятлари билан боғлиқ мавзуларни ëритади.

“Ҳозир Афғонистоннинг янги Конституцияси ишлаб чиқилмоқда. Мазкур Конституция октябрда Лўя Жирга учрашувида тасдиқланганидан кейин, уруш жиноятчиларини аниқлаш ва уларни халқаро судга топшириш учун имконият яратилади”, - деди Аликўзай.

У қўшимча қилиб, ҳеч ким қонундан устун бўлмаслиги кераклигини таъкидлади.

“Қонун олдида барча тенг бўлиши лозим. Уруш жиноятларини содир этан шахсларнинг ким бўлишидан қатъий назар, у хоҳ қуролли гуруҳ бошлиғими, хоҳ вазир бўладими суд ҳукми билан қилмишига яраша жазоланиши зарур”, - деди афғон журналисти Аликўзай.

Аммо ҳозирча кўпчилик афғонистонликлар бир кун келиб маҳаллий қўмондонлар ëки расмий амалдорлар ҳам уруш жиноятлари учун жазога тортилишига ишонмаяптилар.
XS
SM
MD
LG