Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:42

Чеченистондаги гуманитар аҳвол ҳали ҳам аянчлидир.


Акрам Файзулло

Европа Иттифоқи ўтган уч ярим йил давомида Чеченистон аҳолисига жами 110 миллион евро миқдорида ëрдам жўнатганини маълум қилди. Лекин шунга қарамай, Чеченистондаги гуманитар аҳвол ҳали ҳам аянчлидир.

Европа Иттифоқи расмийларининг фикрича, Москва раҳбарияти Чеченистонда урушдан азият чеккан одамларга ëрдам кўрсатувчи халқаро ташкилотлар вакиллари хавфсизлигини таъминлаши керак.

Кузатувчиларга кўра, Европа Иттифоқи Россия раҳбариятидан хавфсизлик масаласида ҳамкорлик қилишни талаб эта олади. Бироқ Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ушбу масалага турлича ëндошмоқдалар. Ҳозирча эса Европа Комиссияси Чеченистондаги хавфли шароитларда ишлашга рози бўлган ҳар қандай ëрдам кўрсатувчи ташкилотни молия билан таъминламоқда.

Сешанба куни Европа Иттифоқининг гуманитар масалалар бўйича расмий вакили Пол Нилсон Европа Комиссияси Чеченистон аҳолиси учун қўшимча 16 ярим миллион евро миқдорида ëрдам жўнатилишини тасдиқлаганини эълон қилди. Айни пайтда, Нилсон Россия ҳукуматини ëрдам кўрсатувчи халқаро ташкилотлар вакиллари хавфсизлигини таъминлаш борасидаги мажбуриятларига амал қилишга чақирди.

Нилсон матбуот вакили Чеченистон ташқарисидаги қочқинлар ҳам оғир шароитларда яшаëтганларини қайд этди.

“Ҳозир Ингушетия ва бошқа қўшни минтақалардаги тахминан 100 минг чеченистонлик қочқинларнинг аксарияти ëмон шароитларда кун кечиришмоқда. Маҳаллий расмийлар бизга қочқинлар учун янги лагерлар қуришимизга рухсат бермаяптилар”, - деди расмий. Унинг яна маълум қилишича, Россия ҳукумати қочқинларнинг Чеченистонга қайтишини хоҳлайди ва шунинг учун лагерлардаги аҳволни тузатиш масаласига эътибор бермаяпти. Ҳукумат ўтган йилдаги каби лагерларни мажбуран ëпмаëтган бўлса-да, расмийлар янги қочқинларни руйхатга олмаяптилар.

Айни пайтда Европа Иттифоқи Россия ҳарбийлари баъзан бегуноҳ фуқароларни ҳибсга олаëтгани, қийноққа солаëтгани ва қатл этаëтгани юзасидан хавотир билдирмоқда.

Европа Иттифоқи расмийлари Чеченистондаги гуманитар аҳвол йилдан-йилга ëмонлашаëтгани, аҳолининг аксарияти озиқ-овқат ва дори-дармон ëрдамларига муҳтожлиги ва санитария шароитлари ҳам талабга жавоб бермаëтганлигини таъкидлашмоқда.

Россия ҳукумати Чеченистон уруши оқибатида уйларидан айрилган оилаларга 2003 ва 2004 йиллар давомида товон тўлашини билдирди.

Кузатувчиларига кўра, товон ҳақидаги ваъдалар ва лагерлардаги ëмон аҳвол қочқинларни Чеченистонга қайтишга ундаши мумкин. Аммо кўп нарса Чеченистондаги хавфсизлик вазиятига боғлиқ.

Номи ошкор бўлишни хоҳламаган Европа Иттифоқи расмийсига кўра, фақат бир неча 10 йиллардан кейингина Россия Чеченистонда тўлиқ назорат ўрнатиши мумкин.
XS
SM
MD
LG