Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:58

Белоруссия рублни миллий валюта сифатида қабул қиладими?


Абдуллоҳ Эргаш

18 июн куни президент Александр Лукашенка Белорус ҳудудида Россия пул бирлиги – рублнинг муомалага киритилиши бир неча ойга кечиктирилганлигини билдирди. Бундан аввалроқ, май ойининг охирларида, Россия ва Белорус расмийлари тўққиз йил давом этган музокаралардан сўнг, жорий йилнинг 1 июлидан рубл Белорусда муомалага киритилишига келишилганлигини баён қилган эдилар. Россия матбуотига кўра, президентларнинг яқинда Санкт - Петербург шаҳрида ўтказган учрашувлари чоғида мана шундай қарорга келинган. Бироқ, президент Лукашенка 18 июн куни сўзлаган нутқида, бундай келишув бўлмаганлигини қайд этиб, шундай деди:


“Ўша учрашувда мен томонимдан ҳеч қандай ваъда ҳам, баёнот ҳам берилмаган. Рублни қабул қилишга шошилмаслигимиз, бу масалани ҳар томонлама ўрганишимиз лозим. Рублни Белоруссияда муомалага киритиш тўғрисидаги шартномани имзолашимиз ёки рад этишимиз икки ойдан сўнг маълум бўлади”.

Кузатувчиларга кўра, Белорусда Россия рублининг қабул қилиниши бу мамлакат ҳазинасидаги камомадларни бартараф этиш имконини беради. Белорус президенти матбуот котиби Наталя Пяткевичга кўра, ҳазина камомадини тўлдириш учун йилига 150- 200 миллион доллар керак бўлади.

Таҳлилчиларга кўра, Белорус жамоатчилиги Россия рублининг миллий валюта сифатида қабул қилиниши ташаббускорларини қўллаб-қувватламаётир. “Ташаббус” иттифоқи раҳбари Михаил Маринич рублнинг қабул қилиниши Белорус иқтисодига ҳеч қандай ижобий таъсир кўрсатмайди, деб ҳисоблайди.

“Россия айни пайтда бозор иқтисоди сиёсатини юргизмоқда. Белорус эса ривожланган социализмнинг қайси босқичида эканлигини мутахассислар ҳам айтиб беролмайди. Бу икки турдаги иқтисодий тизимга эга давлатлар валютасини бирлаштирса қандай ижобий ўзгариш юз бериши мумкин? Тушунмайман”, - дейди белоруслик жамоат арбоби Михаил Мартинич.

Белоруслик таниқли иқтисодчи олим Леонид Злотницкий мамлакатнинг рубл ҳудудига кириши Россияда бўлажак президентлик сайловларида Путинга обрў келтиради, деб ҳисоблайди.

“Бу иш Путин учун фойдалидир. Чунки келгуси йили сайловлар бўлади. Путин Белоруссияни рубл ҳулдудига олиб кирса, бу сиёсий ютуқ сифатида қабул қилинади ва сайлов олдидан Путин рейтингини оширади. Лекин рублнинг миллий валюта сифатида қабул қилиниши Белоруссия учун ҳеч қандай фойда келтиролмайди,” - деди Леонид Злотницкий.

Мутахассислар иқтисодий сиёсати турли йўналишларда бўлган бу икки давлатнинг ягона миллий валютани қабул қилиши ҳар иккала томонга ҳам сезиларли фойда олиб келмаслигини таъкидламоқдалар. Бироқ, кузатувчиларга кўра, Россия ва Белорус раҳбарлари бу масалага ўз сиёсий манфаатларидан келиб чиққан холда ёндошмоқдалар. Белоруссиялик иқтисодчи олим Леонид Злотницкий таъкидлаганидай, мамлакатнинг рублни қабул қилиши Россия фуқаролари орасида Путин обрўсининг ўсишига сабаб бўлади. Россия эса Лукашенкани кейинги президентлик сайловларида қўллаб – қувватлайди. Лекин Александр Лукашенка кузатувчиларнинг бундай қарашларни рад этмоқда.

“Ҳеч ким бизнинг мустақиллигимизни учинчи, бешинчи ёки йигирма бешинчи президентлик муддатига алмаштиргани йўқ”, - деди Александр Лукашенка 18 июн куни сўзлаган нутқида.
XS
SM
MD
LG