Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:00

Ўзбек деҳқонлари Қирғизистон далаларида меҳнат қилмоқдалар


Абдуллоҳ Эргаш

Марказий Осиё мамлакатларидаги иқтисодий қийинчиликлар, кўпчиликни бошқа мамлакатларга иш излаб кетишга мажбур қилмоқда. Узоқ мамлакатларга боришга қурби етмаганлар эса, қўшни давлатларда мардикорлик қилмоқдалар. Жанубий Қирғизистон оммавий ахборот воситалари ресурс маркази тарқатган маълумотга кўра, Қирғизистон далаларида асосан Ўзбекистондан келган ёлланма ишчилар меҳнат қилмоқдалар. Бу ҳақда Ўш оммавий ахборот воситалари ресурс маркази бош муҳаррири Алексей Сухов шундай дейди:


“Баҳор келиши билан Қирғизистоннинг Жалолобод ва Ўзбекистоннинг Андижон, Наманган вилоятлари чегарасида ишчи мигрантлар йиғила бошлайди. Ўзбекистонлик мигрантларни ўзбек чегарачилари Қирғизистон худудига ўткизмаганликлари учун, улар чегара атрофида ўз харидорларини кутиб турадилар ёки яширинча равишда Қирғизистонга ўтадилар”, - дейди Алексей Сухов.


Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг Жалолобод вилояти бўйлаб ўтувчи қисми деярли мардикор бозорига айланиб бўлган. Бу ҳақда Алексей Сухов шундай дейди:


“Ишчи мигрантлар Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараси бўйлаб 25-30 кишидан иборат гуруҳларга бирлашар эканлар. Бундай гуруҳларни бутун чегара бўлаб сон- саноқсиз учратиш мумкин”.


Журналист, ўзбекистонлик деҳқонларнинг Қирғизистонда меҳнатлари учун олаётган ҳақ миқдори ҳақида шундай маълумот беради:


“Уларга унча кўп пул тўланмайди. Бир кунлик иш ҳақлари меҳнатнинг оғир –енгиллигига қараб 50 – 100 сўм атрофида бўлади”, - дейди Алексей Сухов.

Маълумот учун: 50 қирғиз сўми 1 доллар 20 центга, 100 қирғиз сўми 2 доллар 40 центга баробар.

Алексей Суховнинг айтишича, охирги олти ойда қирғизистонлик фермерларга ёлланаётган ўзбек деҳқонларининг иш ҳақи 30 фоизга ошган.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонлик деҳқонлар Қирғизистон фермерлари учун арзон меҳнат кучидир. Бугунги кунда Қирғизистонда ер тўла ҳусусийлаштирлган. Фермер оиласи билан ўзига тегишли бир неча гектар ерга ишлов беришга қодир эмас. Шу боис, бу ишга арзон меҳнат кучи бўлган Ўзбекистонлик деҳқонлар ёлланади. Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонлик деҳқон икки доллар иш ҳақи эвазига бажарадиган иш учун қирғизистонлик 5-6 доллар талаб қилади. Шунинг учун, Қирғизистон фермерлари ўртасида ўзбекистонлик ёлланма ишчиларга талаб кучли. Ҳамсуҳбатимиз Алексей Суховнинг айтишича, Қирғизистоннинг баъзи туманларида Ўзбекистондан келган ёлланма ишчилар учун махсус меҳнат биржалари ҳам ташкил этилган.

“Аравон туманида Ўзбекистондан келган ва мардикорлар деб аталувчи ёлланма ишчилар учун меҳнат биржаси тузилган. Бу ерда Қирғизистон фермери ўзбекистонлик мардикорни шартнома асосида ишга ёллаши мумкин”, - дейди Алексей Сухов.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, бу йил Ўзбекистондан Қирғизистонга ўтиб ишловчиларнинг сони ўтган йилгига солиштирганда анча кўп экан.

Кузатувчилар фикрича, Ўзбекистон қишлоқларида деҳқонларга тўланаётган ҳақ миқдорининг ниҳоятда камлиги, уларни Қирғизистон фермерларига ёлланишга мажбур қилмоқда.
XS
SM
MD
LG