Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:19

Ироқ: қаршилик ҳаракати янги ҳукумат тузишга халақит бермоқда


1 Май куни, яъни АҚШ Президенти Жорж Буш Ироқ урушида ғалаба қозонилганини расман эълон қилганидан бери 29 нафар америка аскари ва уларнинг олти нафар британиялик ҳамкасби Ироқда ҳалок бўлди. Бироқ, Буш маъмуриятига кўра, бундай ҳужумларнинг бўлиши табиий. Чунки Ироқда Саддам Ҳусайн даврида аксил-Америка кайфиятлари шакилланиб улгурган ва у ерда аҳоли орасида катта миқдорда қурол-аслаҳа йиғилиб қолган. Шу билан бирга Вашингтон расмийлари фикрича, Ироқда америка ҳарбийларига ҳужумларни мувофиқлаштирилган қаршилик ҳаракати, деб бўлмайди. Яқинда АҚШ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд америкаликларга хужумлар уюштираётганлар ҳақида шундай деди.

"Баас режими қолдиқлари халқ орасига сингиб, террор тармоғига айланди. Афғонистонда Ал-Қоида ва Толибон қолдиқлари танобини қандай тортган бўлсак, Ироқда ҳам Баас партияси қолдиқларини шундай танобини тортамиз".

Рамсфелд шунингдек, Ироқда америкаликларга қарши айрим ҳужумлар Эрондан мадад олаётган ва бир вақтлар Саддам Ҳусайн режимига қарши бўлган маҳаллий шиа гуруҳлари, айримлари эса "халқаро террорчилар"нинг иши бўлиши мумкин, деган таҳминни олға сурди. Яъни, Пентагон раҳбарига кўра, бу ҳаракатлар жуда тарқоқ ва уларни яҳши мувофиқлаштирилган деб бўлмайди.

Шунга қарамай, Ироқда тобора кучаяётган қаршилик ҳаракатини жиддий хавф сифатида кўраётганлар ҳам йўқ эмас. Таниқли америкалик таҳлилчи Энтони Кордесман фикрича, Ироқда америка ҳарбийларига содир этилаётган ҳужумлар у ерда уруш ҳали тугамаганини кўрсатмоқда. Унинг айтишича, Баас қолдиқлари батамом йўқ қилиниб, Саддам Ҳусайн тақдири маълум бўлмас экан, ғалаба ҳақида гапиришга эрта.

"21 асрда биз урушнинг янги турига дуч келмоқдамиз. Бу уруш кенг кўламли қуриқликдаги амалиётлардан кичик кўринишдаги террорчилик урушига айланиб бормоқда. Албатта, ғалаба бу ерда муҳим, лекин мамлакатни ишғол қилиб, президент саройи устига бошқа байроқ тикиш билан иш битмайди. Ғалаба амалда бўлиши лозим. Яъни, бунинг учун Ироқда собиқ диктатура рамзлари ва режим қолдиқлари батамом йўқ қилиниши керак."

Кордесман фикрича, давлат капитуляцияси, ҳукумат аъзоларининг таслим бўлишлари каби иборалар ҳозирда эскирган. Гарчи, Ироқда уруш расман тугаган бўлса-да, собиқ ироқ ҳарбийлари ўз мундирларини ўзгартириб тинч аҳоли қиёфасида жангларни давом эттирмоқда. Ва энг ачинарлиси, - дейди Кордесман, - улар сафи америкаликларга нафрати кучайган оддий фуқаролар хисобига ортиб бормоқда. Шундай экан, Саддам Ҳусайн тақдирини аниқлаш америкаликлар учун жуда муҳим. Чунки, ҳозирда оддий ироқликлар орасида Саддам яна ҳокимият тепасига қайтиб келади деган қўрқув хисси бор. Бу омил Ироқда демократик жамият қуришда жиддий тўсиқ бўлиши мумкин, дейди Энтони Кордесман.

"Албатта, америкаликлар учун ҳозирги вазиятда жабҳа урушлари қулайроқ. Аммо, ундай бўлмаяпти. Ҳозир, Ироқда ким душман ким дўст билиб бўлмайди", - дейди Кордесман.

Шу ўринда яна бир америкалик эксперт Леон Фуэрз Ироқдаги қаршилик холларини мувофиқлаштирилган ҳаракат деб хисоблайди. Мутахассис, Буш маъмурияти уруш тугаганидан сўнг америка ва британия аскарлари аҳолининг жиддий қаршилигига дуч келиларини кутмаганликларини қайд этади.

"Буш маъмурияти Америка халқига нималар дегани ёдингиздами. Бир томондан улар ғалабага эришиш осон бўлмаслигини таъкидлашган бўлсалар, иккинчи томондан Ироқда демократик жамият қуриш узоққа чўзилмаслигини ва яқин ойлар ичида америка қўшинлари Ироқни тарк этишини қайд этишган".

Фуэрз фикрича, агар Ироқда қурбонлар сони кўпаяверса бу Буш маъмурияти учун бу салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Чунки олтмишинчи йилларда Ветнам урушидаги мағлубият Американинг ўша пайтдаги президентлари Лин Жонсон ва Ричард Никсонлар обрўсига путур етказди. Америкада навбатдаги сайлов кампанияси яқинлашар экан, Ироқда америка аскарлари ҳалок бўлаётгани Жорж Бушнинг навбатдаги муддатга президентликка сайланишини шубҳа остига қўйиши мумкин деган таҳминларни юзага чиқармоқда.
XS
SM
MD
LG