Линклар

Шошилинч хабар
09 декабр 2019, Тошкент вақти: 23:18

Халқаро хабарлар

Россия космонавти Юрий Маленченко фазода бўлган дамда турмуш қурмасликни ваъда қилди.

Ҳозирда орбитада бўлган Маленченко Росавиакосмос расмийларига август ойида фазода бўлган даврда америка фуқаросига уйланиш ниятини билдирган эди.
Халқаро фазовий станция расмийларини бундай қарор ҳайратга келтирди. Улар фазода қурилган турмуш Россия қонунларига кўра қонуний бўлиши ёки бўлмаслигидан шубҳа билдириб, Маленченкога ерга қайтганидан кейин уйланишни маслаҳат этишган. Хабарларга кўра, космонавт маслаҳатга қулоқ солган.

Кун янгиликлари

АҚШ Лавров Вашингтонга сафар қилиши ва 10 декабрда Помпео билан учрашишини тасдиқлади

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров АҚШ давлат котиби Майк Помпео билан.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 10 декабрда Вашингтонда АҚШ давлат котиби Майк Помпео билан учрашади. Бу ҳақда Давлат департаменти вакили 9 декабрда баёнот берди.

Икки давлат бош дипломатлари “кенг қамровли минтақавий ва икки томонлама масалаларни муҳокама қилади”, дейилади баёнотда. Учрашувдан сўнг қўшма матбуот конференцияси ҳам бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

АҚШ ҳукумати расмийларига кўра, вазирлар Украина, Сурия, қурол-яроғ назорати муаммоси ҳамда айни пайтда АҚШ билан Россия ўртасидаги муносабатлар таранглигига сабаб бўлаётган бошқа масалаларни муҳокама қилади.

Лавров сафаридан сўнг Франция, Германия, Украина ва Россия раҳбарлари Украина шарқидаги ҳарбий можарони тўхтатиш мақсадида Париж саммитига йиғилади. 2014 йил апрелидан бери иккала минтақада 13 мингдан ошиқ одам ҳалок бўлди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова олдинроқ Лавровнинг 10 декабрдаги “учрашувига тайёргарлик кўрилаётгани”ни айтди, бироқ тафсилотларини очиқламади. Помпео билан Лавров сўнгги йилда бир неча марта учрашди.

Допинг сабаб Россиянинг Олимпиада ва жаҳон биринчилиги мусобақаларида қатнашиши 4 йилга тақиқланди

РУСАДА лабораторияси.

Бутунжаҳон допингга қарши кураш агентлиги (ВАДА) ижроия қўмитасининг 9 декабрдаги мажлисида допинг билан боғлиқ янги можаро сабаб Россияга нисбатан кенг миқёсли санкциялар қабул қилинди.

ВАДА ижроия қўмитаси бир овоздан Россиянинг халқаро спорт мусобақалари¸ хусусан Олимпиада ва жаҳон биринчилиги ўйинларида қатнашишини тўрт йилга тақиқлади.

Допинг можаросига тортилмаган спортчилар мусобақаларда нейтрал байроқ остида қатнашиши мумкин.

Бунга келаси йили Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинлари ҳам киради. Бундай қарорга агентликка тақдим этилган лаборатория маълумотларидаги “номувофиқликлар” сабаб бўлгани айтилмоқда.

2014 йил Сочида ўтказилган қишки Олимпиада ўйинларидан бери Россиянинг допинг билан боғлиқ можаролардан боши чиқмаяпти. Ўша ўйинлар чоғида россиялик спортчилар медалларни кўпроқ олиши учун допингдан фойдаланишига давлат ҳомийлик қилгани фош бўлган эди.

2018 йил ёзида ВАДА Россиянинг РУСАДА допингга қарши кураш агентлиги фаолиятини тўхтатиб туриш хусусидаги қарорини бекор қилди. Уч йил амал қилган қарор бекор қилиниши учун Россия 2012 – 2015 йиллардаги допингга оид маълумотлар ва намуналарни ВАДАга бериши керак эди.

Бироқ ВАДАнинг Қонун-қоидаларга амал қилинишини назорат қилиш қўмитаси 25 ноябрда Россияни Москва жорий йил январида берган айрим маълумотларни сохталаштирганликда айблаган ҳамда РУСАДАга нисбатан 4 йиллик тақиқ жорий этиш ва мамлакатни йирик халқаро мусобақалардан четлатишни таклиф қилган эди.

Минскда юзлаб одам Россия билан “интеграция”га қарши намойиш ўтказмоқда

Минскдаги намойишчилар.

Беларусь пойтахти Минскда 8 декабрь куни юзлаб одам Россия билан “чуқурлашган интеграция”га қарши норозилик намойишига тўпланди. Бунга иккала мамлакат раҳбарининг интеграция масалаларини муҳокама этаётгани сабаб бўлди. Намойишчилар¸ полициянинг ҳибсга олиш мумкинлиги тўғрисидаги огоҳлантиришларини эътиборсиз қолдирди

Путин билан Лукашенко 7 декабрда Сочи шаҳридаги учрашув бўлиб ўтган залдан баëнот бермасдан чиқиб кетди. Ҳукумат вакиллари ушбу масала юзасидан 20 декабрда президентлар яна учрашишини маълум қилди.

“Вясна” (“Баҳор”) инсон ҳуқуқи ҳимояси ташкилоти иддао қилишича, 8 декабрда 600 чоғли киши полиция оммага тарқалиш ҳақида буйруқ беришига қарамай, синхронлаштирилган марш бошлаган.

Тасвирга олинган видеода илк мустақил Беларусь давлатининг тақиқланган қизил чизиқли байроғини ва миллатнинг бошқа рамзларини кўтариб, Россия элчихонаси томон кетаётган намойишчиларнинг ихчам сафи кўзга ташланади.

Беларусь ҳали ҳам диссидентлар ва норозилик намойиши иштирокчилари таъқиб қилинадиган полиция давлати ҳисобланади.

Қирғизистонда йил бошидан бери оиладаги зўравонлик бўйича 5000 дан зиёд ҳолат қайд этилди

Иллюстратив сурат.

Жорий йилнинг 10 ойи ичида Қирғизистонда оиладаги зўравонлик бўйича 5185 та ҳолат қайд этилди. Бу ҳақда гендерга оид зўравонликка қарши кампания доирасида ўтказилган тадбирлардан бирида Қирғизистон бош вазири ўринбосари Алтинай Ўмурбекова маълум қилди.

“Эрта никоҳ, иш жойида жинсий шилқимлик, меҳнат ва сексуал эксплуатация мақсадида аёлларни сотиш ҳолатлари кўпайди. Хафа қиладиган жиҳатлардан яна бири шуки, “қиз ўғирлаш” қонунда жиноят ўлароқ кўрилганига қарамай, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам, аҳоли ҳам бу ҳолатга муросасозлик билан ёндашмоқда”, деди мулозима.

“Зўравонликка қарши 16 кун” акцияси Қирғизистонда 25 ноябрь - Аёлларга нисбатан зўравонликни бартараф қилиш учун кураш куни бошланган бўлиб, 10 декабрь - Халқаро инсон ҳуқуқлари кунигача давом этиши кутилмоқда.

Парижда Путин ва Зеленскийнинг илк учрашуви бўлиб ўтади

Украина пойтахтида ўтган митингдан лавҳа, Киев, 2019 йилнинг 8 декабри.

Франция пойтахти Париж шаҳрида 9 декабрь куни Россия ва Украина президентларининг илк учрашуви бўлиб ўтади.

Володимир Зеленский билан Владимир Путин ўртасида муҳокама қилинадиган асосий масала Украина шарқида 2014 йилдан бери 13 минг кишининг ёстиғини қуритган урушни тўхтатиш бўлиши кутилмоқда.

Париждаги музокараларда Франция президенти Макрон ва Германия канцлери Меркель ҳам иштирок этадилар.

Якшанба куни Киевда митинг ўтказган минглаб киши Зеленскийни Париж учрашувида Украина позициясини астойдил ҳимоя қилишга чақирди.

Митингчилар талаблари орасида унитар давлатни сақлаб қолиш, Россия кучлари чиқиб кетмагунича Донбассда сайлов ўтказмаслик, Қрим мақоми бўйича муроса қилмаслик, Россияга нисбатан халқаро судларнинг давом этиши кабилар бор.

Россия 2014 йили Украинага қарашли Қрим яриморолини аннексия қилган. Кўп ўтмай, Донбассда Россия томонидан дастаклаган айирмачилар ва Украина армияси ўртасида қуролли тўқнашув бошланиб, шу кунгача давом этиб келмоқда. Москва бу айирмачиларни дастаклаётганини рад этиб келади.

Ҳонконгдаги намойишга 800 минг одам чиқди

Ҳонконгда 8 декабрь куни сўнгги ярим йилдаги энг оммавий норозилик намойиши бўлиб ўтди. Намойишда, ташкилотчиларга кўра, 800 минг, полиция ҳисоб-китобига кўра эса, 183 минг киши иштирок этган. Бир кун аввал полиция, Bloomberg нашрининг хабар қилишича, 11 кишини ҳибсга олганди.

“Инсон ҳуқуқлари учун фуқаролик жабҳаси” (Civil Human Rights Front, CHRF) ташкилоти томонидан уюштирилган норозилик тадбири август ойидан бери ўтказилган илк рухсатли акция бўлиб ҳисобланади.

Олти ойдан бери давом этаётган норозилик намойишлари иштирокчилари Ҳонконгга Хитой таъсирини озайтириш, кўпроқ демократия ва эркинликлар берилишини талаб қилмоқдалар.

Ўтган вақт мобайнида минглаб намойишчи енгил жароҳатлар олган, 2,5 мингдан зиёд фаол қўлга олинган.

Эрон президенти Россиядан олинажак пулга “қаршилик бюджети”ни очишни таклиф этмоқда

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний, 20 ноябрь, 2019 йил

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний 8 декабрда парламентга “санкцияларга қарши туриш бюджети”, деб аталган лойиҳани тақдим этди.

Тахмин этишича, Россиядан олинажак кўпмиллиард долларлик кредит бу бюджет учун асосий манба бўлади.

Эронда 2020 йил мартида бошланадиган янги йил бюджети лойиҳаси АҚШнинг санкциялар босими кучаяётган пайтда тайёрланди.

Эронда ўтган ойда ёнилғи сарфини камайтириш ва унга бўлган субсидия қисқартилиши сабаб юзага келган норозилик намойишлари шафқатсизларча бостирилди.

Руҳоний ўзи таклиф этаётган бюджет лойиҳасида “нефтга жуда оз даражада қарам бўлиш” кўзда тутилганини айтди.

‒ Келаси йилги бюджет ҳам ҳозиргисига ўхшаш санкцияларга қаршилик кўрсатиш ва тиришқоқлик бюджети бўлади, ‒ деди Руҳоний давлат радиоси орқали эфирга узатилган чиқишида.

Эрон миллий пул бирлиги ва иқтисодиётига АҚШ санкциялари ва бошқа жазо чоралари қаттиқ таъсир кўрсатди.

Президент Доналд Трамп Вашингтонни Эрон билан дунёнинг етакчи давлатлари ўртасида 2015 йилда ядро дастури бўйича эришилган битимдан олиб чиққач, ўша санкциялар қайта жорий этилган эди.

Битимга қўл қўйган бошқа мамлакатлар уни қутқаришга ҳаракат қилмоқда.

Халқаро валюта жамғармаси ҳисоб-китобига кўра, Эрон иқтисодиёти ҳажми жорий йилда 10 фоизча қисқаради. Дастлаб, Эрон президентининг давлат секторида маошлар 15 фоиз оширилишини қандай қоплаши ноаниқлигича қолаётган эди. Лекин у Россиядан 5 миллиард долларлик қарз олмоқчи экани ва музокаралар тугай деб қолганини айтди.

Ўтган ойда Москва Теҳрон энергетика ва инфратузилма лойиҳалари учун 2 миллард долларлик қарз сўрагани ва бу “2015 йилда ваъда берилган 5 миллиард доллар”га етишини айтганди.

Юзлаб беларус Россия билан интеграция кучайишига қарши намойишга чиқди (ВИДЕО)

Минск, 7 декабрь, 2019 йил

7 декабрда юзлаб киши Россия билан интеграцияни кучайтириш режасига қарши норозилик билдириб, намойишга чиқди.

Бу сўнгги пайтлардаги энг йирик рухсат этилмаган митинг, деб аталмоқда.

Намойишчиларнинг кўпчилиги Беларуснинг айни пайтда тақиқланган қизил чизиқли байроғи тасвири туширилган оқ баннерлар, шунингдек, Европа Иттифоқи байроқларини кўтариб, шаҳар кўчалари бўйлаб юриш қилди.

Демократия тарафдорлари 30 йил олдин Болтиқбўйи мамлакатларининг шунга ўхшаш норозилик митингларидан илҳомланиб, шаҳарнинг марказий кўчаси бўйида қўл ушлашиб, турнақатор бўлиб турди.

Айрим хабарларга қараганда, полицияга намойишчиларни ҳибсга олмаслик буйруғи берилган. Намойишлар Россия билан Беларусь раҳбарлари Москванинг Минскка интеграцияни мустаҳкамлаш борасидаги босими ортидан ўтган ўтказилган учрашув вақтига мос келди.

Россия президенти Владимир Путин билан Беларусь президенти Александр Лукашенконинг Қора денгиз бўйида жойлашган курорт шаҳар Сочидаги музокаралари ягона давлат барпо қилишга мўлжаллангани тахмин этилаётган 1999 йилги иттифоқ шартномасининг 20 йиллигига тўғри келди.

Минск шўролардан мерос қилган эски иқтисодиёти учун Россиянинг арзон нефти ва 5 миллиард долларга яқин йиллик субсидиясига муҳтож. Иқтисодиётнинг асосий қисми давлатга тегишли, фақат бундан гуллаб-яшнаётган ахборот технологиялари соҳаси мустасно.

Ҳисобот: Саудиялик учувчи бин Ладиндан иқтибос келтирган ва видеоларини кўрган

АҚШнинг Флорида штатидаги ҳарбий-денгиз флоти базасида уч кишини ўлдиришда айбланаётган саудиялик учувчи интернетда Қўшма Штатларни танқид қилган ва ўлдирилган Усама бин Ладин сўзларидан иқтибос келтирган, дейилади терроризмни кузатиб борувчи ташкилот баёнотида.

7 декабрда АҚШ расмий вакили “Ассошиэйтед Пресс” ахборот агентлигига маълум қилишича, бу учувчи жорий ҳафта бошида зиёфат уюштириб, яна 3 киши билан бирга оммавий ўққа тутиш саҳналари акс этган видеоларни томоша қилган.

6 декабрда саудиялик учувчи Пенсакола ҳарбий-денгиз флоти аэродромидаги машғулотлар хонасида тўппончадан ўт очди. Ҳокимият идоралари қуролланган учувчини шерифнинг ўринбосари отиб ўлдирганини маълум қилди.

АҚШ ҳукуматининг исми ошкор этилишини истамаган икки вакили қуролланган кишининг исми кичик лейтенант Муҳаммад Саид Алшамраний эканини айтди.

Флорида губернатори Рон ДеСантис фикрича, гумонланувчи ҳарбий базада АҚШнинг иттифоқчиларига мўлжалланган ҳарбий-денгиз флоти дастури доирасидаги ўқув машғулотларида қатнашаётган бўлган.

Федерал терговчилар 6 декабрда рўй берган ҳужум сабабини очиқламади. АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер фожиани террорчилик амали, деб аташга тайёр эмаслигини билдирди.

Ҳодисанинг икки давлат ўртасидаги муносабатларга таъсир қилиши мумкинлиги айтилмоқда. Зеро, сунний мусулмонлар истиқомат қиладиган Саудия Арабистони АҚШнинг яқин иттифоқчисидир. Вашингтон эса минтақавий рақиби Теҳронга қарши туришда Риёдга таянади.

Киев сепаратчилар асир олинган аскарларини ўлдирганини кўрсатувчи далилларни халқаро судга юборди

Иловайск-2014. "Донбасс" батальони" фильмидан олинган кадр.

Украина шарқида Россия қўллаб келаётган сепаратчилар асир олинган украин аскарларини ўлдирганини кўрсатувчи далилларни Киев Халқаро жиноят ишлари судига юборди.

Украина Бош прокуратураси 2014 ҳамда 2015 йилларда сепаратчилар асирга олган тўққиз украин аскарини ўлдиргани акс этган фото ва видео далиллар Ҳаагадаги судга юборилганини маълум қилди.

Прокуратура билдирувига кўра, тўпланган далиллар орасида Украина аскарлари қўлга олингани акс этган видео ва суратлардан ташқари, гувоҳлар кўрсатмалари ҳамда асирлар қатл қилинганини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар ҳам бор.

2015 йил Amnesty International ташкилоти Украина шарқида сепаратчилар асирларни қатл этганини кўрсатувчи далилларни қўлга киритганини хабар қилган эди.

Россия 2014 йилдан бери Украина шарқида Киев кучларига қарши курашаётган россияпараст сепаратчиларни қўллаб келади. Тўқнашувларда бугунга қадар 13 мингдан ошиқ одам ҳалок бўлган.

Қирғизистонда икки собиқ бош вазир қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Собиқ бош вазир Сапар Исақов 15 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Бишкек суди собиқ бош вазир Сапар Исақовни коррупцияда айбдор деб топиб, 15 йилга озодликдан маҳрум қилди. Шунингдек, Свердлов тумани судьяси Инара Гилязетдинова чиқарган ҳукмга биноан Исақовнинг мулки мусодара қилинади, ҳамда у дипломат мақомидан маҳрум қилинади.

Судда собиқ президент Алмазбек Атамбаевга яқин эканлиги айтилаётган бошқа собиқ расмийларга ҳам ҳукм ўқилди. Хусусан, Гилязетдинова собиқ бош вазир Жанторо Сатибалиевни 7,5, Миллий энергия холдинги собиқ раҳбари Айбек Калиевни 15 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Яна бир неча расмий 2,5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди, айримларига эса жарима солинди.

Бу расмийлар 2013 йилдан бошлаб Бишкек иссиқлик электр марказини қайта таъмирлаш лойиҳаси доирасида Хитой ширкати манфаатларини қўллаб, Қирғизистон ҳукумати ва жамиятига моддий зиён етказишда айбланган эди.

НАТО ҳисоботи: Ижтимоий тармоқ ширкатлари ўз платформаларида манипуляцияга қарши етарлича курашмаяпти

НАТО қошидаги Стратегик коммуникация маркази ижтимоий тармоқларга доир ҳисобот эълон қилди. Унда жаҳондаги энг йирик ижтимоий тармоқ ширкатлари ўз платформаларида маълумот манипуляциясига қарши етарлича курашмаётгани айтилган.

6 декабрь куни эълон қилинган ҳисоботда ижтимоий тармоқлардаги манипуляция сайловларга таъсир ўтказиш, жамоатчилик фикрини қутбларга бўлиш ҳамда легитим сиёсий мунозараларни издан чиқариш йўлида янги қуролга айлангани айтилади.

Ҳисобот АҚШ, Британия ва бошқа бир неча давлат сайловларга тайёрланаётган бир пайтда эълон қилинди. Бундан аввалги сайловларда, хусусан, 2016 йилги АҚШ президенти сайловида ҳамда 2016 йилги Брексит референдуми давомида Россия сайловчилар фикрига ижтимоий тармоқлар орқали таъсир ўтказиш кампанияларини ўтказди.

Тадқиқотчилар тўрт ой давомида Facebook, Instagram, YouTube ва Twitter платформаларида манипуляция хизматларини кўрсатувчи ширкатлар фаолиятини кузатган. Уларнинг хулоса қилишича, бундай ширкатларнинг ғаразли фаолияти кўп ҳолатларда аниқланмайди. Бу эса ўз мақсадига эришиш учун бошқаларга яширин таъсир ўтказувчи гуруҳлар демократик жараёнларга тўсқинлик қилишига йўл очиб беради.

АҚШ Яқин Шарққа бир неча минг қўшимча аскар юбориши мумкин

АҚШ Эроннинг Яқин Шарқдаги ҳаракатларига доир хавотирлар туфайли минтақага бир неча минг қўшимча аскар юбориш масаласини кўриб чиқмоқда.

5 декабрь куни АҚШ мудофаа вазири ўринбосари Жон Вуд Конгрессда қилган чиқишида Вашингтон Эрон ҳаракатларини “хавотир билан кузатиб келаётганини” айтди.

Руд қанча аскар юборилишини очиқламади, аммо Пентагон минтақага 14 минг аскар жўнатишни режалаштираётгани ҳақидаги хабарларни рад этди.
Пентагон матбуот котиби Алисса Фараҳ мудофаа вазири Давид Эспер ҳам бу хабарни рад этганини билдирди.

Исми ошкор қилинмаган расмий AFP агентлигига интервью бериб, 5-7 минг аскар юборилиши мумкинлигини айтди. Расмий аскарлар қачон ва айнан қаерга сафар қилишини очиқламади. Унинг сўзларига кўра, кўпроқ аскар юбориш тўғрисида қарор қабул қилинишига Эрон қувватлаётган гуруҳлар АҚШ объектларига ҳужум қилаётгани сабаб бўлган.

АҚШ минтақага жорий йилнинг майидан бери 14 минг аскар юборди.

"Кокаин қироли"нинг укаси буклама телефон чиқарганини эълон қилди

Роберто Эскобар асос солган Escobar Inc. ширкати дисплейи букиладиган Escobar Fold 1 телефонини тақдим этди. Android операцион тизимида ишлайдиган телефоннинг чакана нархи 349 доллар эканлиги хабар қилинди.

Телефон рекламаси Москвада рус моделлар иштирокида олинган

Роберто Эскобар ўзини Apple ширкатининг асосий рақиби деб ҳисоблайди. Эскобар Samsung ширкати эълон қилган Galaxy Fold телефони ўта тез ишдан чиқишини айтиб, ширкат ходимларини “аҳмоқлар” деб атади.

Escobar Inc. ширкатининг директори Олоф Густефссоннинг сўзларига кўра, телефон экрани махсус пластикдан ясалган бўлиб, ўта чидамлидир. Унинг иддао қилишича, телефонни фақат олов билан йўқ қилиш мумкин.

Escobar Fold 1 телефонини Escobar Inc. ширкатининг расмий сайтида харид қилиш мумкин.

Ширкат сайтида Роберто Эскобар компанияга 1984 йилда асос солгани айтилади.

Робертонинг акаси, колумбиялик Пабло Эскобар гиёҳванд моддалар савдосидан бойиб кетган таниқли жиноятчи бўлган. У 1976 йилда Медельин кокаин картелини тузган. 71 ёшдаги Роберто Эскобар эса, картелнинг асосчиларидан бири ҳамда ҳисобчиси бўлган.

1980 йиллар ўртасида ушбу картель жаҳон бўйлаб кокаин савдосининг 80 фоизини назорат қилган. Шу сабаб Пабло Эскобар “Кокаин қироли” лақаби билан танилган.

Тоқаевнинг сўзларидан кейин қозоқ элчиси Украина Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди

Қозоғистоннинг Киевдаги элчиси Самат Ўрдабаев 5 декабрь куни Украина Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди.

Киевлик дипломатлар “Қозоғистоннинг Украина Қрими Россия томонидан ноқонуний аннексия қилинишига нисбатан тутган позицияси”дан жиддий ташвишга тушганларини билдирган.

Украина ТИВ матбуот хизматининг маълум қилишича, учрашув чоғида томонлар икки томонлама муносабатлар истиқболи ва халқаро ташкилотлардаги ҳамкорлик масалаларини ҳам муҳокама қилганлар.

Учрашув якунида томонлар мустақиллик, давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва чегаралар бузилмаслигини ҳурмат қилиш позициясига содиқ эканларини билдирганлар.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 4 декабрь куни Deutsche Welleга берган интервьюсида Қримдаги ҳодисаларни “аннексия” деб ҳисобламаслигини айтганди. Бу мулоҳаза халқаро доираларда шов-шувларга сабаб бўлди.

“Биз Қримда юз берган ҳодисани аннексия, деб ҳисобламаймиз. Бўлар иш бўлди. Аннексия сўзи Қримга нисбатан жуда оғир сўз", деганди Тоқаев.

Расмий Киев Тоқаевнинг бу сўзлари юзасидан ташвиш изҳор қилган, Россия томони эса Қозоғистон президентининг сўзларини хуш қарши олган.

Бу орада қозоғистонлик рассом Асхат Ахмедьяров пайшанба куни Нур-Султондаги Украина элчихонаси биноси олдига украин тилида “Вибачте за нього” (“Унинг учун кечиринглар”) сўзлари ёзилган ва эшакники экани тахмин этилмиш бош тасвири туширилган плакат билан келди. Журналистларга интервью берган Ахмедьяров Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Қрим борасида айтган сўзлари учун Украина халқидан кечирим сўрашга келганини айтган.

Рассомга элчихона деворлари олдида плакатни ёйишга имкон беришмаган. У ўша заҳоти махсус қўриқчилик хизмати ходимлари томонидан тутилиб, қўлидаги плакати тортиб олинган. Ташқарига чиққан элчихона вакиллари йиғилганларни тарқалишга чақиришган ва ҳодиса юзасидан изоҳ беришмаган.

Ҳодиса жойига етиб келган полициячилар Ахмедьяровни ушлаб кетишмаган. У ўз машинасига ўтириб, жўнаб кетган. Унга плакат қайтарилмаган. Полиция ҳам бу борада баёнот бермаган.

Ахмедьяров плакатидаги ёзув ва расм Қрим-татар халқи мажлиси раҳбари Рефат Чубаровнинг баёнотига шаъма экани тахмин қилинмоқда. У Тоқаевнинг “аннексия - Қримга нисбатан жуда оғир сўз” жумласи юзасидан изоҳ берар экан, «Dedelerımız söyler edı: eşekten at olmaz...» (Боболаримиз айтарди «Эшак ҳеч қачон от бўлмайди» деб) деганди.

Озарбайжонда парламент сайлови 9 февралга белгиланди

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 5 декабрь куни парламентни тарқатиб юбориш ва муддатдан аввалги сайлов кунини белгилашга оид фармонни имзолади. Президент сайтида эълон қилинган фармонга мувофиқ, муддатдан аввалги парламент сайловлари 2020 йилнинг 9 февралига белгиланган.

Бир неча кун аввал озарбайжонлик депутатлар парламент тарқатилиши ва мамлакатда муддатдан аввал сайловлар ўтказилишини сўраб, президент Алиевга мурожаат билан чиққандилар. Ўшанда ҳукмрон “Янги Озарбайжон” партияси бу қадам парламент таркибининг “янгиланиши” учун зарурлиги, бошқарувдаги кадрлар ўзгариши эса “халқ томонидан ижобий кутиб олиниши”ни билдирганди.

Демократик кучлар миллий кенгаши (ДКМК) тамсил этган мухолифатчилар эса муддатдан аввалги сайловларга қарши чиққан.

Уларга кўра, муддатдан аввалги сайловлар Алиевлар оиласи ҳукмронлигини янада мустаҳкамлайди.

ДКМК вакиллари фикрича, муддатдан аввалги парламент сайловлари демократик ислоҳотлар ўтказилишига эмас, балки ҳокимиятни битта оила қўлида жамланишига қаратилган қадамдир.

Арманистон собиқ президенти давлат мулкини ўзлаштирганликда айбланмоқда

Арманистонни 10 йил бошқарган Серж Саркисян 2018 йилги халқ инқилоби орқали ҳокимиятдан ҳайдалган эди.

Арманистон Махсус тергов хизмати мамлакат собиқ президенти Серж Саркисяннинг расман коррупцияда айбланаëтганини эълон қилди.

Ўтган йилги “бахмал инқилоби” натижасида ҳокимиятдан ағдарилган Саркисян 1 миллиондан ошиқ давлат маблағини ўзига яқин бизнес компанияси воситасида ўзлаштирганликда айбланмоқда.

Айтилишича¸ 2013 йили ўғирланган бу маблағ фермерларга субсидияланган дизел ëнилғиси ажратишга мўлжалланган бўлган.

Саркисян бу айбловни рад қилмоқда. Агар бу айблов судда тасдиғини топса¸ собиқ президент 4 йилдан 8 йилгача қамалиши мумкин.

Арманистоннинг собиқ ҳукмрон Республикачилар партияси эълон қилган баëнотда¸ партия раҳбарига қўйилган бу айб “сиëсий таъқиб ифодаси” деб баҳоланган.

2008-2018 йилларда Арманистонни бошқарган Серж Саркисян мамлакатни тарк этмаслик ҳақида расмий тилхатга қўл қўйган ва ҳозирча очиқда қолмоқда.

Инқилоб ортидан президентликка келган жорий президент Никол Пашинян ҳокимият тепасидаги коррупцияга қарши кескин кураш эълон қилди.

Айни пайтда Арманистон яна бир собиқ президенти Роберт Кочарян ҳам тергов фигурантига айланган.

Саркисяндан олдин Арманистонни 10 йил бошқарган Кочарян 2008 йил февралида ўтказилган президент сайловлари натижасига қарши чиққан намойишчиларга куч қўллаганликда айбланмоқда. Тўқнашувлар оқибатида 8 нафар намойишчи¸ икки полициячи ўлдирилган эди.

Украина Қозоғистон президентининг Қрим ҳақидаги баëноти хусусида хавотир билдирди

Қозоғистон иккинчи президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Россия президенти Путин билан.

Украина ҳукумати Қозоғистон президентининг Қрим ҳақидаги баëноти хусусида хавотир билдирди.

Қасим-Жомарт Тоқаев 4 декабрь куни Deutsche Welleга берган интервьюсида Қримнинг 2014 йил мартида Россия таркибига қўшиб олинишини “аннексия” деб ҳисобламаслигини айтди.

-Украина Қозоғистонни доим ўз шериги ва дўсти сифатида кўриб келган. Украина ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги давлатлараро муносабатлар ўзаро ишонч¸ мустақилликка ҳурмат¸ давлат суверенитети¸ ҳудудий яхлитлик ва чегаралар дахлсизлиги принциплари устига қурилган¸ дейилади Украина Ташқи ишлар вазирлиги баëнотида.

4 декабрь кунги суҳбатда Қозоғистон иккинчи президенти:

- Биз Қримда юз берган ҳодисани аннексия деб ҳисобламаймиз. Бўлар иш бўлди. Аннексия сўзи Қримга нисбатан жуда оғир сўз, деди жумладан.

2014 йил март ойида Украина ҳудуди бўлган Қрим ярим оролининг Россия томонидан аннексия қилиниши халқаро ҳамжамият томонидан қораланган эди.

Кремлнинг бу ҳаракатига жавобан АҚШ ва Европа давлатлари Россияга нисбатан кескин иқтисодий санкциялар жорий қилган.

Францияда пенсия реформасига қарши умумиллий иш ташлаш бошланди

5 декабрь куни Франция бўйлаб 250 ка яқин норозилик намойишлари ўтказилиши кутилмоқда.

5 декабрь куни бошланган умумиллий иш ташлаш оқибатида Франция транспорт тизими фалаж ҳолга тушди¸ мактаб ва касалхоналар фаолиятида узилишлар кузатилди. Париж метро ва автобус бекатларида хизмат кўрсатиш деярли тўхтатилди.

Францияда кейинги йилларда кузатилган энг йирик иш ташлашда транспорт ходимларидан ташқари ўқитувчи ва врачлар ҳам қатнашмоқда. Иш ташловчилар президент Макроннинг пенсия ислоҳотларига норозилик билдирмоқда.

Президент Макрон мамлакатда универсал пенсия тизими жорий қилмоқчи. Бу реформа айрим касб эгаларининг катта нафақа билан белгиланган ëшдан олдинроқ пенсияга чиқишига барҳам беришни кўзда тутади.

Иш ташлашни уюштирган касаба уюшмалари бу ўзгариш миллионлаб ишчининг пенсия ëшидан кейин ҳам ишлаш ëки қисқартирилган пенсияга кўнишга мажбурлашини айтмоқда. Францияда пенсия ëши 62 қилиб белгиланган.

Ҳукумат тахминича¸ мамлакат бўйлаб пенсия реформасига қарши 250 ка яқин норозилик чиқишлари бўлади. Улардан айримларининг зўравонликка айланиш эҳтимоли борлиги айтилмоқда.

Биргина пойтахт Парижда намойишларнинг тинч ўтишини таъминлаш мақсадида 6000 дан кўпроқ хавфсизлик кучлари сафарбар қилинди.

1995 йили пенсия реформаларига қарши бошланган иш ташлаш уч ҳафта давом этган ва ҳукумат ўз қарорини ўзгартиришга мажбур бўлган эди.

RFE/RL: "Хориж агентлари тўғрисида”ги янги қонун Россиядаги журналистлар хавфсизлигига таҳдид солмоқда

Озодликнинг Москвадаги бюроси.

Россиянинг "Хориж агентлари тўғрисида”ги янги қонуни Озодлик радиоси ҳамда RFE/RL медиакорпорациясининг бошқа лойиҳалари билан ҳамкорлик қилаётган юзлаб журналистга нисбатан босимни кучайтиради. Бу ҳақда Озод Европа/Озодлик радиоси президенти Жейми Флайнинг баёнотида айтилган.

Қонун мухбирлар фаолиятига қарши қаратилган ва уларнинг хавфсизлигига таҳдид солмоқда, дея урғулайди Флай.

Озодлик радиоси Москвада ўз бюросига эга ва маҳаллий янгиликларни ёритиш учун Россиянинг турли минтақаларидаги мухбирлар билан ҳамкорлик қилади. Сўнгги йилларда Озодлик Россиянинг шимолий ва Сибирь вилоятларидаги ҳаёт ҳақида материалларни чоп этиш учун янги лойиҳалар - “Север.Реалии” ва “Сибирь.Реалии” сайтларини ишга туширган. Озодликнинг минтақалардаги мухбирлари давлат оммавий ахборот воситалари четлаб ўтадиган кўплаб муҳим муаммолар ҳақида хабар тарқатадилар, дейилади баёнотда.

“Янги қонун кўплаб журналистларнинг овозини ўчириш ва муштарийларнинг турли манбалардан ахборот олиш ҳуқуқидан маҳрум қилишга қаратилган ҳаракатдир”, дея қайд этади Флай.

Шу йилнинг 2 декабрь куни Россия президенти Владимир Путин хориж агенти ўлароқ тан олиниши мумкин бўлган оммавий ахборот воситалари рўйхатини кенгайтиришга оид қонунни имзолади. Қонун “хориж агенти” бўлган оммавий ахборот воситалари материалларини тарқатаётган, уларни ёзаётган ҳамда хорижий ташкилот ва ширкатлардан пул ёки мол-мулк олаётган жисмоний шахслар ҳам “хориж агенти” дея эътироф этилиши мумкинлигини кўзда тутади. Озод Европа/Озодлик радиоси ўша пайтда ҳар қандай шароитда ҳам Россиядаги фаолиятини давом эттиришини билдирган.

Ноябрь ойи охирида 10 та халқаро журналистик ва инсон ҳуқуқлари ташкилоти (улар орасида Amnesty International, Human Rights Watch, Чегарасиз мухбирлар ва Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси каби нуфузли ташкилотлар бор) Россия расмийларини қонунга тузатиш киритиш ишидан воз кечишга чақирган.

Чет элдан молиялаштириладиган оммавий ахборот воситаларини “хориж агенти” ўлароқ тан олишга оид қонун 2017 йил ноябрида қабул қилинганди. Россия Адлия вазирлиги ҳозирги пайтда “Америка овози” ҳамда Озод Европа/Озодлик радиоси медиакорпорациясига қарашли 9 таҳририятни “хориж агенти” рўйхатига қўшган.

Вазирлик реестрига кирган ташкилотлар ўз молиявий фаолияти тўғрисида вақти-вақти билан ҳисобот топшириши ҳамда ўз мақолаларида ўзларининг “хориж агенти” эканларини кўрсатишлари шарт. Бу талабни бузганларга катта миқдорда жарима солинади.

Қозоғистон президенти Қрим аннексия қилинмаган, деб ҳисоблайди

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 4 декабрь куни Deutsche Welleга берган интервьюсида 2014 йил мартида ҳодисаларни “аннексия”, деб ҳисобламаслигини айтди. Бу ҳодисалар оқибатида яриморол Украинадан аннексия қилиниб, Россия таркибига қўшиб олинганди.

“Биз Қримда юз берган ҳодисани аннексия, деб ҳисобламаймиз. Бўлар иш бўлди. Аннексия сўзи Қримга нисбатан жуда оғир сўз", деди Тоқаев.

“Украинада юз берган ҳодисалардан Қозоғистон ҳукумати қўрқиб кетганми?” деган саволга жавоб берар экан, у ҳеч қандай қўрқув бўлмаганини айтди.

"Таъкидлаб ўтганимдек, биз Россия Федерацияси билан мутлақ ишончли, яхши қўшничилик муносабатларига эгамиз. Аввал-бошданоқ биз Россия раҳбариятининг оқиллиги ва одиллигига ишонганмиз", дея қўшимча қилди Тоқаев.

Россия 2014 йил мартида Украинанинг Қрим яриморолини ҳарбий либосдаги қуролли шахслар (“хушмуомала кишилар”) иштирокида ўтказилган “референдум” натижаларига кўра аннексия қилган. Референдумда Қримдаги сайловчиларнинг 96,77 фоизи Россияга қўшилишни ёқлаб овоз берган.

Халқаро ташкилотлар Қрим аннексия қилинганини эътироф этиб, Россиянинг бу борадаги хатти-ҳаракатларини танқид қилиб келади, Ғарб мамлакатлари эса Қрим аннексиясидан кейин Россияга нисбатан иқтисодий санкциялар жорий қилган. Украина ҳалигача яриморолни вақтинча оккупация қилинган ўз ҳудуди, деб ҳисоблайди.

Германия Россия элчихонасининг икки ходимини бадарға қилди

Россиянинг Берлиндаги элчихонаси.

Германия Берлинда чеченистонлик шахснинг ўлдирилишига Россия алоқадорлиги ҳақидаги иддаолар тарқалиши ортидан икки рус дипломатини бадарға қилди.

4 декабрь куни Германия Ташқи ишлар вазирлиги Берлиндаги Россия элчихонасининг икки ходими исталмаган шахс (personae non gratae) деб топилганини маълум қилди.

Иккинчи чечен урушида русларга қарши жанг қилган рота командири Зелимхан Хангошвили жорий йилнинг августида Берлинда отиб ўлдирилган эди. Орадан кўп ўтмай ҳужумни амалга оширишда гумонланиб Россия фуқароси қўлга олинди.

Германия Ташқи ишлар вазирлиги билдирувида “Россия расмийлари кўплаб юқори-лавозимли идораларга юборилган илтимосларга қарамасдан, қотиллик терговида етарлича иштирок этмагани учун Федерал ҳукумати мазкур чорани кўрди”, дейилади.

Ҳафта бошида Германия ҳамда хорижий матбуот нашрлари қотиллик ортида “хорижий разведка хизмати” тургани ошкор бўлгани, шу сабаб иш прокуратурага оширилганини хабар қилди.

Германия матбуоти Хангошвили қотиллигини 2018 йилда Англияда собиқ Россия жосуси Сергей Скрипалнинг заҳарланишига қиёсламоқда. Россия ҳукумати бу жиноятларга алоқаси йўқлигини таъкидлаб келади.

Афғонистонда япониялик ёрдам ташкилоти раҳбари ўлдирилди

Тетсу Накамурани олиб кетаётган машинага қилинган ҳужум натижасида беш афғонистонлик ҳам ҳалок бўлди. Жалолобод шаҳри, 2019, 4 декабрь.

Афғонистонда узоқ йиллар давомида аҳоли турмушини яхшилашга ҳисса қўшиб келган япониялик ёрдам ташкилоти раҳбари ҳалок бўлди.

Афғонистон расмийларининг маълум қилишича, Нангарҳор вилояти маркази Жалолобод шағрида Тетсу Накамурани олиб кетаётган машинага қилинган ҳужум натижасида беш афғонистонлик ҳам ҳалок бўлган. Ҳужум 4 декабрь куни эрталаб Жалолобод шаҳрида амалга оширилган.

“Тинчлик” япон тиббий хизмати нодавлат ташкилотига раҳбарлик қилган Накамура машинасига қилинган ҳужумда унинг икки тансоқчиси, машина ҳайдовчиси ва яна бир шахс ҳалок бўлган.

Ҳужум учун масъулиятни ҳали ҳеч ким ўз бўйнига олгани йўқ.

Накамура Нангарҳор вилоятида 10 йилдан ошиқ қишлоқ хўжалиги ҳамда сув бошқаруви соҳаларида ишлаб келган. Яқинда президент Ашраф Ғани уни фахрий Афғонистон фуқаролиги билан тақдирлаган эди.

АҚШ Конгрессида Хитойга Шинжондаги вазият туфайли санкция жорий қилишга чақирувчи қонун лойиҳаси қабул қилинди

Хитой. Хавфсизлик кучлари Қашқар шаҳридаги қадимий масжид олдидан ўтиб кетмоқда.

3 декабрь куни АҚШ Намояндалар палатаси Хитойга айрим маҳсулотлар экспортига чеклов қўйишга ҳамда юқори лавозимли расмийларга қарши санкция жорий қилишга йўл очувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Қонунга Хитойда мусулмонлар, хусусан, уйғурлар ҳуқуқларининг поймол қилинаётгани сабаб бўлди.

“2019 йилги Уйғур акти”да Пекин Шинжон-Уйғур мухториятида уйғурлар ва бошқа мусулмон миллатлар ҳуқуқларини бузаётгани учун кескин танқид қилинди. Хабарларга кўра, Хитойда миллион нафардан ортиқ уйғурлар ва бошқа мусулмонлар “қайта тарбиялаш лагерлари”да сақланмоқда.

407-1 овоз билан қабул қилинган қонун лойиҳаси сентябрь ойида АҚШ сенатида маъқулланган қонуннинг кескинроқ версиясидир. Эндиликда икки қонун лойиҳаси бирлаштирилиб, АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан имзоланиши ёки унга вето қўйилиши керак.

Хитой қонун лойиҳасини кескин танқид қилди. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби 4 декабрь куни эълон қилган билдирувда “АҚШни зудлик билан ўз хатоларини тузатишга, юқорида тилга олинган Шинжонга доир қонун лойиҳаси кучга киришига йўл қўймасликка ҳамда Шинжон билан алоқадор масалалар ёрдамида Хитойнинг ички ишларига аралашмасликка чақирамиз”, дейилади.

Хитой расмийлари лагерлар мавжудлигини тан олган, аммо улардан аҳолини “қайта тарбиялаш” мақсадида фойдаланаётганини айтиб, уйғурлар ҳуқуқлари бузилаётганини рад этиб келади.

Импичментга оид суриштирув: Трамп суиистеъмолда айбланмоқда

АҚШ президенти Дональд Трамп.

Президент Дональд Трампга нисбатан импичмент эҳтимоли бўйича суриштирув ўтказган АҚШ Конгресси Намояндалар палатаси қўмиталари 3 декабрь куни суриштирув натижаларига оид ҳисоботларини эълон қилдилар.

Ҳужжатда Трамп президентлик ваколатларини суиистеъмол қилгани ҳамда Конгрессда ўз фаолияти юзасидан суриштирув ўтказилишига тўсқинлик қилгани иддао этилади. Бу икки айблов президент импичменти учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Ҳисобот Намояндалар палатаси юридик қўмитасига топширилади, қўмита эса бу борада ўз тингловларини ўтказади. Тинглов натижаларига кўра, қўмита импичмент моддаларини тузиб чиқиши ҳамда бу моддаларни овоз бериш учун палатага олиб чиқиши кутилмоқда.

“АҚШнинг 45-президенти Дональд Трамп шахсан ёхуд ҳукумат ва унинг ташқарисидаги ўзига тобеъ кишилар орқали ҳаракат қилароқ, хорижий давлат бўлган Украинанинг 2020 йилдаги АҚШ президенти сайловига аралашиши учун воситачилик қилган”, дейилади ҳужжатда.

Ҳужжатда айтилишича, президент қайта сайланишга эришиш, сайловларда ўз рақиби истиқболи учун ғов яратиш ҳамда ўз фойдаси учун сайловларга таъсир кўрсатиш йўлида ҳаракатланган.

Ҳужжат муаллифлари Трамп ўз рақиби, демократ Жо Байденга зарар етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатларни амалга ошириш юзасидан Украинага босим ўтказгани исботланди, деб ҳисоблайдилар. Ҳисоботда Киевга босим пишангларидан бири Украинага АҚШ ҳарбий ёрдамини тўхтатиб қўйиш бўлгани урғуланган. Конгрессдаги тингловларда қатор гувоҳлар Трамп Украина расмийларидан Байден ўғлининг Украинадаги фаолиятини текширишни талаб қилганини айтганлар.

Айни пайтда ҳисоботда импичмент моддаларини тузиш бўйича аниқ тавсиялар берилмаган ва ҳатто Трамп импичментга тортилиши шартлиги хусусида тўғридан-тўғри айтилмаган.

Намояндалар палатасида кўпчиликни демократлар ташкил этади. Республикачилар ва Трампнинг ўзи аввалроқ мазкур айбловларни рад этган. Оқ уй ҳужжат суриштирувга оид расмий ҳисоботга эмас, балки “хонаки блогернинг валдираши”га ўхшашини билдирган.

Импичмент қарори олинган тақдирда ҳам президент Трампни лавозимдан четлатиш қарорини республикачилар кўпчиликни ташкил этган сенат қабул қилиши лозим бўлади.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG