Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:10

ГАРОВДАГИ САВДОГАРЛАР


Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасининг Қорасув шаҳридаги Шаҳрихонсой пунктида 16 июл куни юз берган фожиа - ўзбекистонлик чегарачининг қирғизистонлик фуқарони отиб қўйгани туфайли икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида бошланган ноталар жанги тўғрисида аввалги эшиттиришларимизда ҳикоя қилдик.

Бугун фожиа юз берган жойдан бироз ичкарига, Қирғизистоннинг Қорасувидаги бозорга кирмоқчимиз. (Шаҳрихонсойнинг бошқа соҳили - Ўзбекистоннинг Қорасуви).

Қирғизистоннинг Қорасув бозори минтақадаги энг катта улгуржи бозорлардан биридир. Бу ерда Эрон, Туркия ва асосан, Хитойдан келтирилган моллар билан савдо қиладилар.

Кейинги йилларда Қирғизистонда Хитой моллари олди-сотдиси билан шуғулланувчи йирик савдогарлар пайдо бўлди. Улар ўн минглаб, юз минглаб доллар маблағни айлантирадилар.

Оддий харидорлар уларнинг қимматбаҳо машиналарда юришини, данғиллама уйлар қураётганини кўради. Бироқ, топилаётган катта пул ортида қандай заҳмат ётгани кўпчилик назаридан четда.

Ҳамма савдогарнинг ҳам иши бирдай юришавермайди. Қирғизистонлик баъзи савдогарларнинг олган товари ўрнига хитойлик савдогарлар қўлида ойлаб, йиллаб гаровда сақлаб турилгани тўғрисида кўплаб маълумотлар бор.

Қирғизистон республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик бошқармаси бошлиғи Руслан Қозоқбоевнинг билдиришича, баъзи савдогарлар Хитойнинг Шинжон-Уйғур районига бориб, ўнлаб минг долларлик товарни насяга олиб, унинг ўрнига гаров сифатида қариндош -уруғини ёки ҳамкорини қолдиришади. Бундайлар 35-40 нафар атрофида, - дейди Руслан Қозоқбоев.

Хитойлик савдогарлар, деб давом этади Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили, одатда гаровда қолган кишиларнинг паспортларини олиб қўядилар, ўзларини уйда ҳибсда сақлагандай сақлайдилар. Бироқ, гаровдагилар қийноққа солингани тўғрисида маълумот йўқ, - дейди Руслан Қозоқбоев.

Бироқ, шундай бўлсада, баъзи ҳолларда товарни олган савдогар пулини Хитойга олиб бориб, гаровдаги шеригини озод қилгунича, ойлаб, ҳатто йиллаб вақт ўтиб кетиши мумкин. Ана шундай ҳолларда гаровдагилар ватанга қочишга ҳаракат қилиб қоладилар.

Руслан Қозоқбоевга кўра, шу йилнинг июнь-июль ойларида гаровдан қочиб, Хитой-Қирғизистон чегарасини кесиб ўтишга ҳаракат қилган 5 фуқаро қўлга тушган.

Интимоқ Молдобаев 15 июль куни чегаранинг Норин вилоятидаги пунктида қўлга тушди. Қирғизистон республикаси Чегара хизматининг Норин вилояти бўлими бошлиғи Чўлпўнбек Турусбековдан олинган маълумотларга қараганда, Интимақ Молдобаев 2001 йилдан буён гаровда ушлаб турилган. Охир-оқибат у Қирғизистонга келадиган бир ҳайдовчи билан гаплашиб, унинг юк машинасида хуфя сандиқ ясашган ва ўшанга яшириниб йўлга чиққан.

Чўлпўнбек Турусбеков чегарани кесиб ўтиш пайтида қўлга тушган қирғизистонликлар жиноятчи эмас ва уларга нисбатан шу позициядан туриб муомала қилиш лозим, деб ҳисоблайди:

- Бу кишилар жиноятчи эмас, мамлакатимиз учун ёмонлик қилганлари йўқ, чегарачилар қўлга олаётганларида қаршилик кўрсатишмади, шунинг учун мазкур иш бўйича хулоса чиқаришда мен бу кишиларга нисбатан маъмурий чорагина кўриш лозим, деб ёзаман, - дейди Қирғизистон Чегара хизмати вилоят бўлими бошлиғи Турусбеков.

Хитойда товар ўрнига гаровда ушлаб туриладиган қирғизистонликларни одам савдоси қурбонлари дейиш мумкинми? Халқаро миграция ташкилотининг Бишкекдаги ваколатхонаси вакили Дамира Сманалиева бу саволга ҳозирча аниқ бир жавоб беролмаслигини, ташкилотнинг социологлари бу масалани ўрганишаётганларини билдирган.
XS
SM
MD
LG