Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:01

ҚОНЛИ СУРАТЛАР: УДАЙ ва ҚУСАЙДАН ҚОЛГАН СЎНГГИ ËДГОРЛИК !?


Хабарингиз бор¸ АҚШ расмийлари Ироқ диктатори Саддам Ҳусайннинг иккала ўғли – 39 яшар Удай ва 37 яшар Қусайнинг сешанба куни Ироқ шимолидаги Мосул шаҳрида ўлдирилганини даъво қилмоқдалар.

Ана шу иддаони далиллаш мақсадида Ироқдаги АҚШ муваққат маъмурияти 24 июл куни Удай ва Қусайники деб айтилаëтган икки жасаднинг қонга беланган суратларини эълон қилди.

Дастлаб Бағдод кўчаларига тарқатилган бу фотосуратлар¸ тезлик билан жаҳон телеэкранларида пайдо бўлди.

Аммо бу ҳаракат суратни қўлга олган кўпчилик ироқликларни Саддам ворислари ўлдирилганига ишонтириш учун етарли бўлмади. Айни пайтда¸ кўрган одамнинг этини жунжиктирадиган бундай қонли суратларнинг намойиш этилиши кўплаб ахлоқий саволларни ҳам кун тартибига қўйди.

Мазкур қарорга шарҳ берар экан АҚШ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд¸ уни қабул қилиш қийин бўлгани¸ аммо қарорнинг тўғрилигига ишонишини айтди.

Рамсфелд : - “Удай ва Қусай¸ айниқса бешавқат кимсалар эди. Улар энди жонсиз мурда. Биз буни биламиз. Улар мурдаси синчковлик билан текширилди. Ироқ халқи Удай ва Қусай ўлганининг исботини кутишаëтган эди. Менимча¸ ироқликлар бундай исботни олишга лойиқ.”

Ироққа қарши уруш давом этаëтган бир пайтда Ироқ телеканаллари ўлдирилган Америка аскарлари суратини намойиш этган ва бунга нисбатан Вашингтон маъмурияти¸ халқаро Женева конвенциясини рўкач қилган ҳолда¸ қаттиқ норозилик билдирган эди. Мухбирлардан бири¸ нега энди тўрт ойча вақт ўтиб¸ айни шу Женева келишувига зид ҳаракатни айнан Вашингтоннинг ўзи қўллади¸ деган савол билан Рамсфелдга мурожаат қилди.

Рамсфелд: - ” Ироқ халқининг Саддам Ҳусайн тўдаси йўқолганига ишониши қанчалар муҳимлиги¸ бунинг эса Америка ва коалиция қўшинлари орасидаги эҳтимолий қурбонлар сонини камайтириши ҳақида қанча кўп ўйласам¸ тарозунинг бу томони нозик ҳиссиëтлардан устун келадигандек туюлди. Бундай қарор бизга разведка маълумоти бериб¸ режимнинг қолган-қутганларини ҳам топишга ëрдам берувчилар сонини ошириб¸ айни пайтда мамлакатга келаëтган ëлланма жиҳодчилар сонини камайтиришга хизмат қилади.”

Аммо ҳозирча Ироқдаги вазият Рамсфелднинг бу оптимизмини тасдиқлаганича йўқ. Удай ва Қусай деб тақдим этилган қонли суратлар билан айни кунда¸ Дубайдаги ал-Арабия телеканали ўзини Удай бош бўлган Фидоийин жангчилари дея тақдим этган йигитлар йиғинини намойиш этди. Юзларини тўлиқ ўраб олган фидоийинчилар¸ америкаликлардан ўч олишга онт ичишди. Удай ва Қусай ўлдирилди¸ деган кундан бери эса Ироқда яна беш Америка ҳарбийси нобуд бўлди.
Энди Удай ва Қусай деб тақдим этилаëтган жасадлар суратининг жамоатчиликка намойиш этилиши масаласидаги тортишувларга келадиган бўлсак¸ кўпчилик бундай қарор фақат халқаро ҳуқуқ нормалари эмас¸ балки оддий инсоний ахлоққа зид эканидан гапирмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи Халқаро амнистия ташкилоти матбуот вакили Камол Самарий¸ қонли суратларни оммага кўрсатишга қарор қилишда АҚШ ахлоқий эмас¸ балки сиëсий ҳисоб-китобга таянганини айтади.

Самарий : “Ҳақиқатан¸ уруш қонунларида жонсиз жасадларни кўрсатиш борасида узил-кесил таъқиқ йўқ. Аммо қонун-қоидалар моҳияти хоҳ у ўлик¸ хоҳ тирик бўлсин¸ хоҳ ироқлик¸ хоҳ Америка ë британиялик бўлсин¸ ҳар бир одам боласи қадрини ҳурмат қилишдан иборат. Айни ана шу асосдан келиб чиққан ҳолда биз¸ фотосуратларнинг жамоатчиликка кўрсатилмагани маъқул эди¸ деган фикрга ишонамиз.”

АҚШ ҳукумати Удай ва Қусай деб даъво қилинаëтган жасадлар суратини ëйинлаши билан¸ жаҳон оммавий ахборот воситалари уларни ўз томошабини ва ўқувисига тақдим этиш-этмаслик¸ ëки қандай тақдим этиш дилеммаси қаршисида қолди.

СНН каби телеканаллар суратларни шоша-пиша экранга чиқарган бўлса¸ бошқалар аввал томошабинни огоҳлантириб¸ сўнгра намойиш қилишди.

Журналистика нормаларини яхшилашни мақсад қилган Венадаги Халқаро матбуот институти ходими Антони Лоифтед¸ айни масалада икки принцип тўқнашганини таъкидлайди.

Лоифтед : “Саддам Ҳусайн ўғиллари яқин тарихнинг муҳим одамлари. Шу боис жамоатчиликнинг уларга нима бўлганини билиш ва бунинг қандай бўлганини билишга ҳаққи бор. Бу принципга кўра¸ суратлар чоп этилиши керак. Суратлар чоп этилмаслиги керак¸ деган принцип эса мурдаларнинг қонли яраларини шунчалар яқиндан кўрсатиш дидсизлик белгисидир¸ деган асосга таянади. Бундай суратларда уни кўрганларнинг ҳайвоний ҳисларини қўзғовчи қандайдир порнография элементи бор.”

Удай ва Қусай деб даъво қилинаëтган қонли мурдалар сурати жума куни маҳаллий газеталар чиқмагани боис¸ ҳозирча ироқликларнинг аксарияти назарига етиб борганича йўқ. Борган тақдирда ҳам улар суратда тасвирланган жасадлар кечаги ҳукмдорларининг арзанда ўғиллариники эканига ишонадиларми- йўқ¸ бу савол ҳозирча очиқ қолмоқда.
XS
SM
MD
LG