Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:11

БИЗ ТЕРРОРЧИ ХАЛҚ ЭМАСМИЗ


28 июл куни Бишкекда Қирғизистонда яшовчи уйғурларнинг 5-қурултойи бўлиб ўтди. Унга мамлакатнинг турли минтақаларидан ҳаммаси бўлиб 350 вакил қатнашди. Қурултойда уйғур жамоатчилигини ўйлантираётган қатор муаммолар устида сўз борди.

Қурултой ишини бевосита кузатган Бишкекдаги мухбиримизнинг хабар беришича, анжуман қурбон бўлган уйғур лидерлари ҳақларига Қуръон ўқиш билан бошланди.

Қурултой иштирокчилари қирғизистонлик уйғурларнинг "Иттипақ" жамоат бирлашмаси раиси Рўзмухамбет Абдулбакиевнинг ҳисоботини тингладилар. Ўз нутқида у Қирғизистонда уйғурлар камситилмаётганларини таъкидлади.

"Шу пайтгача, деди у, бир хунук воқеа содир бўлган эди. Бишкек шаҳар милициясининг олти ходими маст аҳволда бир гуруҳ уйғур йигитларни ҳақоратлаб, калтаклаган. "Иттипақ" ташкилоти бу инцидентни ўрганиш ва айбдорларни жазолашни талаб қилиб Ички ишлар вазирлиги ва президент Ақаевга мурожаат қилган. Вазирлик уйғур йигитларни калтаклаган 6 милиция ходимини ишдан бўшатган", - деб эслади ўз нутқида "Иттипақ" ташкилоти раиси.

Қирғизистонлик уйғурларнинг қурултойида минтақадаги бошқа мамлакатлардан ҳам меҳмонлар қатнашдилар. Улардан бири қозоғистонлик сиёсатшунос Қаҳрамон Хўжамбердидир. Унинг фикрича, минтақадаги бошқа мамлакатларга қараганда Қозоғистон ва Қирғизистонда уйғурлар анчайин эркин яшамоқдалар.

Қурултой давомида Қиррғизистондаги оммавий ахборот воситаларида "уйғур террорчилиги", "уйғур сепаратизми" каби иборалар жуда кўп ишлатилаётганлиги, бундан эса бутун уйғур халқи обрўсига путур етаётганлиги тўғрисида кўплаб фикрлар билдирилди.

Маълум бўлишича, бир йил аввал "Иттипақ" ташкилоти мазкур муаммо юзасидан Қирғизистон республикаси Давлат котиби Ўсмўнақун Ибраимовга бир мактуб билан мурожаат қилган. Ҳужжатда бутун бошли бир миллатга маломат қилавермай, ҳар бир жиноятчини исм-фамилиясини кўрсатган ҳолда ёзишни газеталарга уқтириш сўралган.

Жаноб Абдулбакиевга кўра, мактубдан сўнг, кейинги пайтларда Қирғизистондаги газеталарда уйғур халқи обрўсига путур етказувчи материаллар озайган.

Қозоғистонлик уйғур шоири ва журналисти Тўлқин Ясин уйғурлар террорчи сифатида тасвирланадиган мақолалар катта мамлакатлар манфаатига хизмат қилади, деган фикрни билдирди.

Балки уйғурлар мустақиллиги учун курашаётганлар орасида чиндан ҳам террористик ташкилотларга аралашганлар бордир?

Бу саволга Тўлқин Ясин: "Аралашганлар бўлиши мумкин, бўлса ҳам улар аввалроқ, Афғонистон ва Покистон ҳудудларида бўлган бўлишлари мумкин", - деб жавоб берди.

Маълумки, уйғур халқининг катта қисми Хитойнинг шарқидаги Шинжон-уйғур мухтор районида истиқомат қиладилар. Газета РУ сайти маълумотларига қараганда бу ерда 8 миллиондан зиёд уйғур яшайди.

Қирғизистонлик уйғурлар қурултойи иштирокчиси, "Демократия" нодавлат ташкилоти лидери Турсун Ислом Хитойда уйғурларга нисбатан геноцид сиёсати олиб борилмоқда, бу фикрни исботлаш учун қўлимизда қатор далиллар бор, деди.

Унинг фикрича, "уйғур террорчилари ташкилоти", деб аталаётган баъзи ташкилотлар "аслида йўқ, бу гаплар уйдирмадир".

Қирғизистонда айрим шов-шувли жиноятлар учун масъулият, тергов натижалари ниҳоясига етмай турибоқ, уйғурлар зиммасига юклаб қўйилмоқда, дейди Турсун Ислом. Норин-Қашқар йўлида ичидаги йўловчилари билан бир автобусга ўт қўйиб юборилганида ҳам шундай бўлди, дейди у ўша кунлари бир амалдор айтган гапларни эслаб:

- Шу кунларда президент Ақаев ҳуқуқ-тартибот органларига автобусга ўт қўйганларни топасан, деб қаттиқ босим ўтказаяпти, жиноятчилар эса топилмаяпти, бироқ менимча бу иш уйғурларга тўнкалса керак, деган эди, - дейди қирғизистонлик уйғурлар қурултойи иштирокчиси Турсун Ислом.

Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистонда 50 минг нафар уйғур яшайди. Мустақил манбаларнинг таъкидлашларича, бу рақам икки баравар кўпдир.
XS
SM
MD
LG