Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:21

ЕРГА НАВБАТ


Мустақилликка эришгач, постсовет республикалари, жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиятни бозор муносабатлари принциплари асосида қайта қуришга киришгандилар.

Аҳолига маиший хизмат кўрсатиш муассасалари, савдо ташкилотлари, саноат корхоналари хусусийлаштирилди.

Бироқ, аксари постсовет мамлакатларида иқтисодиятнинг ажралмас қисми бўлган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил қилиш эскича, советча усулда қолиб келмоқда.

Минтақадаги икки мамлакат - Қирғизистон ва Қозоғистон бундан мустасно. Бу республикаларда ер ҳам савдо объектига айлантирилмоқда.

Шу йил кузга бориб Қозоғистонда қишлоқ хўжалиги ерларини хусусийлаштириш бошланади. Ерни сотиш ва харид қилиш имконияти пайдо бўлади.

Ер тўғрисидаги қонун лойиҳаси устида Қозоғистон ҳукумати ва мамлакат парламенти ўртасида бир неча ой давом этган талаш-тортишлар ниҳоят ўзининг мантиқий якунига етганга ўхшайди.

Бироқ, шунга қарамай, Қозоғистон жамоатчилигида ерни хусусийлаштириш масаласи атрофидаги баҳсу мунозаралар ҳали тугаганича йўқ. Бу ҳақда ҳам бироздан сўнг тўхталармиз.

Ҳозирча эса, масаланинг тарихига бир назар ташлайлик. 2000 йили қабул қилинган "Ер тўғрисида"ги қонун томорқаларнигина хусусийлаштиришга имконият яратган эди. Қишлоқ хўжалиги оборотидаги ерларни эса фақат ижарага олиш мумкин эди.

Бу йил қабул қилинган янги қонун - "Ер кодекси" лойиҳасининг муаллифи республика ҳукуматидир. Мана шу ҳужжат асосида ер ислоҳотини ўтказар экан, Қозоғистон ҳукумати ўз олдига уч мақсадни қўйган. Бу мақсадларни, яъни республикани етарли озиқ-овқат билан таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш ҳамда қишлоқ жойларида фаровон турмушни таъминлашни ўзининг чиқишларидан бирида президент Назарбоев айтиб ўтган эди.

Ҳукумат таклиф қилган қонун лойиҳаси республика парламентининг қуйи палатаси - Мажлис депутатларининг қаттиқ қаршилигига учради. Улар қонун лойиҳасига 700 дан ортиқ қўшимча ва ўзгартишлар киритдилар. Натижада қонуннинг янги вариантига рози бўлмаган ҳукумат истеъфога кетди. Қозоғистонда ҳукумат алмашди. Президент Назарбоев депутатлар таклиф қилган баъзи ўзгартишларга рози бўлди.

Бироқ¸ шунга қарамай, республика жамоатчилигида ер ислоҳотининг янги Ер кодексига асосан ўтказилишига қаршилар ҳам талайгина. Улар Ер масаласи бўйича референдум ўтказиш таклифини илгари суриб, бир ташкилий қўмита ҳам туздилар. Марказий сайлов комиссияси бу қўмитани тан олмади. Шунинг учун ташкилий қўмита Марказий сайлов комиссиясини июлнинг ўрталарида судга берди. Бу ҳақда қўмита раиси Балташ Турсунбаевдан маълумот олинган эди.

- Олий суд Марказий сайлов комиссиясининг қарорини нотўғри, деб ҳукм чиқарганини эслай олмайман, - дейди ер бўйича референдум ўтказиш ташкилий қўмитаси раиси Балташ Турсунбаев.

Ҳа, ерни олди-сотди объектига айлантиришга қаршилар ҳам, йўқ, у сотилсин, дейдиганлар ҳам талайгина. Республикада ўтказилган сўров натижаларига қараганда¸ мамлакатдаги фермерларнинг 70 фоизи Ер кодексининг қабул қилинишини маъқуллаган.

Расмий маълумотларга қараганда¸ Қозоғистон ҳукумати қишлоқ хўжалигида банд бўлганларнинг фаровонлигини орттириш учун бир қатор амалий чораларни қўллаб келаяпти. Бу республикада ҳар йили деҳқонларга 30 млрд. танга (тахминан 204 млн. доллар) маблағ дотация сифатида ажратилади. Бундан ташқари давлат аграр соҳада банд бўлганларнинг қарзларини, бир сафар қарийб 48 млн. доллар, иккинчи сафар 34 млн. долларни кечиб юборди.

Қозоғистондаги ер ислоҳоти жараёнини яқиндан кузатиб келаётган экспертларнинг аксарияти ер хусусий мулкка айлантирилиши лозим, деган фикрдалар. Чунки, "давлат мулки" деган тушунча, собиқ совет кишиларининг шуурида, "ҳеч кимники", деган тушунчанинг синонимидир.

Ҳар қандай нарсага, хусусан, ерга муносабатни ҳам, унга нисбатан шаклланган тушунча белгилайди.
XS
SM
MD
LG