Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:50

Жорж Бушнинг рейтинги пасаймоқда


Фарангис Саид Сешанба куни демократлар партияси намояндаси, сенатор Жозеф Байден Республикачилар маъмуриятининг Ироқ сиёсатини кескин танқид қилди. У президент Бушни америкаликларга Ироқ уруши қимматга тушаётганини очиқчасига айтмаётганлик ва бу билан фуқароларни алдаётганликда айблади. Мазкур баёнот сўнгги пайтда Жорж Буш ва унинг маъмурияти сиёсати хусусида билдирилаётган танқидий фикрларнинг энг жиддийси бўлди.

Байден ва унинг тарафдорлари Бушдан, жумладан, Ироқ кампанияси сарф-ҳаражатларига тушунтириш беришни талаб қилдилар. Маълумотларга кўра, Ироқда жойлаштирилган 150 минг аскар учун ойига 4 миллиард доллар маблағ сарфланаётган экан.

- Бу стол атрофида ўтирганларнинг ҳеч бири Ироқдаги қўшинлар сони келаси йилда 100 минг аскаргача қисқартирилади, деб ҳисоблайдими? Ӄани, шундай ҳисоблаганлар, қўлини кўтарсин! Қўшинлар сони бундан кўпроқ бўлишини ҳамма яхши тушунади. Демак, ҳаражатларимиз ойига 2,5 миллиарддан кам бўлмайди. Ӄачонгача бизни алдашда давом этасиз? - деди Жозеф Байден Сенат йиғинида.

Байденга сенатор Барбара Боксер жўр бўлди: у Буш маъмурияти на самимий, на ҳаққоний, деб айтди.

Жорж Бушни танқид қилаётганлар орасида Республикачилар ҳам бор. Улардан бири, Род Айленд намояндаси Линколн Чафи, Оқ Уйнинг Ироққа қарши уруш бошлаш далиллари вақт ўтган сари ўзгараётганини қайд этди. Чафи фикрича, агар урушдан олдин Буш маъмурияти Ироқда оммавий қирғин қуроллари борлигини таъкидлаган бўлса, эндиликда уруш учун сабаб сифатида Саддам Ҳусайн даврида инсон ҳуқуқлари поймол қилинганини кўрсатмоқда. “Биз Ироқда нима қиляпмиз ўзи”, - деб сўради сенатор АҚШ Мудофаа котиби муовини Пол Волфовицдан.

Сенаторлар Бушга кескин саволлар бераётган бир вақтда, оммавий ахборот воситалари ҳам президентга муносабатни ўзгартиришмоқда. Чоршанба кунги матбуот анжуманида журналистлар Жорж Бушдан Ироқ уруши, разведка хизматининг нотўғри маълумотлари ҳамда АҚШ иқтисодидаги қийинчиликлар ҳақда сўрадилар.

Айни вақтда президент Бушнинг аҳоли орасидаги обрўси тобора пасайиб бормоқда. “Гэллап” маркази ўтказган сўровларга кўра, Буш рейтинги Ироқ уруши даврида 70 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунда у 58 фоизгача тушиб кетди. “Зогби Интернешнл” компанияси ўтказган сўров натижасида эса 46 фоиз америкаликлар Буш фаолиятини салбий баҳолаётганлари маълум бўлди. Бу ўтган йил октябр ойи рейтингидан 15 фоиз пастдир.

- Президент рейтинги баланд бўлса, яъни 60-70 фоизларни ташкил этса, матбуот ва Конгрессдаги ҳар иккала партия вакиллари учун уни танқид қилиш имконияти қолмайди.

Шундай дер экан, компания президенти Жон Зогби Буш рейтинги пасайиб бораётган соҳаларни айтиб ўтади:

- Президентнинг иқтисодиёт, экология, соғлиқни сақлаш соҳаларидаги фаолияти жуда паст баҳоланмоқда. Ҳатто Буш дастурининг энг муҳим жиҳати бўлмиш солиқлар сиёсати ҳам танқидга учраётир. Бундай кетишда, келаси президентлик сайловларида ғалаба қозониш қийин бўлади.

Сўровлар ўтказиш билан шуғулланувчи яна бир корхона - Америкэн Энтерпрайз институти ходимаси Кэтрин Бауман бу фикрга қўшилмайди. “Бушнинг ҳозирги рейтинги, дейди мутахассис, ҳамон 50 фоиздан кўпроқ, яъни унинг урушдан олдинги рейтинги билан тенгдир. Бу эса Буш президентликка қайта сайланиш имкониятига эгалигини намойиш қилади”.

Танқидлар кескинлашаётганига қарамай, америкаликларнинг қарийб 70 фоизи Саддам Ҳусайннинг ҳокимиятдан ағдарилганини ижобий баҳоламоқда. Бундан ташқари, мутахассислар фикрича, ҳозирги кунда демократлар партияси сафларида Буш билан президентлик учун беллаша оладиган ва рақобатда ғалаба қозона оладиган шахс йўқ. Бу эса Бушнинг имконларини янада кучайтиради.
XS
SM
MD
LG