Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:54

БАҲРОМ ҲАМРОЕВ. У КИМ? ҚАНДАЙ ОДАМ?


Сарвар УСМОН Москвадаги инсон ҳуқуқлари "Мемориал" маркази 30 июл куни ўзбекистонлик сиёсий эмигрант Баҳром Ҳамроевнинг 20 июл куни Россия пойтахтида ҳибсга олиниши муносабати билан баёнот тарқатди. "Бир иғво тагидаги гап", деган сарлавҳа қўйилган ҳужжатга. Баёнотда Россиянинг махсус хизматлари ўзбекистонлик сиёсий эмигрантга қарши уйдирма жиноий иш очиши тафсилотлари ёзилган. Уйдирма жиноий иш очиш жараёни, бу жараённинг бир неча ойларга чўзилгани ва ниҳоят, махсус хизмат ходимлари ўз ишларини мантиқий якунига етказганлари, яъни Баҳром Ҳамроев ҳибсга олинганлиги тўғрисидадир "Мемориал"нинг 6 вараққа жой бўлган баёноти.

Аввало Баҳром Ҳамроев ким? деган саволга жавоб топайлик. "Мемориал"нинг баёнотида у ҳақда мана бу маълумотлар берилган:

1963 йили Бухоронинг Ғиждувонида туғилган. 80 йиллар охири ва 90 йиллар бошларида Ўзбекистондаги "Бирлик" халқ ҳаракати фаоли, ҳаракат Марказий кенгаши аъзоси бўлган.

1992 йили Бишкекда бўлиб ўтган бир конференциядан сўнг, "Бирлик" лидери Абдуманноп Пўлатов Ўзбекистон хавфсизлик хизмати томонидан ўғирлаб кетилгач, деб ўқиймиз "Мемориал" баёнотида, Россияга кетади ва кейинчалик шу мамлакат фуқаролигини олади.

1995 йилдан буён Баҳром Ҳамроев хорижда чоп этиладиган демократик руҳдаги "Ҳаракат" журналининг Россиядаги вакилидир.

Баҳром Ҳамроевнинг кимлиги тўғрисида маълумотга эга бўлдик. Энди¸ у қандай одам, деган саволга жавоб излаб кўрайлик.

"Мемориал" марказининг Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари мониторинги дастури бўйича директори Виталий Пономарёвдан олинган маълумотга кўра, Баҳром Ҳамроев инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ҳамдир:

- Баҳром Ҳамроев ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотлар, хусусан, "Мемориал" маркази билан фаол алоқададир. Ҳамроевнинг ҳаракатлари туфайли халқаро ташкилотлар Россияда яшаётган ва ҳуқуқлари бузилаётган ўзбекистонлик фуқаролар, ўз ватанларида диний ва сиёсий сабабларга кўра таъқибга учраётганлар тўғрисида маълумот олиб турадилар, - дейди Виталий Пономарёв.

Баҳром Ҳамроев тўғрисида кутилмаган баёнотлар ҳам бўлди. Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Марат Зоҳидов номидан куни кеча оммавий ахборот воситаларига бир гап чиқиб кетди.
Шунинг учун жаноб Зоҳидовга қўнғироқ қилиб, Баҳром Ҳамроевни танийсизми, у қандай одам, деб сўрадик. Мана у кишининг жавоби:

- У жуда яхши йигит. Мен уни, тўғрисини айтганда, яхши кўраман.

- Қай томондан яхши биласиз у кишини?

- 1994 йили Москвада бир неча бор учрашганман. Жуда яхши йигит, лекин бўлмағур нарсалар билан шуғулланади.

- Қандай бўлмағур нарсалар у?

- Наркотиклар билан.

- Наркотиклар савдосига аралашган жойи борми?

- Бор эди. Катта машиналар борку, ўшалардан фойдаланиб, шу ишни қилар эди.

- Демак, Ўзбекистондан Россияга наркотик ташиган, демоқчисиз?

- Менда шунақа хабар бор эди. Лекин менда исбот-далиллар йўқ. Мен фақат билар эдим бу ҳақда. Менда исбот-далиллар йўқ. Лекин, бу унинг шахсий иши. Мен наркотикларга аҳамият бермайман ҳам.

- Сиз, Марат ака, ўзингиз кўрганмисиз, қаердан билар эдингиз унинг наркотикларга аралашганини?

- Эшитганман. Ўшалардан (наркотиклардан) "Ҳаракат" журналини тарқатишда фойдаланди,-
дейди ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Марат Зоҳидов.

У киши "Баҳром Ҳамроевнинг ҳибсга олинишида ҳеч қандай сиёсий сабаб йўқ", дейди ишонч билан. Бу қадар ишончингиз нимага, қандай маълумотга асосланади, деб сўрамоқчи бўлиб турувдик, суҳбатдошимизнинг ўзи гапириб қолди:

- Яна бир томонини айтиб ўтишим керак, Ўзбекистоннинг алоқаси йўқ, бу ишга. Мен текшириб кўрдим.

- Қандай қилиб текширдингиз? Кимлардан маълумот олдингиз?

- Ички ишлар вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлимига телефон қилдим. Гаплашдим. Улар биз ҳеч қанақа йўналиш берганимиз йўқ, ҳеч қандай наводкаям берганимиз йўқ, дейишди,-
дейди Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Ўзбекистон қўмитаси раҳбари Марат Зоҳидов.

Баҳром Ҳамроев иши юзасидан ўзбекистонлик бир гуруҳ ҳуқуқ ҳимоячилари Россия Федерацияси президенти Владимир Путин номига ариза билан мурожаат қилиб, ундан адолат қилишни сўрагандилар.

Аризага имзо чекканлар орасида "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти расисаси Васила Иноятова ҳам бор. Жаноб Зоҳидовнинг гапларидан сўнг биз Иноятова хоним билан ҳам боғланиб, балки чиндан ҳам Баҳром Иноятов наркотик моддалар савдосига аралашган чиқар, деб сўрадик. Мана у кишининг жавоби:

- Эзгулик жамиятининг раҳбари сифатида, "Бирлик" халқ ҳаракатининг 89 йилдан буён Ўзбекистон ҳудудида фаолият олиб бораётган бир аъзоси сифатида, керак бўлса, Ўзбекистондаги раҳбари сифатида шуни айтаманки, Баҳром Ҳамроев ҳеч қачон наркотик моддалар билан шуғулланмаган. У фақат Ўзбекистон сиёсатига ўзининг танқидий қарашлари билан фаолият юритган, ўзининг танқидий қарашлари бўлган, Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб, демократия ва мустақиллик учун курашган. Шу бугунги кунгача ўзининг эътиқодидан қайтмаган мард йигитлардан бири,- деди Баҳром Ҳамроев тўғрисида "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Васила Иноятова.

Иноятова хонимга берган саволимизни "Мемориал" маркази вакили Виталий Пономаревга ҳам бердик.
Саволимиз жаноб Пономарёвнинг кулгисини қистатди ва "агар Баҳром юк машиналарида Россияга наркотик ташиганида эди, у ҳолда унинг ҳеч йўқ тузукроқ квартираси бўларди",
- деди.

"Мемориал" маркази тарқатган баёнотга кўра, Баҳром Ҳамроев кейинги бир йил ичида махсус хизматлар ходимларининг доимий назорати остида яшаган.

Виталий Пономарёв суҳбатимиз давомида Баҳром Ҳамроевни шахсан билишини ҳам таъкидлаб ўтди:

- Қолаверса, мен Баҳромни 1992 йилдан буён биламан. Кейин, наркотиклар билан шуғулланадиган одамнинг инсон ҳуқуқларига қизиқиши, қаерлардадир қамалган одамларнинг тақдирига қизиқиши мумкин, деб ўйламайман, - деди Виталий Пономарёв.

Баҳром Ҳамроевнинг шахсини ўрганиш жараёнида унинг турмуш ўртоғи Асма Исмоилова билан ҳам суҳбатлашдик. У эрининг ҳибсга олиниши тафсилотларини айтиб берди.

Бу энди алоҳида мақола мавзуидир.
XS
SM
MD
LG