Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:42

Собиқ Югославия бўйича БМТ Халқаро жиноий трибунали ташкил этилганига 10 йил тўлди.


1992 – 95 йилларда Боснияда давом этган урушда Приедор шаҳрида 1500дан ортиқ мусулмон ва хорват ўлдирилган,ҳамда 20 мингдан ошиғи шаҳардан ҳайдаб чиқарилган эди. Ўшанда Миломир Стакич Приедор ҳокими лавозимида ишлаган. Стакич серблар назоратидаги асирлар лагерларини ташкил этган. Мазкур лагерда серблар мусулмон ва хорватларни ўлдирганлар, қийноққа солганлар, зўрлаганлар ва оч ҳолда сақлаганлар.

Ўтган ҳафта Хаага шаҳридаги собиқ Югославия бўйича БМТ Халқаро жиноий трибунали Миломир Стакични содир этган жиноятлари учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Суд қарорига кўра, 20 йилдан кейин Стакич авф этилиш имконига эга. Бу эса, БМТ Халқаро трибунали томонидан айбланувчи шахсга нисбатан биринчи маротаба чиқарилган умрбод қамоқ жазоси бўлди.

Халқаро трибуналнинг мазкур қарорини серблар лагерида тирик қолганлар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари олқишладилар. Бундан бир оз олдин Хаага трибунали Босния серблари ҳарбий қўмондони Радислав Крстични 1995 йилда Серебренница шаҳрида 7 – 8 минг мусулмон эркак ва болаларни қатл этганликда айбдор деб топиб, уни 46 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Маълумки, БМТ Хавфсизлик кенгаши 1993 йил май ойида собиқ Югославия бўйича Халқаро жиноий трибунални ташкил этган. Ундан асосий мақсад, 1991 йилдан кейин собиқ Югославияда бошланган урушда геноцид ва инсониятга қарши жиноят содир этган шахсларни адолатли жазолашдан иборат эди.

Хаага халқаро трибунали матбуот котиби Жим Ландал ўтган вақт давомида эришилган энг катта ютуқлардан бири, минтақада трибуналнинг тобора кенг тан олинаётгани эканини таъкидлайди: “Биз трибунал қилишга уринаётган ишлардан воқифликнинг ҳамда унга нисбатан ишончнинг ошиб бораётганини кузатмоқдамиз. Бу жойлардаги турли ҳокимият идораларининг биз билан ҳамкорлиги шаклида намоён бўлмоқда. Бундай ҳамкорлик трибуналнинг ўз иши ва мандатини бажаришини анча енгиллаштирмоқда”.

Хаагадаги БМТ халқаро трибунали қарийиб 230 кундан бери собиқ Югославия президенти Слободан Милошевич устидан маҳкама жараёни олиб бормоқда. Милошевичга геноцид, уруш ва инсониятга қарши жиноятлар содир этганлик бўйича 66та айблов эълон қилинган.

БМТнинг Хаага шаҳридаги Халқаро трибунали ўз фаолияти ҳақида собиқ Югославия халқларига тафсилий маълумот тарқатиш мақсадида 1999 йилдан бошлаб махсус дастурни амалга ошира бошлади. Суд Загреб, Сараево, Белград ва Приштина шаҳарларида дастур директорларини тайинлади. Улар суд тақдим этган хужжатларни маҳаллий тилларга таржима қиладилар. Дастур доирасида адвокатлар, судялар, журналистлар ва маҳаллий жамоа вакилларидан иборат гуруҳлар Хаага шаҳрига бориб, у ерда давом этаётган маҳкама жараёнини бевосита кузатиб, семинар ва учрашувларда қатнашдилар.

Хаагадаги БМТ халқаро трибунали матбуот котиби Жим Ландал дастур икки томондан фойдали бўлаётгани, биринчиси, суд шаънига айтилаётган танқидларга жавоб берилаётгани, ҳамда иккинчи томондан ҳамкорликка йўл очилаётганини билдирди.

Босния серблари собиқ раҳбари Радован Караджич ва армия қўмондони Радко Младичнинг ҳозиргача озодликда юрганлари Хаагадаги БМТ халқаро трибуналини энг кўп ташвишга солмоқда. Мазкур шахслар Боснияда содир этилган геноцид, қийноқлар, этник тозалаш ва бошқа уруш жиноятларнинг асосий айбдорлари ҳисобланади.

Ҳакам Теодор Мерон, Караджич ва Младич адолатли суд олдида жавоб бермагунича, трибунал ўз вазифасини бажармаган, деб ҳисобланишини айтди.
XS
SM
MD
LG