Халқаро хабарлар
БМТ Бош котиби Кофи Аннан Хавфсизлик Кенгаши Ироқдаги халқаро қўшинлар мандатига оид янги резолюция қабул қилиши мумкинлигини айтди.
Кофи Аннан, шунингдек, БМТнинг Ироққа ўз тинчлик сақловчи қўшинларини юбориш имкони йўқлиги айтиб, БМТнинг Ироқдаги ролини кучайтириш лозимлигини таъкидлади.
Жэк Строу Британия ҳукумати БМТ Ироқда асосий рол ўйнаши керак, деб ҳисоблашини қайд этди.
Франция, Россия, Германия, Ҳиндистон ва Покистон БМТнинг тегишли қарори қабул қилинмагунига қадар, Ироққа ўз қўшинларини юборишдан бош тортяптилар.
Кун янгиликлари
Тбилисида полиция норозилик акциясини куч билан тарқатди
Учинчи декабрь оқшомида Грузия пойтахти марказида полиция аксилҳукумат норозилик намойишини тарқатиб юборган. Улар норозиларга қарши сувотар ва кўздан ёш сиздирувчи газ қўллашган. Гувоҳлар тасвирга олган видеода ўқ овозларини эшитиш мумкин, тахминларга кўра, полициячилар намойишни тарқатиш учун резина ўқлардан фойдаланишган.
Озодликнинг “Эхо Кавказа” лойиҳаси хабарига кўра, полициянинг махсус топшириқлар бажарувчи отряди норозилар томонга Озодлик майдони томонидан ҳаракатланган. Намойишчилар қўлга олинган. Айни пайтда у ерда қўлга олинган одамлар сони маълум эмас.
Грузияда ҳукуматнинг ЕИга кириш жараёнини тўхтатиб қўйиш қарорига қарши мухолифат ва евроинтеграция тарафдорларининг норозилик акциялари олти кундан буён давом этмоқда. Бунгача парламент сайлови расмий натижаларига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтган.
Тбилисида намойишлар кузатилган олти кун ичида маъмурий моддалар бўйича 293 киши, жиноий моддалар бўйича эса 6 киши қўлга олинган. Намойишлар бостирилаётгани учун Болтиқбўйи мамлакатлари Грузия Ички ишлар вазирлиги ва “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси раҳбариятини санкция рўйхатига киритган. Бунинг ортидан Эстония, Латвия ва Литва элчилари 3 декабрь куни Грузия ТИВга чақирилган.
Жанубий Корея президенти ҳарбий ҳолатни бекор қилди
Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёль депутатларнинг овоз бериш жараёнидан кейин мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этилиши тўғрисидаги фармонини бекор қилди. Мазкур қарор ҳақида маҳаллий вақт билан тонгги соат 4:27 да давлат раҳбари қароргоҳидан туриб узатилган телеёйинда билдирилди. Кейинроқ эса у ҳукумат мажлисида маъқулланган. Бу ҳақда Yonhap агентлиги хабар қилди.
Фавқулодда ҳолат жорий этилиши ҳақида 3 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 22:25 да эълон қилинган эди. Олти соат давомида амалда бўлган фармон сиёсий партиялар фаолияти, норозилик чиқишлари, иш ташлашларга тақиқ қўйиб, унда цензурани ҳамда ўлим жазоси чиқариш ҳуқуқига эга бўлган ҳарбий-дала трибуналларини жорий қилиш кўзда тутилганди.
Режимга қўмондонлик қилиш қуруқликдаги қўшинлар штаби бошлиғи Пак Ан Суга топширилган. У парламент фаолияти тўхтатилганини эълон қилган. Ҳарбийлар парламент биносини эгаллаб олишга уринишган.
Штурм чоғида парламент биносига кириб олган депутатлар президент қарорининг бекор қилиниши учун овоз беришган. Шундан сўнг у қонунга мувофиқ равишда фармонни бекор қилиши лозим эди. Тахминларга кўра, ҳарбийлар сиёсий партиялар лидерлари ва парламент раисини ҳибсга олишга уринишган.
Жанубий кореялик айрим сиёсатчилар, агар ҳарбий ҳолатни жорий қилиш тўғрисидаги қарор қонуний деб қабул қилинса, депутатларнинг овоз беришининг олдини олишга уриниш ҳокимият узурпацияси ўлароқ баҳоланиши мумкинлигини қайд этишмоқда. Президентга нисбатан бирор расмий айблов билдирилгани ҳақида ҳозирча маълум эмас.
Мухолифатдаги Демократик партия вакили брифингда президент истеъфога чиқиши лозимлигини билдирган.
Жанубий Корея президенти мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди
Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёль ўз телемурожаати чоғида мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этилиши ҳақида эълон қилди. У мазкур тадбирни конституциявий тузумни шимолий кореяпараст кучлардан ҳимоя қилиш истаги билан изоҳлаган, дея хабар қилди “KBS жаҳон радиоси”.
Юн Сок Ёль мухолифатдаги Демократик партияни ҳукумат ишини фалажлаш ҳаракатида айблаган.
Yonhap агентлиги маълумотига кўра, партия парламентдаги бюджет қўмитаси орқали бюджетни қисқартириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ўтказган ҳамда давлат аудитори ва бош прокурор истеъфосини талаб қилган.
“Ҳарбий ҳолат эълон қилиниши эркин Корея республикасининг конституциявий қадриятларига ишонган ва риоя қилган дуруст инсонлар учун айрим ноқулайликлар яратади, бироқ мен бу ноқулайликларни имкон қадар камайтиришга ҳаракат қиламан”, дея билдирган президент.
Айни пайтда таркибига президент Юн Сок Ёль ҳам кирган ҳукмрон партия вакиллари ҳарбий ҳолат жорий этишга оид қарорни нотўғри деб аташган ва уни тўхтатишни ваъда қилишган. Мухолифатдаги Демократик партия мазкур қарор Конституцияга зид эканини билдириб, депутатларни парламент биносига йиғилишга чақиришган.
Полиция ва парламент қўриқчилари қонун чиқариш органи биносини ўраб олишган. Бинога фақат депутатлар, парламент ходимлари ва аккредитациядан ўтган журналистларгина қўйилмоқда.
Президент мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этгани ортидан ўнлаб одам парламент биноси олдига чиқишган, улар ва полиция ходимлари ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтган.
АҚШ Россияга қарши янги санкциялар ҳозирламоқда
Жо Байден маъмурияти ўз ваколатлари тугайдиган январь ойи ярмигача Россия ҳарбий машинасига путур етказиш учун бу мамлакатга қарши янада кўпроқ санкциялар жорий қилишни режалаятпи. Бу ҳақда АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан билдирди.
“АҚШ Россиянинг молия секторига қарши жиддий санкциялар жорий қилди, улар ортидан янада кўпроқ санкциялар киритилади”, дея қайд этган Салливан бунга оид тафсилотларни очиқлаган эмас.
Бундан ташқари, АҚШ Украинага 725 миллион доллар миқдорида қўшимча ҳарбий ёрдам ажратади, бу ёрдам дронларга қарши кураш тизимлари ва HIMARS реактив артиллерия тизими учун снарядларни ўзи ичига олади. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен баёнотида айтилган.
Янги пакет доирасида Киев “Стингер” ракеталари, дронларга қарши кураш тизимлари учун ўқ-дори, 155 мм ва 105 мм калибрли артиллерия снарядлари, дронлар, пиёдаларга қарши миналар, танкка қарши тизимлар, TOW бошқарилувчи ракеталари, ўқотар қуроллар ҳамда ўта муҳим инфратузилма объектларини ҳимоялаш учун жиҳозларга эга бўлади.
Президент Жо Байден Конгресс томонидан Украинага ҳарбий ёрдам ўлароқ ажратилган барча маблағларни ўз ваколатлари тугайдиган 20 январгача сарфлаб битиришни ваъда қилган. Бугунги кунда бу сумма 7 миллиард доллардан кўпроқни ташкил қилади.
Дональд Трамп президент этиб сайланганидан кейин Байден командаси Украинага ҳарбий ёрдам йўллашни тезлаштирган, Киевга Россия ҳудудидаги ҳадафларга узоқ манзилли ATACMS ракеталари билан зарба беришга рухсат берган, Украинага пиёдаларга қарши миналар берилишига эришган, Москвага қарши янги санкциялар жорий қилган.
Бельгия суди Конгодаги мустамлакачилар хатти-ҳаракатини жиноий деб топди
Брюсселдаги апелляция суди 2 декабрь куни Бельгия давлатини “инсонийликка қарши жиноятлар”да — аралаш ирққа мансуб бўлган беш аёл мустамлакачилар бошқарувидаги Конгода бола бўлган пайтда ўғирланишида айбдор деб топган.
Қуйи инстанция судининг 2021 йилдаги қарорини бекор қила туриб, судья ўша пайтда ҳукуматда “қора танли она ва оқ танли отадан туғилган болаларни мунтазам равишда қидириб топиш ва ўғирлаб кетиш режаси” бўлганини билдирган. Бу ҳақда RTBF медиа ширкати хабар қилди.
Суд давлат “маънавий” ёки ҳиссий зарар товони ўлароқ ҳар бир аёлга 50 минг евродан пул тўлаб бериши лозимлиги ҳақида ҳукм чиқарган.
Давлатни судга берган аёллар ҳозирда 70 ёшдан ошганлар. Улар Конгонинг Бельгиядан мустақил бўлиши арафасида - 1948 йилдан 1961 йилгача бу мамлакатда оилаларидан ажратилган аралаш ирқ мансуби бўлмиш тақрибан 20 минг болани тамсил қилишган.
Бу дурагай болалар Бельгиядаги Католик черкови бошқарувида бўлган мактаблар ва етимхоналарга жойлаштирилган.
Мақолада Брюссель апелляция судининг қарори “тарихий қарор” деб аталган. Бу Бельгияда, балки бутун Европада суд инстанциясининг бельгиялик мустамлакачилар томонидан инсонийликка қарши содир этилган жиноятларни қоралаши бўйича илк ҳолатдир.
Тожикистонда коррупциядан шикоят қилган 74 ёшли адвокат қамалди
Душанбедаги Сино тумани суди ёлғон маълумот етказганликда айбланган 74 ёшли адвокат Файзи Олийни (Файзали Юлдошев) 2,5 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, суд ҳукми 29 ноябрь куни чиқарилган, бироқ бу ҳақда 2 декабрга келиб маълум бўлган.
Давлат қораловчиси адвокатга олти йиллик қамоқ жазоси сўраган. Судья судланувчининг ёшини эътиборга олиб, кичикроқ муддат берган. Файзи Олий ҳукм ўқилиши билан суд залидан тўғри ҳибсхонага олиб кетилган.
Адвокатга нисбатан жиноят иши унинг ўз мижози номидан прокуратура ходимлари билан боғлиқ коррупцияга оид ҳолатлар юзасидан бош прокурор, Коррупцияга қарши кураш агентлиги, Тожикистон Хавфсизлик кенгаши ва президент ижроия аппаратига шикоят қилгани ортидан қўзғатилган.
Мазкур шикоятда адвокат ўз ҳимояси остидаги шахс номидан Душанбе прокуратурасининг бир неча ходими ўз мижозларига нисбатан таъмагирлик қилганини баён қилган. Бунга жавобан куч ишлатар тузилмалар ходимлари унинг мижозларига босим ўтказиб, улардан прокуратура ходимларига қарши айбловлар ва адвокатнинг хизматларидан воз кечишни талаб қила бошлашган.
Прокуратура адвокатни ўз ходимларига қарши ёлғон маълумот берганликда айблаб, унинг ишини судга оширган.
Ўлимга ҳукм қилинган эронлик рэпер озодликка чиқди
Аксилҳукумат намойишларини дастаклагани учун ўлимга ҳукм этилган эронлик рэпер Тумаж Солиҳий қамоқдан озод қилинди. Солиҳий икки аввалги “Аёл, ҳаёт, озодлик” ҳуқуқбонлик акциясини қўллагани учун шу йил апрель ойида суд томонидан ўлимга ҳукм қилинганди. Бу ҳақда Британиянинг The Guardian нашри хабар қилди.
Эронда 2022 йил сентябрида курд миллатига мансуб бўлган талаба Маҳса Аминийнинг полиция участкасидаги ўлими жамоатчиликни жунбушга келтирган эди.
Солиҳий оммавий намойишларни дастаклаган баёнотлари учун ўша йилнинг октябрь ойида ҳибсга олинган. Унинг қўшиқларида Эрондаги тазйиқ-таъқиб ва қатллар қораланган.
Рэпер ҳибсдалик пайтида қийноқларга дучор этилгани ва калтаклангани ҳақида билдирган. Хабарда айтилишича, нозирлар Солиҳийнинг қўл ва оёқларини синдиришган, у узоқ вақт давомида бир кишилик камерада ўтирган.
2024 йил июнида Эрон Олий суди жамоатчиликнинг тўхтовсиз талаби ортидан Солиҳийга нисбатан ўлим ҳукмини бекор қилган, бироқ уни озод қилишдан бош тортганди.
Солиҳийнинг Белгияда яшовчи қариндоши Арезу Эқболи Бободийга кўра, рэпернинг озод этилганига оид хабар унинг оиласи ва тарафдорлари томонидан “эҳтиёткорона некбинлик” билан қабул қилинган.
“Унинг озодликка чиққанини қутлар эканмиз, биз озодлик ва инсонийлик талаб қилгани учунгина қамоқхонада бир дақиқа ҳам ўтирмаслиги лозим бўлганини ҳеч қачон унутмаймиз”, деган у.
Рэпернинг қариндоши эронликлар адолатсизлик билан қамоқ жазосига тортилган ва озодликка чиқишини кутаётган бошқа кўплаб маҳкумларни ҳам эсдан чиқармаслиги лозимлигини қўшимча қилган.
Зеленский: Россия билан музокараларда НАТО ва ЕИ иштирок этиши лозим
Украина президенти Владимир Зеленский Россия билан муҳтамал музокараларда НАТО ва Европа Иттифоқи вакиллари иштирок этишлари лозимлигини билдирди.
Киевга расмий ташриф билан келган Европа кенгаши раиси Антониу Кошта билан биргаликда ўтказилган матбуот анжуманида Зеленский: “Музокара столи атрофида кимлар бўлади? Россия, Украина ва айтганимдек, Европа Иттифоқи ва НАТО. Чунки биз ўзимизни бу иттифоқлар хавфсизлик тизимининг бир қисми ўлароқ кўрамиз. Бу форматда мен нималар ҳақида келишувга эришишимиз мумкинлигини тушунаман”, дея қайд этди.
Айни пайтда Украина президенти урушни “Украина учун кучли мавқе”сиз музлатиб қўйишга қарши эканини таъкидлади. Чунки, унинг фикрича, акс ҳолда бир неча йилдан кейин Путин “яна ортга қайтиб, Украинани бутунлай вайрон қилади”. “Кучли мавқе” деганда Зеленский НАТО ва Европа Иттифоқидан хавфсизлик кафолати берилишини назарда тутмоқда.
Шунингдек, Украина президенти яна бир бор Киев Россия томонидан ўз ҳудудлари ишғол этилганини юридик жиҳатдан ҳеч қачон тан олмаслигини билдирди.
“Бу ер бизнинг еримиз, бу одамлар бизнинг одамларимиз. У жойлар Украинанинг вақтинча ишғол этилган қисми, холос. Шубҳасизки, уларнинг ҳаммаси қайтади. Биз бу жойларнинг аксарияти дипломатик йўллар билан қайтишини жуда истардик”, деди Зеленский.
Украина билан Россия ўртасидаги муҳтамал музокаралар мавзуси сўнгги пайтларда дунёдаги сиёсий доиралар ва ОАВда тез-тез муҳокама қилинмоқда. Кремль вакиллари ўзлари илгари сураётган шартлар асосида тинчлик битими тузишга тайёр эканларини билдиришган. Бу шартлар орасида Украинанинг беш вилоятини (ҳатто ҳозирда Украина Қуролли кучлари назорати остида бўлган қисмларини ҳам) Россияники деб тан олиш каби моддалар бор. Киев бу шартларни “мутлақо номақбул” деб ҳисоблайди.
АҚШ: Президент Жо Байден ўғли Хантерни афв қилди
АҚШ президенти Жо Байден ўғли Хантер Байденни иккита жиноят иши бўйича афв қилиш қарорига келди.
“Бу лавозимга ўтирганим илк кунданоқ Адлия вазирлигининг қарор қабул қилишига аралашмаслигимни айтган эди ва мен ҳатто ўғлим атайлаб ва адолатсиз таъқиб қилинганини кўрганимда ҳам ўз сўзимда турдим”, дейилган Байденнинг баёнотида.
Июнь ойида суд Хантер Байденни ноқонуний равишда ўқотар қурол сотиб олганликка оид иш бўйича айбдор деб топган эди.
54 ёшли Хантер Байденга қўйилган айбловда унинг 2018 йил октябрида тўппонча сотиб олишда наркотик истеъмол қилмаслигини айтиб, ёлғон гапиргани айтилган. Бироқ, прокурор қайдича, ўша пайтда у кокаин қарамлиги билан курашаётган бўлган. Мазкур айблов асосида Хантер 25 йилга қамалиши ва 750 минг доллар жаримага тортилиши мумкин эди.
2023 йил июнида АҚШ президентининг ўғли бу иш бўйича ҳамда солиқ тўламаганликка оид иш юзасидан ўзини айбдор деб тан олишга рози бўлган. У келишув тузишга тайёр бўлган, бироқ 2024 йил июлида бундай келишув имконсизлиги айтилган. Судья Мэриеллен Норейка мазкур келишувнинг қонун талабларига мувофиқ эмаслигига эътибор қаратган.
Жо Байден фикрича, ўғлига қарши иш бўйича суд жараёнига сиёсий босим ўтказилган ва бу иш қариндошлик алоқаларини туфайли “ажратиб олинган”.
“Мен адолатли судловга ишонаман, бироқ рутубатли сиёсат бу жараённи заҳарлади ва хато судловга олиб келди. <...> Америкаликлар нима учун ота ва президент бундай қарорга келганини тушунишади, деб умид қиламан”, дея хулоса қилган Жо Байден.
Трамп БРИКСни доллардан воз кечиш оқибатларидан огоҳлантирди
АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп, агар БРИКСга аъзо мамлакатлар савдо-сотиқда доллардан воз кечиш жараёнини бошлашса, уларнинг Америка иқтисодиётига дахлини чеклашни ва 100 фоизли бож жорий қилишни ваъда қилди.
“БРИКС мамлакатлари доллардан четланишга уриниши, биз эса буни бир четда кузатиб туришимиз ҳақидаги ғоя ТУГАДИ”, деб ёзган Трамп Truth ижтимоий тармоғида.
“Биз бу мамлакатлардан БРИКСнинг янги валютасини яратмаслик ва қудратли Америка долларини алмаштириш истагида бошқа бир валютани қўлламаслик мажбуриятини ўз зиммаларига олишни талаб қиламиз. Бу ишни қилишга уринган ҳар қанақа мамлакат Америка билан хўшлашиш учун қўл силташи лозим”, деб ёзган у.
2023 йили Бразилия президенти Лула да Силва БРИКС саммитида ташкилотнинг ягона валютасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳи тузилганини билдирган эди. БРИКСнинг шу йил октябрида Қозон шаҳрида бўлиб ўтган саммитида у ягона валютага ўтиш заруратини қўллаб-қувватлаган.
Россияда бундай валюта истиқболи экспертлар ҳамжамиятида, шу жумладан президент Путин иштирокидаги “Валдай” форумида муҳокама қилинган. Путиннинг ўзи 2024 йили “Валдай”да БРИКС мамлакатлари иқтисодиёти бундай валюта тайёр эмаслигини билдирган. Бунгача сентябрь ойида Шарқий иқтисодий форумда у Россия доллардан воз кечишга уринмаётганини айтган.
“Биз ахир доллардаги ҳисоб-китоблардан воз кечмадик-ку. Биздан юз ўгиришди ва биз шунчаки бошқа имкониятлар қидиришга мажбурмиз”, деган Путин.
Тбилисида полиция намойишчиларга қарши сувотарларни ишга солди
Грузияда полиция махсус топшириқлар бажарувчи отряди пойтахт марказидаги парламент биноси олдида норозилик акцияси ўтказаётганларга қарши сувотарларни ишга солган. Бунга оид видеолар гувоҳлар томонидан ижтимоий тармоқларга жойланган. ИИВ вакиллари парламент биноси ҳудудидан туриб норозиларга қарата тош отишди, дея хабар қилди Озодликнинг “Эхо Кавказа” лойиҳаси.
Ҳукуматнинг Европа Иттифоқига интеграциясини тўхтатиб қўйиш қарорига қарши чиқаётган намойишчилар Тбилиси марказидаги Руставели ва Костава шоҳкўчаларини тўсиб қўйишган. Полиция уларга қарши резина ўқлар қўллагани айтилмоқда.
Норолик акцияларини дастаклаган мамлакат президенти Саломе Зурабишвилининг қароргоҳида мухолифат ва фуқаровий сектор вакилларининг биргаликдаги ҳаракатларни мувофиқлаштириш бўйича маслаҳатлашуви бўлиб ўтган. Кейинроқ Зурабишвили Европа Иттифоқи раҳбарияти билан мулоқот қилган.
Грузия президенти “Конституциявий судга босим”ни режалаётганини билдирган. Аввалроқ у 26 октябрдаги парламент сайлови натижаларини бекор қилиш талаби билан ариза топширган эди. У сайловни янгитдан ўтказиш зарур, деб ҳисоблайди.
Норозилик намойишлари Тбилисидан ташқари Батуми, Кутаиси, Поти ва мамлакатнинг бошқа йирик шаҳарларида ўтказилган. Йиғилганлар парламент сайловини қайта ўтказиб, яқинда тузилган ҳукумат истеъфосини талаб қилишган. Янги ҳукумат 28 ноябрь куни Европа Иттифоқиги кириш бўйича музокаралар 4 йилга музлатилишини эълон қилган эди. Бу қарор Европарламент томонидан Грузиядаги парламент сайлови натижаларини тан олмаслик билдирилган резолюция қабул қилиниши ортиданоқ эълон қилинган.
Грузияда полиция намойишчиларга қарши аввал ҳам куч қўллаган. Хабарларга мувофиқ, ўтган уч кун ичида 200 дан зиёд норози полиция вакиллари томонидан тутиб кетилган.
Грузия озарбайжонлик журналистни Бокуга топширмоқчи
Тбилиси шаҳар суди прокуратуранинг Azel.TV ютуб-канали ва мустақил хабар агентлиги раҳбари Афган Садиговни Озарбайжонга экстрадиция қилишга оид илтимосномасини қаноатлантирди. Бу ҳақда “Кавказский узел” нашри хабар қилди.
Садиговнинг адвокатлари саккиз кун ичида шаҳар суди қарори устидан Грузия Олий судига шикоят қилишлари мумкин.
Афган Садигов 2024 йилнинг 4 август куни Тбилисида қўлга олинган. Журналист ўзининг ҳибсга олинишига норозилик ўлароқ 20 сентябрь куни очлик эълон қилган. У судга ногиронлар аравасида олиб келинган.
Садигов ва оиласи 2023 йил декабридан бери Грузияда истиқомат қилиб келаётган эди. Rights Georgia инсон ҳуқуқлари ташкилоти адвокати Дмитрий Нозадзе Озарбайжонда Садигов таъмагирликда айбланган, уни экстрадиция қилиш сўрови Грузия расмийларига шу йил июлида йўлланган.
Садигов Грузиядан бошпана сўраб мамлакат миграция департаментига мурожаат қилган, бироқ 16 сентябрь куни унга рад жавоби берилган. Садиговнинг адвокати департамент қарори юзасидан Тбилиси шаҳар судига мурожаат қилган, бироқ суд бошпана беришни рад этиш қарорини ўз кучида қолдирган.
2024 йил июлида журналист Туркияга кетишга чоғланган, бироқ уни Грузиядан чиқаришмаган. Садигов Озарбайжонда таъқиб қилинаётгани ўзининг танқидий постлари ва видеороликлари билан боғлиқ, деб ҳисоблайди.
“Ҳозирда менга қарши жиноят иши очилган эмас, бироқ Озарбайжонга қайтишим билан мени ҳам танқидий кайфиятдаги бошқа журналистлар каби ҳибсга олишларини биламан. Менга Грузияда ва қариндошларимга Озарбайжонда таҳдид қилишиб, танқидни тўхтатишимни талаб қилишмоқда”, деган эди ўшанда Садигов.
Афган Садигов 2020 йилда Озарбайжонда таъмагирлик айблови бўйича 7 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. У ўзига билдирилган айбловларни рад этган, ҳуқуқ фаоллари эса уни сиёсий маҳбус деб тан олишган. 2023 йил май ойида у афв этилганди.
Путин "Киевдаги қарор марказлари"га зарба билан таҳдид қилди
Россия президенти Владимир Путин Остонадаги КХШТ мамлакатлари саммитида янги “Орешник” баллистик ракеталари зарбалари ҳадафи “Киевдаги қарор қабул қилиш марказлари” бўлиши мумкинлигини билдирган.
Путин Украина ҳаракатлари, хусусан Украина Қуролли кучларининг Брянск ва Курск вилоятларига узоқ манзилли ракеталар билан зарбаларига жавобан Россия ракеталар жанговар синовини давом эттиришини қайд этган. Россия президентига кўра, Бош штаб ва Мудофаа вазирлиги душман ҳудуди бўйлаб “Орешник” билан зарба бериш учун ҳадафлар танлаяпти.
Путин янги ракета юқори даражада ҳимояга эга бўлган ва ўта чуқурликда жойлашган объектларни ҳам йўқ қилишга қодирлигини маълум қилган.
У “Орешник” ракеталари ёппасига қўлланилган тақдирда “зарба кучи ядровий қурол қўллаш билан муқояса этадиган даражада бўлиши”ни айтган. Айни пайтда Путин “албатта, “Орешник” оммавий қирғин қуроли эмас”лиги, чунки у ядровий каллаксиз қўлланилганда жойда радиоактив ифлосланиш юзага келмаслигини қўшимча қилган.
Путинга кўра, шу кунда Россияда фойдаланиш учун ҳозир турган “Орешник” туридаги бир неча ракета бор.
Украинадаги “қарор қабул қилиш марказлари”га зарба бериш билан россиялик расмийлар 2022 йилдаёқ таҳдид қилишган эди. Бу таҳдид Украинанинг Россия томонидан аннексия қилинган Қрим ва Қора денгиз флоти кемаларига зарбаларига жавобан айтилганди. Шарҳловчилар бу ерда “марказлар” деганда, масалан, Киевдаги ҳукумат бинолари назарда тутилганини тахмин қилгандилар. Кейинроқ россиялик ҳарбийлар ўз ҳисоботларида ҳарбий команда пунктларига зарбаларни “қарор қабул қилиш марказлари” деб аташган эди. Шу нуқтаи назардан туриб қаралганда “қарор қабул қилиш марказлари” деганда Путин нимани назарда тутгани ҳозирча маълум эмас.
Аввалроқ Озодлик 21 ноябрга ўтар кечаси Россия Украинадаги “Южмаш” заводига баллистик ракета билан зарба бергани ҳақида хабар қилганди. Ўша пайтда бир неча жойда ёнғин чиққан, зарба оқибатида вайронгарчилик кўлами охиригача маълум эмас, бироқ у ерда ҳеч ким қурбон бўлмагани айтилган. Зарбанинг эртасига Путин ўз телемурожаатида зарба “Орешник” деган янги ракета билан берилганини билдирган. У ўз баёнотида Украинага қурол-аслаҳа етказиб бераётган мамлакатларнинг ҳарбий объектлари бўйлаб ҳам “Орешник” билан зарба берилиши мумкинлигини қайд этган.
Байден маъмурияти Украинага яна 725 млн долларлик аслаҳа беради
АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Украина учун қиймати 725 миллион долларга тенг танкка қарши қурол-аслаҳа ҳозирламоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги америкалик икки мулозимдан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Янги пакет миналар, дронлар, Stringer ракеталари ва HIMARS ракета тизимлари учун ўқ-дориларни ўз ичига олган. Россия ҳужумларини даф қилиш учун Украинага қурол-аслаҳа ёрдами АҚШ захираларидан ажратилади.
Байден маъмурияти вакиллари АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг 2025 йил январида бўлиб ўтадиган инаугурациясигача Украина позицияларини мустаҳкамлаш учун қўлларидан келган барча ишни қилишларини бир неча бор таъкидлаганлар.
Куни кеча АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Украина 2025 йилда жанговар ҳаракатларни давом эттира олиши ёки музокараларни кучли мавқедан туриб олиб бора олиши учун Киевни зарур бўлган барча нарса билан таъминлашини билдирган эди. Трамп Украинадаги урушни “24 соат ичида” тугатишни ваъда қилган.
Грузияда полиция норозиларга қарши махсус воситалар қўллади
Тбилисида Ички ишлар вазирлиги ходимлари евроинтеграциянинг тўхтатилишига қарши парламент биноси олдида норозилик акцияси ўтказаётган намойишчиларга қарши махсус воситалардан фойдаланган. Озодликнинг грузин хизмати хабарига кўра, полиция норозиларга қарши кўзни ачиштирувчи спрей қўллаган бўлиши мумкин.
Спрей бошқа намойишчилар каби сиёсатчи Леван Гогичаишвили ва “Пирвели” телеканали тасвирчиси юзига ҳам сачраган. Полициячилар норозилар оломонига қарата тутун чиқарадиган шашкалар ортган. Намойишчилар билан тўқнашувлар бўлиб ўтган. Полиция иддаосича, ИИВнинг бир ходими касалхонага ётқизилган.
29 ноябрга ўтар кечаси парламент биноси олдида вазият таранглаша бошлаган. Намойишчиларга нисбатан куч қўллаган полиция ходимлари уларни тутиб кета бошлаган. Қўлга олинганлар орасида ОАВ ходимлари ҳам бор. Ниқоб таққан ИИВ ходимларидан бири жонли ёйинда вазиятни ёритаётган Озодлик журналисти Давид Цагарелига ҳужум қилган.
Маҳаллий вақт билан эрталабки соат 7 ларга бориб полиция кучлари Тбилисининг Руставели шоҳкўчасини эгаллаб, Республика майдони олдида намойишчиларни қўлга олишни давом эттиришган.
Парламент биноси олдида 28 ноябрь оқшомида бошланган акцияда президент Саломе Зурабишвили ҳам иштирок этган. Paper Kartuli’нинг ёзишича, у полициянинг махсус топшириқлар бажарувчи ходимларига мурожаат қилган.
“Сиз Россияга хизмат қиляпсизми ёки Грузиягами? Сиз кимга онт бергандингиз? Мени сизлар берадиган жавоб қизиқтиряпти. Сиз президентга жавоб бермаяпсизми? Сиз келажак ҳақида ўйламаяпсизми? Мамлакат ҳақида, болалар ҳақида ўйламаяпсизми?” дея савол ташлаган президент Зурабишвили.
Тбилисидаги намойишларда, турли ҳисоб-китобларга кўра, 10 мингдан 20 минг нафаргача киши иштирок этган бўлиши мумкин. Грузиянинг бошқа йирик шаҳарларида ҳам митинглар бўлиб ўтган. Намойишчилар расмийлардан Европа Иттифоқига кириш бўйича музокараларни тўхтатиш қарорини қайта кўриб чиқишни талаб қилишмоқда.
Аввалроқ бош вазир Ираклий Кобахидзе Грузия камида 2028 йил охиригача Европа Иттифоқига киришга оид музокаралардан бош тортиши ва ЕИ томонидан бериладиган бюджет грантларидан бош тормоқчи эканини билдирган эди.
Бунга жавобан Зурабишвили бугунги кунда “конституциявий тўнтариш ва Европа томондан Россия томонга ҳаракат қилиш поёнига етгани”ни билдирган.
“Ҳукумат ўз халқига уруш эълон қилди. Бугун бу чақириқ қаршисида ё биргаликда қарши турамиз, ёки ҳеч биримиз бўлмаймиз”, деган Зурабишвили евроинтеграция тарафдорларига қилган мурожаатида.
Ҳукуматнинг евроинтеграцияни тўхтатишга оид қарори олдидан Европарламент 28 ноябрь куни Грузиядаги парламент сайлови натижаларини тан олмаслиги қайд этилган резолюцияни тасдиқлаган эди. Ҳужжатда Грузияда бўлиб ўтган сайлов халқаро стандартларга ҳамда Тбилисининг эркин ва ҳалол овоз беришни уюштириш мажбуриятларига мувофиқ бўлмагани айтилган.
Октябрь ойида Европа кенгаши Грузиянинг ЕИга интеграцияси ҳукмрон “Грузия орзуси” хатти-ҳаракатлари туфайли феълан тўхтатилгани ҳақида эълон қилган эди. Парламент сайловида ғолиб чиққани айтилаётган “Грузия орзуси”ни мухолифат “россияпараст партия” деб ҳисоблайди.