Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 02:55

Ироқликлар: “БМТ музқаймоқ тақчиллигига сабабчи бўлган”


Фарангис Саид Бутун жаҳонда БМТ фаолияти эзгулик, дея қабул қилинади. Ироқ бундай истисно. Кўплаб ироқликлар учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти иқтисодий қийинчиликларни англатади.

Ироқ Қувайтни босиб олганидан сўнг, унга нисбатан санкциялар жорий этилди. Улар 12 йил, Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан ағдарилгунига қадар давом этди. Ироқликлар бу давр ичида кўрган-кечирган барча қийинчиликлари учун БМТни масъул, деб биладилар. Ёш болалар ўлими кўрсаткичи ошдими, Ироқда музқаймоқ тақчиллиги кўзатилдими, барчасига, ироқликлар фикрича, айнан БМТ айбдор.

ЮНИСЕФ ташкилотининг Ироқда 2002 йил июнидан буён ишлаётган ходими Жефф Кил Саддам даврида Ироқ матбуоти БМТни фақат қора буёқларда тасвирлаганини айтади:

- Шу сабабдан Ироқдаги бугунги вазиятнинг ёмонлигида айнан БМТ айбдор, деб ҳисоблаётган одамлар кўп.

Килнинг, шунингдек, қайд этишича, кўплаб ироқликлар БМТнинг инсонпарварлик фаолияти билан ташкилотга аъзо давлатлар сиёсати орасидаги фарқни тушунмайдилар. Улар БМТ мактаб ўқувчиларига маблағ ажратгани, “Нефт эвазига озиқ-овқат” дастури доирасида одамларга гуруч ва ун тарқатганини яхши билишади. Айни вақтда ироқликлар 1991 йилда Форс кўрфази урушини бошлашга сабабчи бўлган ҳам айнан БМТ, деб ҳисоблайдилар.

12 йиллик санкциялар оқибатида ироқликлар “БМТ АҚШ хизматкори, холос”, деган фикрга келдилар. Бугунги кунда ҳам улар БМТнинг фойда келтиришига ишонмайдилар.

Сешанба куни БМТнинг Бағдод қароргоҳи ҳисобланган уч қаватли “Канал” меҳмонхонасининг бир қисми портлаб кетди. Натижада 23 киши, шу жумладан БМТ юқори мартабали расмийси Сержио Виейра де Мелё нобуд бўлди. 100дан зиёд одам яраланди.

Баъзи маълумотларга кўра, портлашни уюштирганларга БМТ қароргоҳи ходимлари бўлган ироқликлар ёрдам беришган. Агар бу маълумот тўғри бўлса, шу ўринда “ироқликларнинг БМТга ишонмаслиги уларни террорчилар билан ҳамкорлик қилишга мажбур қилмадими?”, деган савол туғилади.

Жефф Килнинг бу хусусидаги фикри мана бундай:

- Кўплаб ироқликлар учун бу ҳайратланарли ҳодиса бўлди. Улар мазкур террорчилик актида ироқликлар қўли борлигига ишонмаяптилар. Айни вақтда ҳодисага умуман эътибор қаратмаган одамлар ҳам бор. Бунинг негизида кўплар учун БМТ иқтисодий санкцияларни жорий этган ташкилот эканига ишонч ётади.

Санкциялар жорий этилган даврда ироқликлар музқаймоқ ва шоколаддан маҳрум бўлганлар. Ҳукумат шакар ва кўплаб бошқа товарларни аҳолига ўлчаб, тарқатган. Ироқликларнинг айтишларича, урушдан олдин телевизорда ҳамиша Саддамни кўриш мумкин эди. Ироқ халқи “отаси” ё Қуръондан иқтибослар келтирар, ёки бўлмаса БМТ санкцияларини қораловчи нутқлар билан чиқарди.

Мактаб битирувчилари ва абитуриентлар имтиҳонлар давомида иншо ёзганларида, уларга Саддам Ҳусайн ҳаёти ва сиёсати, Яқин Шарқ можароси ёки БМТ санкцияларининг ироқликлар ҳаётига таъсири ҳақидаги мавзулар бериларди.

Мактаб ва олий ўқув юртлари ўқитувчилари мажлислар ўтказиб, БМТ санкцияларини ёмонлардилар. Талабалар БМТ фаолиятидан норозилик тариқасида намойишлар уюштиришга мажбур этилардилар.

БМТнинг Бағдодда ишлаётган ходимлари ироқликларнинг уларга муносабати ҳақида тўла тасаввурга эгалар. Ва айнан шу боис, Жефф Килнинг айтишича, улар сешанба кунги портлашдан кейин ҳам фаолиятни давом эттириш ниятидан қайтмадилар. Чунки БМТ ҳақидаги ироқликлар тасаввурларини фақат БМТ ходимларигина ўзгартириши мумкин.
XS
SM
MD
LG