Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:50

ИСЛОМИЙ БАНКИРЛАР ОЛМАОТАДА ЙИҒИЛДИЛАР


Сарвар УСМОН 2 сентябр куни Қозоғистоннинг собиқ пойтахти Олмаота шаҳрида Ислом тараққиёт банки (ИТБ) бошқарувчилари кенгашининг навбатдаги йиллик йиғилиши бўлиб ўтди. Ислом банки бошқарувчиларининг 28 инчи бор ўтказилаётган мазкур йиғилишига дунёдаги 55 давлатдан келган 500 дан зиёд вакил қатнашди. Улар орасида Ислом тараққиёт банкига янги, 55 инчи аъзо бўлиб қўшилган Ўзбекистон делегацияси ҳам бор.

Ислом тараққиёт банки бошқарувчиларининг учрашуви Қуръони Карим тиловати билан бошланди.

Йиғилишда Қозоғистон республикаси президенти Нурсултон Назарбоев иштирок этиб, нутқ сўзлади.
Ўз чиқишида Қозоғистон президенти Ислом тараққиёт банки бошқарувчиларини қизғин қутлаб, йиғилиш ишига муваффақиятлар тилади.

Шундан сўнг, Ислом тараққиёт банки президенти Аҳмад Муҳаммад Али чиқиш қилиб, банк бошқарувчилари кенгаши мажлисини ўтказишга
яхши шароит яратиб бергани учун Қозоғистон раҳбариятига миннатдорчилик изҳор этди.

2 сентябр куни Олмаотада иш бошлаган йиғилишда Ўзбекистон Ислом тараққиёт банкига 55 аъзо сифатида қабул қилинганлиги эълон қилинди.
Банк президенти Аҳмад Муҳаммад Али Ўзбекистон вакилларини бу воқеа билан қизғин табриклади.

"Ислом тараққиёт банкига аъзо мамлакатлар, минтақа мамлакатлари билан ҳамкорликнинг ривожланишига Ўзбекистон ўз ҳиссасини қўшади, деб умид қиламиз," - деди Ислом банки президенти.

Ўзбекистон республикаси Бош вазири ўринбосари Элёр Ғаниев йиғилиш чоғида қилган чиқишида "Ислом тарққиёт банкининг ўз йиғилишини Олмаотада ўтказиши, Европа тараққиёт ва таъмирлаш банкининг йиғилиши Тошкентда ўтказилгани Марказий Осиё минтақасининг аҳамияти ортиб бораётганлигидан далолатдир," – деди.

"Марказий Осиё мамлакатлари Ислом тараққиёт банки билан тиғиз ҳамкорлик қилмоқда, ва банкимиз бундай ҳамкорликка алоҳида эътибор билан қарайди,"- деди жаноб Муҳаммад Али йиғилиш чоғида. "Денгизга бевосита чиқиш имконидан маҳрум Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари иқтисодий тараққиётига туртки бериш мақсадида Ислом тараққиёт банки темир йўл, автомобил йўллари қуриш билан, минтақа мамлакатлари орасидаги алоқаларни мустаҳкамлашни назарда тутувчи лойиҳаларни қўллаб қувватлайди," - деб таъкидлади банк президенти.

Энди Ислом тараққиёт банки тўғрисидаги баъзи маълумотлар билан танишинг. Бояроқ айтганимиздек, мазкур халқаро молиявий ташкилотга жаҳоннинг 55 мамлакати аъзодир. Ўзбекистон 55 инчи аъзо бўлиб қўшилди. Мазкур банкка постсовет мамлакатларидан Озарбайжон 1992 йили, Қирғизистон 93 йили, Туркманистон 94 йили, Қозоғистон 95 йили аъзо бўлган эди.

Хўш, Ислом тараққиёт банки унга аъзо давлатларга қандай ёрдам кўрсатаяпти? Бу саволга жавобни Қозоғистонда амалга оширилаётган ишлар мисолида кўриш мумкин. Банк бошқарувчилари кенгаши мажлисида иштирок этган Қозоғистон делегацияси вакили мана бу маълумотлар билан ўртоқлашди.

- Ислом тараққиёт банки Қозоғистонда йирик лойиҳаларни молия билан таъминламоқда. Мамлакат почта хизматини такомиллаштириш, Қарағанда - Остона ҳамда Олмаота - Гулшод автомобил йўлларини қуриш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш каби лойиҳалар - Ислом банки томонидан молиялаштирилаётган лойиҳалардир, - дейди Қозоғистон вакили.
XS
SM
MD
LG