Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:24

Таҳлилчилар: “АҚШнинг Ироқ сиёсати мағлубиятга учради”


Фарангис Саид Ироқ масаласида БМТ ёрдамини сўрар экан АҚШ, ўзининг бир томонлама сиёсати мағлубиятга учраганини тан олмоқда, дейишмоқда мутахассислар.

Ироқда АҚШ қўшинларига қилинаётган ҳужумлар кўпаяр, нобуд бўлаётган аскар ҳамда ироқликлар сони ошиб борар экан, АҚШ Давлат котиби Колин Пауэл Вашингтон БМТ орқали бошқа мамлакатларнинг Ироқ масаласида ёрдамини сўраш ниятида эканини билдирди.

Ўтган баҳорда АҚШ Мудофаа котиби муовини Пол Волфовиц БМТни Саддам Ҳусайн каби хатарлар олдини оломасликда айблаб, Қўшма Штатлар ўз коалициясини тузиши лозимлигини таъкидлаган эди.

4 сентябр - пайшанба куни эса Колин Пауэл АҚШ ҳукумати БМТ Хавфсизлик Кенгашига янги резолюция лойиҳасини тақдим этганини маълум қилди. Янги резолюцияда халқаро ҳамжамиятни Ироқни қайта тиклаш ишларига жалб этиш кўзда тутилган.

- Резолюция лойиҳасига кўплаб бошқа масалалар киритилган. Унда БМТ ролини кенгайтириш, бундан ташқари бошқа халқаро ташкилотлар, айниқса Европа Иттифоқини Ироққа жалб этиш кўзда тутилган.

АҚШ халқаро ҳамжамиятдан Ироққа қўшин юбориш ва молиявий ёрдам ажратишни сўрар экан, улар билан ҳокимиятни ўртоқлашишга ҳам рози бўлди. Айрим таҳлилчилар фикрича, бу АҚШнинг Ироқ сиёсатидаги кескин бурилишдир.

АҚШ собиқ Давлат котиби Мадлен Олбрайт раҳбарлигидаги Миллий сиёсат маркази президенти Маурин Стейнбрунер ҳозирги кунда жаҳон сиёсатида ҳеч бир мамлакат ўз сиёсатини бошқалардан мутлақ мустақил равишда олиб бора олмаслигини айтади:

- Бир мамлакат қанчалар катта ва қудратли бўлишига қарамай, мураккаб ва бир-бири билан қўшилиб-чатилиб кетган бугунги дунёда ўзи хоҳлаган ишни қила олмайди. Ҳозирги ўзгариш айнан шундан далолат беради.

Мутахассислар айтаётган бу ўзгариш АҚШ Ироқдаги хавфсизликни таъминлашда мағлубиятга учраганини англаганидан сўнг юз берди.

Айни кунларда АҚШ Конгресси нафақат Ироқдаги 140 минг аскар, балки Жанубий Кореядаги 40 минг, Болқондаги минглаб аскарлар учун маблағ топиш ҳақида ўйлаши керак.

Маурин Стейнбрунер, ҳатто АҚШдек қудратли мамлакатнинг ҳам ҳарбий қудрати чекланган эканини айтади. “АҚШ ҳарбийлари учун ажратилаётган маблағнинг ҳаддан ошгани, нимадир қилинмаса, иш бермаслиги анча аввал аён эди”, - дейди вашингтонлик мутахассис.

Бироқ Колин Пауэл ва президент Буш маъмуриятининг бошқа намоёндалари БМТга мурожаат қилишни сиёсатдаги бурилиш нуқтаси сифатида қабул қилмаяптилар. Улар АҚШ сиёсатидаги “эволюция” ҳақида гапириб, АҚШ етакчилигидаги Ироқдаги коалицияда ҳозирда ҳам кўплаб мамлакатлар қатнашаётгани, БМТ орқали улар сони янада кўпайишини айтишмоқда.

Вашингтондаги “Ҳеритэж” жамғармаси мутахассиси Жим Филлипс ҳам бу фикрга қўшилади:

- Буш маъмурияти доимо халқаро ҳамжамият ёрдамига тайёрлигини билдириб келган. Аммо мамлакатлар БМТ мандати лозимлиги, БМТнинг яна бир резолюцияси қабул қилинишини талаб қилиб, ўзларини Ироқдан олиб қочдилар. Менимча, халқаро ҳамжамиятни Ироққа жалб этишда БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциясининг қабул қилинишини хоҳлаш – Буш маъмурияти қўллаётган кўп томонлама стратегиянинг бир қисмидир.

Пайшанба куни Дрезденда учрашган Германия ва Франция президентлари Вашингтон таклифини совуқ қабул қилдилар. Айни вақтда Ироққа қўшни бўлган Туркия ва ҳарбий тажрибага эга Ҳиндистон БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциясисиз Ироққа ўз қўшинларини юборишдан бош тортдилар.

- БМТ ва иттифоқдошлар билан қанчалик кўп баҳслашсангиз, уларни ўз тарафингизга оғдириш ва улардан фойдаланиш шунчалик қийин бўлади.

Шундай дер экан, АҚШнинг Миллий сиёсат маркази президенти Маурин Стейнбрунер, Буш маъмуриятининг Ироққа қарши урушни жаҳон ҳамжамияти таянчисиз бошлаш қарори бугунга келиб жуда қимматга тушаётганини айтади.
XS
SM
MD
LG