Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:07

Ўзбекистон самолётсозлик саноатисиз қолиши мумкин


Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида йиғиладиган Ил-76 МФ самолётлари бундан буён Воронежда ишлаб чиқарилиши мумкин. Баъзи электрон ахборот воситалари шу ҳақда хабар тарқатди.

Россияда чиқадиган «Независимая газета»нинг ёзишича, «Росавиакосмос» ташкилоти, Россия Мудофаа вазирлиги, шунингдек, Илюшин номидаги авиакомплекс Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида йиғиладиган Ил-76 МФ ҳарбий транспорт самолётларини ишлаб чиқаришни яқинда Воронеждаги самолётсозлик бирлашмасига кўчириш тўғрисида узил-кесил қарорга келинганини тасдиқлаган. Маълумотларга қараганда, Россия бундай самолётларни такомиллаштириш ва ишлаб чиқаришни бутунлай ўз ихтиёрига олмоқчи.

«Ҳозирги пайтда Илюшин фирмаси Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси билан иккита Ил-76 МФ самолётини сотиб олиш ҳакида музокаралар олиб бормоқда»,- деб ёзади газета. - «Агар самолётлар сотиб олинса, уларнинг давлат ва ҳарбий-транспорт синовлари бошлаб юборилади. Россия қуролланиш давлат дастурига кўра, Ил-76 МФ самолётлари 2004 йилнинг охирида мамлакат ҳарбий ҳаво кучлари таркибига киритилиши ва 2005 йилдан улар мунтазам ишлаб чиқаришга жорий этилиши лозим».

«Озодлик» мухбири ушбу хабарларнинг ҳақиқатга қанчалик яқинлигини ўрганиш мақсадида Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси раҳбарияти билан боғланди. Бироқ улардан ҳеч қандай маълумот олишнинг иложи бўлмади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг матбуот хизмати раҳбари Абдумалик Қодировнинг сўзларига қараганда, ҳақиқатан ҳам баъзи оммавий ахборот воситалари Ил-76 МФ самолётларини ишлаб чиқаришни Тошкентдан Воронежга кўчириш тўғрисида хабарлар тарқатмоқда.

«Бироқ Ил-76 МФ самолётлари ишлаб чиқаришни кўчириш тўғрисида ҳеч қандай расмий гап-сўз йўқ», деди А.Қодиров.

Чкалов номидаги авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси Иккинчи жаҳон уруши йилларида Россиядан Тошкентга кўчириб келтирилган. Ўзбекистондаги энг йирик корхоналардан бири бўлган ушбу заводда собиқ иттифоқ даврида 80 мингдан ортиқ ишчи меҳнат қилган.

Мутахассисларнинг айтишича, айни пайтда Тошкентда йиғилаётган "Ил" самолётларига бутловчи қисмларнинг 80 фоизи Россиядан келтирилади. Бирлашма Россиядаги 2 мингга яқин корхона билан ҳамкорлик қилади. Завод гарчи акциядорлик бирлашмаси бўлса-да, акцияларнинг 100 фоизи давлат ихтиёридадир.

Маълумотларга қараганда, ҳозир Тошкент авиация бирлашмасида иккита Ил-76 МФ самолёти тайёрланиб, синовлардан ўтмоқда. Улар ўтмишдоши Ил-76 дан такомиллаштирилгани ва 60 тоннагача юк кўтариши билан фарқ қилади.

Норасмий маълумотларга кўра, ўзбек авиасозлари бу икки самолёт учун Россиядан 70-80 миллион АҚШ доллари миқдорида ҳақ сўрамоқда.

«Независимая газета»нинг ёзишича, «бу Россия ҳарбий ҳаво кучлари мутахассисларини анча ажаблантирмоқда. Чунки бу самолётларга бутловчи қисмларнинг 90 фоизи Россия корхоналаридан келтирилади… Илюшин фирмаси Тошкентдан самолётларни завод нархида , яъни таннарх қийматида сотиб олиши ҳақида келишув бор. Бу ҳақдаги музокаралар июл ойидан буён олиб борилмоқда. Лекин ҳали бирор натижага эришилгани йўқ».

Кузатувчилар бу масала анча жиддийлигини эътироф этмоқда. Уларнинг фикрича, агар Ил-76 МФ самолётларини ишлаб чиқариш Воронежга кўчириладиган бўлса, Ўзбекистон самолётсозлиги таназзулга юз тутиши табиий.

Кузатувчилар агар ушбу хабарлар ҳақиқат бўлиб чиқса, Ўзбекистон иқтисодиёти сезиларли зарар кўриши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

«Шунинг учун ҳукумат бу масалада кези келганда сал ён бермоғи, қандай қилиб бўлмасин Ил-76 МФ самолётларини Тошкентда йиғишни сақлаб қолиши лозим. Чунки Ил-76 МФ айни пайтда ҳарбий -транспорт самолëт сифатида дунёда тенги йўқдир. Хитой ҳукумати ушбу самолётлардан 20 та сотиб олиши ҳақидаги Тошкентга буюртма бергани ҳам буни тасдиқлаб турибди», демоқда улар.
XS
SM
MD
LG