Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:14

АҚШ сенаторлари президент Бушнинг режасини юқори лавозимли расмийлар билан муҳокама қилдилар.


АҚШ сенаторлари президент Жорж Бушнинг Ироқ хусусидаги режалари бўйича сешанба куни АҚШнинг юқори лавозимли расмийлари ва ҳарбий қўмондонларига кўплаб саволлар бердилар.

Маълумки, беш ҳафта давом этган урушдан сўнг АҚШ президенти Жорж Буш 1 май куни Ироқда асосий ҳарбий операциялар тугаганини эълон қилди. Ҳозирга қадар Ироқда душман ўқидан 184 нафар Америка аскари нобуд бўлди ва 102 нафари яраланди. Асосий ҳарбий операциялар тугаганига қарамай, президент Буш яқинда уруш ҳаражатларини яна жорий молия йилига киритди.

Конгресс Ироқ учун 79 миллиард доллар ажратиш таклифини аллақачон тасдиқлаган. Бироқ, президент Жорж Буш Конгресс аъзоларидан қўшимча 87 миллиард доллар ажратилишини сўрамоқда.

Сенатнинг Ҳарбий масалалар бўйича қўмитаси мазкур масалани сешанба куни биринчи маротаба муҳокама қилди. Кузатувчилар фикрича, бу масала яна бир нечта йиғилишнинг асосий мавзуси бўлади.

Қўмита йиғилишида АҚШ Мудофаа вазири ўринбосари Пол Волфовиц, қуролли кучлар Бош штаби бошлиғи генерал Ричард Майерс, АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси Марк Гроссман иштирок этдилар.

Пол Волфовиц федерал бюджет камомади катталашиб бораётган бир пайтда 87 миллиард доллар катта маблағ эканини тан олишини, бироқ халқаро терроризмга қарши курашда бу унчалик катта маблағ эмаслигини таъкидлади. Буш маъмурияти Ироқни халқаро терроризмга қарши курашда марказий ўринга қўйган. Шу ҳақда Пол Волфовиц гапиради: “Маблағ миқдори қанчалар катта бўлмасин, 11 сентябр воқеаларида кўрилган даҳшатли инсоний талафотлар билан солиштирганда у барибир кичик”, - деди АҚШ Мудофаа вазири ўринбосари.

Сенатор Эдвард Кеннеди бундай баёнотлардан қониқиш ҳосил қилмаганини билдирди. Демократик партия аъзоси бўлган Кеннеди бошидан Бушнинг Ироқда уруш бошлаш режасига қарши чиққан. Кеннеди Америка оилалари 87 миллиард доллар маблағни беришини, аммо ундан олдин Буш маъмурияти уларнинг Америка аскарлари Ироқда яна қанча муддат қолиши, ҳарбий операциялар ва қайта қуриш ишлари қанчага тушиши ва бошқа кўплаб саволларига жавоб бериши кераклигини таъкидлади: “Менимча, қўшимча маблағ ажратишимиздан олдин биз ҳеч бўлмаса қайта қуриш хусусидаги саволларга жавоб олишимиз лозим. Биз ҳарбий хизматдаги ўғил-қизларимизни қўллаб-қувватлаймиз, аммо қайта қуриш ишлари учун бир неча ўн миллиард доллар маблағ сўралаётган бир пайтда, саволларимизга жавоб беришингиз зарур”, - деди сенатор Эдвард Кеннеди.

Мичиган штатилик демократ сенатор Карл Левин ҳам ҳаражатлар борасида ташвиш билдирди. Левин ва Кеннеди президент Жорж Бушни БМТ мандатисиз Ироқ урушини бошлагани учун танқид қилдилар.

Қўмита йиғилиши иштирокчиларининг ҳаммаси ҳам Бушнинг Ироқ сиёсатига қаршилик билдирмадилар. Масалан, қўмита раиси, Республикачилар партияси аъзоси сенатор Жон Уорнер АҚШ президенти сиёсатини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Оклахома шататидан сенатга сайланган бошқа республикачи сенатор Жеймс Инхоуф эса Левин ва Кеннеди Ироқ уруши ҳақида айтган гапларни бир томонлама, деб баҳолади: “АҚШ президенти бошқа давлатлар билан бирга ишлашни таклиф қилди. Қаршимизда турган муштарак муаммони бартараф этиш учун президент улардан, бошқа давлатлардан, БМТдан бирга ишлашни ўтиниб сўради”, - деди сенатор Жеймс Инхоуф.

Конгресснинг айрим аъзоларига кўра, Буш маъмурияти олиб бораётган сиёсат борасида турли саволлар берилаётганига қарамай, Сенат ва Намояндалар палатаси президент сўраган пулни беришга рози бўлади.
XS
SM
MD
LG