Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:00

АҚШ Мудофаа вазири Ироқда эришилган муваффақиятларни ҳимоя қилади.


А. Арол

Америка Қўшма Штатлари Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд АҚШнинг Ироқни ишғол қилганини кўтаринки руҳда ҳимоя қилиб, Америка у ерда эркин ва мустақил жамиятни ривожлантираëтганини таъкидлади. Унга кўра, бу ишлар Иккинчи Жаҳон урушидан кейин Германия ва Японияда ëхуд яқиндагина Босния ва Косовода олиб борилган ҳаракатларга қараганда тезроқ кечмоқда.

Рамсфелд ўзининг ушбу қарашларини Вашингтондаги Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган йиғинда баëн этди. У билдирган мулоҳазалардан бир кун ўтиб, Рамсфелд ўринбосари Пол Вулфовиц ва АҚШ ҳарбий қўмондони генерал Ричард Майрс Сенатнинг ҳарбий масалалар бўйича қўмитасининг оғир саволлари остида қолишди.

Президент Жорж Бушнинг Республикачилар маъмуриятига қарши Демократ сенаторларнинг айтишларича, Ироқнинг ишғол қилиниши Америка учун анча қимматга тушмоқда ва бу ҳаракатлар поëни кўринмаëтган кескин қонли вазиятга айланиб бормоқда. Айни пайтда куни-кеча Буш жорий йилда Ироқни қайта тиклаш ишлари учун қўшимча 87 миллиард доллар кераклигини билдирди.

Рамсфелд ўзининг чоршанба кунги маърузасида у ерда ўрнатилган АҚШ ва бошқа коалиция кучлари доимий равишда партизанлар ҳужумига учраëтганларини қайд этди. Тахминларга кўра, ушбу партизанлар хорижий жанггарилар ва Ироқнинг мағлубиятга учраган собиқ президенти Саддам Ҳусайннинг "Баас" партияси қолдиқларидан иборатдир. 1 майда президент Буш Ироқда уруш ниҳоясига етганини расман эълон қилганидан буëн 69 нафар АҚШ аскари ҳужумлар қурбони бўлди.

Рамсфелдга кўра, бундан буëн АҚШ аскарларининг катта қисми кўпроқ касалхоналарни таъмирлаш, далаларни тозалаш, тиббий ëрдам кўрсатиш ҳамда маҳаллий ҳарбийларга тинч мақсадларда машқ бериш ишлари билан шуғулланади.

Мудофаа вазирининг билдиришича, Американинг Ироқдаги ҳарбий ва давлат амалдорлари аҳолини етарли даражада электр ва сув билан таъминлаш каби кутилмаган вазифаларга дуч келмоқдалар.

Рамсфелддан Ироқдаги АШҚ кучлари сони ҳақида сўралганида, Мудофаа вазири айрим кишилар мавжуд кучлар сонини икки ҳаттоки уч баробарга кўпайтириш тарафдори эканини маълум қилди. Ҳозирги кунда Ироқда 140 минг сонли АҚШ ҳарбий кучлари жойлашган ва улар мамлакатда барқарорлик ўрнатиш соҳасида фаолият олиб боришади.

"Бизнинг мақсадимиз Ироқда америкаликлар таъсири остида бўлган давлат яратишдан иборат эмас. Мақсадимиз унга кенгроқ халқаро қиëфа бериш, ироқликлар кўпроқ ўзларининг сиëсий ва иқтисодий истиқболларига ҳисса қўшишларига имконият яратишдан иборатдир," - дейди АҚШ Мудофаа вазири.

АҚШдаги халқаро алоқалар Кенгаши номли тадқиқот марказининг Яқин Шарқ бўлими раҳбари Жудит Кипперга кўра, Ироқни ишғол қилишни режалаштириш вазифаси ироқликлар маданияти ва вазиятидан яхши хабардор бўлмаган кишиларга топширилгани инсоний фожиаларга сабаб бўлмоқда. Унинг қўшимча қилишича, вазиятни тўғрилашга ҳали ҳам кеч эмас, бироқ, вақтида ҳаракат қилинмаса, фурсат қўлдан бой берилиши мумкин.

Ироқда Март ойининг охирларида уруш бошланганидан буëн АҚШнинг 287 аскари тўқнашув ëхуд бахтсиз ҳодиса оқибатида ҳалок бўлди.
XS
SM
MD
LG