Линклар

Шошилинч хабар
13 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:27

Яқин Шарқ тинчлик режаси: у ўликми ёки тирик?


Фарангис Саид Ироқ президенти Саддам Ҳусайннинг ҳокимиятдан ағдарилиши минтақада тинчлик ўрнатилиши ва демократиянинг қарор топишига умид уйғотган эди. Кузатувчилар 1991 йилда Форз кўрфази урушидан сўнг Осло шартномаларининг имзоланиши билан Исроил ва Фаластин ўртасидаги муносабатлар яхшиланганини ёдга олган эдилар.

Май ойида АҚШ президенти Жорж Буш Саддам устидан ғалаба Яқин Шарқда тинчлик ўрнатилиши ва 2005 йилга бориб мустақил Фаластин давлатининг барпо этилишига умид билан қараётганини баён этди. АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ ва Россия томонидан ишлаб чиқилган тинчлик режаси мақсади ҳам айнан шундан иборатдир.

Аммо май ойида туғилган “гўдак” сентябр тугамай, оламдан ўтгандек кўринмоқда. Кузатувчилар фикрича, Буш маъмурияти уни қайта тирилтира олмайди.

АҚШнинг Жорж Вашингтон университети қошидаги Яқин Шарқ институти таҳлилчиси Мурҳаф Жўйжатий бу фикрга қўшилади:

- Тинчлик режаси ҳали ўлмаган бўлса, демак беҳуш аҳволда. Унинг ўлгани белгилари бор. Аммо Буш маъмурияти уни қайта тирилтирмоқчи. Ҳозирги вазиятда эса ҳамма нарса унинг касали жуда ёмонлигидан дарак бераётир.

Хуллас, “Йўл харитаси” ё ўлган, ёки жуда оғир аҳволда. Уни қутқариб бўлмайди. Хўш, тўрт ойлик “гўдак”нинг ўлимига нима сабаб бўлди?

Биринчи навбатда, фаластинлик худкуш-террорчи.

19 август куни Қуддус марказида портлаган бомба 22 одам ҳаётига зомин бўлди. Бу билан етти ҳафталик оташкесин бузилди ва зўравонликлар авж олди.

Ундан кўп ўтмай, АҚШ ва Исроил босими натижасида май ойида Ясир Арафат томонидан Бош вазир этиб тайинланган Маҳмуд Аббос истеъфо берди. Вашингтон умиди пучга чиқди.

Айрим кузатувчилар фикрича, бу икки ҳодисадан ташқари, тинчлик режасини Буш маъмуриятининг ўзи ўлдирди. Ню-Йоркдаги Ташқи Алоқалар Кенгаши, деб номланган тадқиқотлар марказининг Яқин Шарқ бўйича мутахассиси Хенри Сигман Буш маъмурияти Исроил ҳукуматига етарли босим кўрсатмаганини таъкидлайди:

- Энг асосий хатога Буш маъмурияти йўл қўйди. Хато шундан иборат-ки, Вашингтон Яқин Шарқда аҳолини кўчириш масаласини кўриб чиқмади. У Исроил ҳукуматига фаластинликларга сал бўлса-да эркинлик бериш борасида босим ўтказмади ва бу билан фаластинликлар орасида етарли обрўга эга бўлмаган Маҳмуд Аббос учун муваффақиятга эришиш имконини бермади.

Кўпгина бошқа мутахассислар, Хенри Сигман каби, Вашингтоннинг Яқин Шарқ сиёсатини танқид қиляптилар. Улар орасида ҳатто АҚШнинг Яқин Шарқ Сиёсати Институти ҳам бор. Одатта Исроилга таянч билдириш билан ажралиб турадиган мазкур институт ходими Макс Абраҳамс бу сафар Исроил сиёсатига танқидий баҳо беради:

- Шарон ҳукумати Фаластин ерларида уй қураётган исроилликларга қатиққўллик билан ёндашмади. У фаластинликликларга мурожаат қилиб, чиройли баёнотлар қилиш билан чекланди, холос. У Ғарбий соҳилни фаластинликларга бўшатиб беришга қаратилган қадам ташламади. Вашингтон эса унга бу борада етарли босим кўрсатмади.

Мурҳаф Жўйжатий эса Исроил Бош вазири Ариэл Шаронни “ёлғончи”, деб атайди. Мутахассис фикрича, Исроил аслида мустақил Фаластин давлатининг барпо этилишига қаршидир:

- Менимча, Исроил Ғарбий соҳил ёки Ғазо секторида Фаластин давлатининг вужудга келишига қарши. У аслида Фаластин ҳукуматининг Исроил таркибида, федерациянинг бир аъзоси сифатида фаолият юритишини мақул кўради.

Бу эса Жорж Буш илгари сураётган тинчлик режасига зиддир. “Шу боис, - дейди Жорж Вашингтон университети қошидаги Яқин Шарқ институти таҳлилчиси Мурҳаф Жўйжатий, - Шарон матбуот учун баёнотлар бериб, ҳаммани алдамоқда”.

Айни вақтда Фаластин ва Исроил ўртасидаги зўравонликлар авж олмоқда. Демак, Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиладими, деган савол тобора долзарблашаётир.

АҚШдаги Ташқи Алоқалар Кенгашининг Яқин Шарқ бўйича мутахассиси Хенри Сигман башорати мана бундай:

- Исроил “кўряпсизларми, терроризм тугамади, фаластинликлар қилишлари лозим бўлган ишларни бошламадилар”, деб баёнотлар қилади. Фаластин бунга жавобан “Исроил Ғарбий соҳилда аҳоли пунктларини қуришда давом этар экан, биз ҳеч нарса қилмаймиз”, дейди. Вазиятга аралашиши ва “бизга бу мақул эмас”, дейиши керак бўлган АҚШ эса сайловолди кампанияси давомида бундай демайди ва ҳеч нарса қилмайди.
XS
SM
MD
LG