Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:00

Эроннинг ядровий қуроллар тарқатмаслик шартномасига риоя қилиши масаласи


А. Арол Эрон атом энергияси ташкилоти бошлиғи Ғуломризо Оғозода Теҳрон ядровий қуролларни тарқатмаслик шартномасига содиқ қолишини таъкидлади. Бундай баëнотга эса, Атом Энергияси бўйича Халқаро Агентлик Бошқарув Кенгашининг Эронга ўзининг ядровий қуроллар ишлаб чиқариш дастурига эга эмаслигини исботлаш учун 31 октябрга қадар муҳлат бергани сабаб бўлди.

Атом Энергияси бўйича Халқаро Агентликнинг Венадаги йиғилишида мазкур талабга муносабат билдирган Эрон делегацияси бошлиғи Оғозоданинг айтишича, Эрон Агентлик билан тўлиқ ҳамкорлик қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олади:

- Бизнинг Атом Энергияси бўйича Халқаро Агентлик билан ҳамкорлигимиз келишувлар доирасида олдингидек давом этиши керак, - деди жумладан Эрон вакили.

Атом Энергияси бўйича Халқаро Агентлик бошлиғи Муҳаммад ЭлБарадей Вена йиғилишида яна бир бор Эронни ўз ядровий дастурига оид барча маълумотларни ошкор этишга чақирди. Агентликка кўра, Эронда ядровий қурол яратишга имкон берувчи юқори даражада бойитилган уран топилган.

"Ҳозирда долзарб бўлиб турган масалаларнинг бари имкон қадар тезликда ечимини топмоғи ниҳоятда муҳим. Айниқса, юқори даражада бойитилган уран масаласи зудлик билан ҳал этилиши керак. Шундагина агентлик Эрон ядровий қуроллар дастури устида иш олиб бормаяпти, деган деган хулосани бериши мумкин", - деди ЭлБарадей.

Эрон ҳокимияти ичида агентлик билан ҳамкорлик қилиш ва унинг талабларига бўйсуниш масаласида икки хил ëндашув мавжуд. Радикал исломчилар – Эрон Атом Энергияси бўйича Халқаро Агентлик талабларига бўйсунмаслиги ва агентлик билан бу соҳада ҳеч қандай ҳамкорлик қилмаслиги кераклиги ғоясини олға суришса, ислоҳотлар тарафдор бўлган расмийлар – Эрон агентлик билан ҳамкорлик қилиши ва бу борада музокаралар олиб боришни давом эттириши зарур, деб биладилар.

Эрон ўзининг ушбу икки томонлама сиëсати орқали ҳозирда долзарб бўлиб турган масалани қанчалик муваффақиятли ҳал этилиши мумкин, дея Фардо радиоси журналисти Бектош Хамсапурга мурожаат қилганимизда, унинг жавоби мана бундай бўлди:

"Эрон расмийларига кўра, сўнгги кунлар давомида Теҳроннинг кутган натижалари амалга ошмади. Шунга қарамай, Эрон амалдорлари Атом Энергияси бўйича Халқаро Агентлик билан ҳамкорлик қилиш ва унинг талабларига нисбатан қарама-қарши сиëсатларида давом этаëтган кўринади".

Бироқ мазкур агентликнинг Венада иш бошлаган йиллик йиғилишида нутқ сўзлаган Эрон атом энергияси ташликоти раиси Оғозоданинг маълум қилишича, масалага нисбатан Теҳрон расмий ëндашуви келаси кунлар ичида эълон қилинади.

"Эрон расмийлари, жумладан президент Муҳаммад Хотамий реациясига қараганда, Теҳрон Агентликнинг Бошқарув Кенгаши томонидан қабул қилинган резолюцияни тан оладиганга ўхшамайди", - дейди биз билан суҳбатда бўлган Хамсапур.
XS
SM
MD
LG