Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:40

Жаҳон Банки собиқ Совет Иттифоқида ОИТСга оид ҳисоботини эълон қилди


Фарангис Саид

“Шарқий Европа ва собиқ Совет Иттифоқи мамлакатларида иммун тақчиллиги вируси ва ОИТСга чалиниш ҳоллари ниҳоятда юқори суръатлар билан давом этмоқда”, дейилади Жаҳон Банкининг 16 сентябр сешанба куни эълон қилинган ҳисоботида.

Ҳозирда минтақада 1 миллион 200 минг одам ушбу вирус ва ОИТС касаллигига чалинган. 2002 йилнинг ўзида бу рақам 250 мингга кўпайди.

Жаҳон Банкининг саломатлик масалалари бўйича етакчи эксперти Олусожи Адейининг таъкидлашича, минтақа давлатлари тезда қўшимча вақт ва маблағ ажратиб, касалликка қарши курашни бошлашлари лозим. “Акс ҳолда, - дейди эксперт, - ушбу бўҳрон нафақат мазкур ҳудудлар, балки дунёнинг бошқа минтақаларида ҳам демографик ва иқтисодий соҳаларда салбий оқибатларга олиб келади”.

ОИТС касаллиги жаҳоннинг турли минтақаларида айни йўл орқали тарқала бошлади. 90-йиллар бошида иммун тақчиллиги вируси, асосан, наркотик моддаларни истеъмол қилувчиларда аниқланган, кўп ўтмай у аҳоли орасида ниҳоятда юқори суръатлар билан тарқала бошлаган.

1998 йилда Россияда вирусни юқтирганлар сони 11 мингни ташкил этган бўлса, 2003 йилга келиб бундайлар сони 240 мингга етди.

Расмий статистик маълумотларга кўра, қўшни Украинада ўтган йили иммун тақчиллиги вирусини юқтирганлар сони 50 минг кишига кўпайди. Одессада жойлашган Ижтимоий Тадқиқотлар Институти ходими Олександр Яраменконинг билдиришича, 2010 йилга бориб касаллар сони 1,4 миллионга етади. Йилига 100 минг одам ОИТС касаллиги қурбони бўлади.

Марказий Осиё ва Болтиқбўйи давлатларида иммун тақчиллиги вируси ва ОИТСни юқтирганлар сони, Россия ва Украинага қараганда, камроқ бўлса-да, кузатувчилар фикрича, ушбу минтақаларда бу соҳадаги вазият ҳам ниҳоятда ташвишлидир.

АҚШнинг Жонс Хопкинс Университетининг Тиббиёт бўлими таҳлилчиси Крис Бейрер фикрича, Марказий Осиёда иммун тақчиллиги вирусини юқтирганлар сонининг ошишига ноқонуний наркотикларнинг айнан шу минтақа орқали ташилаётгани ҳам сабаб бўлмоқда. Қозоғистоннинг Темиртау, Ўзбекистоннинг Янгийўл ва Қирғизистоннинг Ўш шаҳарлари наркотиклар контрабандаси йўлидаги асосий пунктлар ҳисобланади. Бейрер ва унинг ҳамкасблари ўтказган тадқиқотлар натижасида эса айнан шу шаҳарларда иммун тақчиллиги вируси ва ОИТСга чалинганлар сони айниқса кўп экани аниқланган.

Бош қароргоҳи Женевада жойлашган Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти ходимаси Ирина Савченконинг Озодлик радиосига билдиришича, минтақада иммун тақчиллиги вируси ва ОИТС, асосан, ёшлар орасида тарқалмоқда:

- Ёшлар аҳолининг энг таъсирчан қатлами ҳисобланади. Ҳозирда иммун тақчиллиги вируси ва ОИТСга чалинганларнинг 85-90 фоизини 18-25 яшар ёшлар ташкил этмоқда.

Ғарбий Европа ва АҚШдан фарқли ўлароқ, собиқ Совет Иттифоқида иммун тақчиллиги вируси, асосан, гиёҳвандлар орасида тарқалмоқда. Савченко фикрича, бу касалликнинг жуда катта суръатлар билан тарқалаётгани сабабидир:

- Ғарб давлаларида касаллик, асосан, жинсий алоқалар орқали, нисбатан секин тарқалса, Шарқий Европада у наркотикларни шприц орқали қабул қилиш оқибатида тарқалади. Масалан, жинсий алоқалар орқали ОИТСни юқтириш эҳтимоли 0,1 фоизга тенг. Наркотикларни истеъмол қилаётганда ишлатилган шприцлардан фойдаланиш орқали эса касаллик 30 фоиз ҳолларда тарқалади. Фарқни кўраяпсизми?

Ирина Савченко каби мутахассисларнинг қайд этишларича, касаллик илк босқичда гиёҳвандлар орасида тарқалади, сўнг уни жинсий алоқа ва қон қуйиш орқали бошқалар ҳам орттиради.

Қирғизистоннинг ОИТС маркази директори муовини Ойнагул Осмонова минтақада эпидемия юзага келиши мумкинлигини эътироф этади:

- Ҳозирда Қирғизистонда иммун тақчиллиги вируси ва ОИТСга чалинган 400 одам бор. Албатта, бу расмий маълумот. Аслида бу рақам ўн баробар катта бўлиши мумкин. Уларнинг аксарияти наркоманлар. ОИТС Марказий Осиё учун потенциал таҳликадир. Агар касаллик фақат жинсий алоқа орқали тарқалганида, бу борадаги кўрсаткичлар бунчалик баланд бўлмас эди.

Жаҳон Банки ҳисоботига кўра, иммун тақчиллиги вируси ва ОИТС айниқса тез тарқалаётган мамлакатлар ҳукуматлари муаммони инкор этишда давом этмоқдалар.

Сўнгги 7 йил ичида Ғарбий Европа ва Шимолий Америкада ҳукуматлар ОИТСга қарши кураш тадбирларига катта эътибор беришяпти. Ушбу ишлар доирасида беморга пулсиз маслаҳат бериш, ахборот тарқатиш, ишлатилган шприц ва игналар ўрнига янгиларини тарқатиш каби тадбирлар олиб борилади. “Зарарни камайтириш”, деб аталадиган бундай тадбирлардан бири гиёҳвандлар орасида янги шприцларни тарқатиш йўли билан улар орасида ОИТСни юқтириш ҳолларини ҳеч бўлмаса камайтиришга қаратилган. Россияда ҳам “зарарни камайтириш”га қаратилган 50 лойиҳа амалга оширилмоқда. Аммо собиқ совет республикаларининг аксариятида бундай ишлар учун етарли маблағ йўқ. Россия ҳукумати ўтган йилда ОИТСга қарши кураш учун бор-йўғи 5 миллион доллар ажрата олди, холос.

Буни қайд этар эканлар, экспертлар вазиятни ўзгартириш зарурлигини таъкидлашмоқда. Улар фикрича, ҳукуматлар авваламбор ОИТСнинг олдини олиш ишлари учун кўпроқ маблағ сарфлашлари керак. Акс ҳолда соғлиқни сақлаш соҳасида бўҳрон юзага келиши, бу эса 10 йилдан кейин иқтисодиётга жиддий таъсир қилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG