Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:10

Собиқ НАТО қўмондони Уэсли Кларк - АҚШ президентлигига номзод


Фарангис Саид НАТО кучларининг собиқ қўмондони, ҳаётининг катта қисми АҚШ армияси ҳарбийси сифатида ўтган, илгари “катта сиёсатга” аралашмаган Уэсли Кларк 2004 йилги президентлик сайловларида қатнашиш ниятини билдирди.

Демократлар Партияси номзоди бўлмиш Кларк буни чоршанба куни ўзи туғилиб ўсган шаҳарда эълон қилди:

- Менинг исмим Уэс Кларк. Мен Арканзас штатининг Литтл Рок шаҳриданман. Мен ўз номзодимни Америка Қўшма Штатлари президентлигига қўйишга қарор қилганимини эълон қилмоқчиман.

Кўп йиллар давомида Пентагонда ишлаган генерал Уэсли Кларк 1992-95 йилларда Босния урушига якун ясашга қаратилган дипломатик ташаббусларда ҳам қатнашган. 1999 йилда эса у Косоводаги ҳарбий операцияларга бошчилик қилган.

Ўтган йили Буш маъмурияти Саддам Ҳусайн режимига қарши ҳарбий ҳаракатлар бошлаш режасини илгари сураётганида, Кларк БМТ резолюциясисиз Ироқ билан уруш бошламасликни тавсия қилиб, жамоатчилик диққатини ўзига қаратди. У, шунингдек, ўтган йил сентябр ойида АҚШ Сенати қошидаги Қуролли кучлар бўйича қўмита йиғинида президент Бушнинг Ироқ сиёсатини танқид қилиб, уруш бошлашдан кўра, Ал-Қайдага қарши ҳаракатларни кучйтириш лозимлигини таъкидлаган эди.

Сиёсий шарҳловчилар фикрича, Кларкнинг ҳарбий ва дипломатик соҳадаги тажрибаси иқтидордаги президент билан беллашувда қўл келади. Чунки кўпгина америкаликлар Жорж Бушни АҚШ хавфсизлигини таъминлашга қодир раҳбар сифатида кўришади. Бу эса, америкалик сайловчилар фикрича, мамлакат халқаро терроризм таҳдиди остида бўлган даврда ниҳоятда муҳимдир.

Вашингтонда жойлашган Кэйто Тадқиқотлар Институти таҳлилчиси Патрик Бэшэм Уэсли Кларк ҳақида мана бундай дейди:

- Демократлар Партиясидаги кўпчилик номзодлардан фарқли ўлароқ, Уэсли Кларк ташқи сиёсат ва ҳарбий соҳада анча катта тажрибага эга. У ҳарбий соҳа, мудофаа, миллий хавфсизлик масалаларида ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб, кўпларни енгиши мумкин.

Аммо, кузатувчиларнинг эътироф этишича, Кларкнинг заиф тарафлари ҳам йўқ эмас. Объектив сабаблар орасида унинг сайлов кампаниясига нисбатан кеч қўшилганини айтиб ўтиш мумкин. Демократлар Партиясининг қолган 9 номзоди кампанияни бир неча ой олдин бошлаб юборган. Улар шу пайтгача миллионлаб доллар йиғишга муваффақ бўлдилар. Бундан ташқари сайловчилар айрим штатларда уюштирилган учрашувлар ҳамда матбуот орқали номзодлар номлари ва дастурлари билан таниша олдилар.

Таҳлилчи Бэшэм фикрича, Кларк олдида турган энг муҳим вазифа сайловолди кампанияси учун етарли маблағ тўплашдир:

- У маблағ йиғиш қобилиятларини тезда намойиш қилиши лозим. Буни у, биринчидан, Демократлар Партиясига ва, муҳими, сайловда етарли овоз тўплаш учун тарафдорларга намойиш қилиши зарур.

Маълумотларга кўра, Кларк сайлов кампаниясига кеч қўшилаётган бўлса-да, ўзининг интернетдаги саҳифаси орқали тарафдорлар таянчини қозона бошлаган. Шу кунга қадар унга 1,3 миллион доллар ваъда қилинди.

Матбуотдаги хабарларда айтилишича, у, шунингдек, Голливуднинг машҳур режиссёри Стивен Спилберг билан учрашган. “Демак, - дейишмоқда кузатувчилар, - у Голливуд маблағларини ҳам сайловолди кампаниясига жалб этиши мумкин”.

Собиқ АҚШ президенти, Кларк туғилиб ўсган Арканзас штатининг собиқ губернатори Билл Клинтон Уэсли Кларкни қўллаб-қувватлашга қарор қилди. Кларк командасида ўз вақтида Клинтонга президент этиб сайланишда ёрдам берган мутахассислар бор. Кузатувчилар фикрича, Кларкнинг чоршанба кунги чиқиши унинг турли сиёсий гуруҳ ва табақаларга мансуб одамлар овозини қозона оладиган дастурга эгалигини намойиш қилган:

- Нима сабабдан Америкада иш жойлари сони 2,7 миллионга камайди? Нима сабабдан Америка бюджетида, мўлжалланганидек, 5 триллион доллар ортиб қолиши ўрнига 5 триллион долларлик тақчиллик кузатилмоқда ва бу рақам кундан кунга ошиб бораётир? Нима сабабдан Америка дунё бўйлаб ҳурматни йўқотди?

Уэсли Кларк АҚШ президентлигига даъво қилаётган биринчи собиқ генерал эмас. Иккинчи Жаҳон Уруши қаҳрамони генерал Дуайт Эйзенхауэр 1953-61 йилларда АҚШ президенти бўлган.
Кузатувчилар фикрича, Уэсли Кларкка қарши чиқаётганлар унинг хатоларини эсга олишга ҳаракат қиладилар. Бундай хатолардан бирига Косово бомбардимон қилинаётган вақтда йўл қўйилган. Кларк ўша пайтги АҚШ Мудофаа котиби Уилям Коэн билан Югославия ҳудудига пиёда қўшинларни юбориш ва бу билан президент Слободан Милошевични тезда ҳокимиятдан четлаштириш зарурлиги хусусида баҳслашган. Аммо Коэнни бунга кўндира олмаган. НАТО Бош Қўмондони сифатида Клинтон томонидан тайинланган Кларк муддати тугашидан уй ой олдин ишдан кетишга мажбур бўлган.
XS
SM
MD
LG