Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:38

Беларус давлат мафкураси тарғиб қилинмоқда.


Акрам Файзулло

Яқинда Беларус президенти Александр Лукашенка давлат мафкурасини тарғиб қилиш учун Меҳнат ва Ижтимоий Таъминот Вазирлигига мамлакатдаги барча корхона, ташкилот ва муассасаларда мафкуравий ишлар учун маъсул лавозимлар яратиш ҳақида буйруқ берди. Маълумотларга кўра, бошлиқ ўринбосари даражасидаги бундай лавозимлар ходимлар сони 300дан ортиқ бўлган давлатга қарашли ëки хусусий ширкатларда ташкил қилинмоқда.

Аммо Беларус давлат мафкураси моҳияти аниқ кўрсатиб берилмаган. Кузатувчилар фикрича, Лукашенка ўз сиëсатини танқид қилаëтганлар овозини ўчиришни ва собиқ Совет Иттифоқи раҳбарлари каби жамиятни назорат қилишга интилмоқда.

Минскдаги Стратегик Тадқиқотлар Маркази таҳлилчиси Валерий Карбалевич айтишича, Беларус давлат мафкураси китоб ëки хатто мақола шаклида тақдим қилинмаган. Унга кўра, Беларус давлат мафкурасини тарғиб қилишга маъсул мутасаддиларнинг асосий вазифаси Лукашенкани мақташ ва унинг сиëсатига қарши бўлганлар ҳақида ҳукумат мулозимларига ҳисобот беришдан иборат бўлади.

“Менимча, мафкурани тарғиб этадиган мутасаддилар бир оддий ва бемаъни яхши тушунадилар. Яъни, улар Лукашенка ва унинг сиëсатини мақташ ва унинг барча душманлари жумладан, Ғарб ва Белорус муҳолифатини қоралашлари керак. Ушбу мутасаддилар шунингдек, сиëсий вазият тақозо этса, Россияни ҳам танқид қилишади, аммо агар вазият ўзгарса, унинг билан интеграцияни қўллаб-қувватлашади. Демак, мафкура фақат Лукашенкани улуғлашдан иборат, холос”, - дейди Валерий Карбалевич.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Беларус Хелсинки Қўмитаси нодавлат ташкилот бошлиғи Татяна Протска ушбу фикрга қўшилади. Унинг айтишича, гарчи Лушакенка давлат мафкурасини аниқ кўрсатиб бермаган бўлса-да, Беларусда бундай ғояни тарғиб қиладиган тизим мавжуддир.

“Совет тизими тарғибот модели сифатида қабул қилинди. Бир пайтлар коммунистик партия органларида мафкура бўйича ўринбосарлар бўлган эди. Ҳозир партия органлари ўрнини вертикал йўналишдаги президентлик ҳокимияти эгаллаган”, - дейди Татяна Протска.

Таҳлилчи Валерий Карбалевич айтишича, Лукашенка Беларус жамиятини ушбу вертикал ҳокимият орқали назорат қилишни хоҳлайди. Унга кўра, ушбу мафкуравий назорат структураси президентлик девонидан бошланиб, кичик корхоналаргача бориб етади.

“Барча туман ва вилоят ҳокимликларида мафкуравий ишлар бўйича раис ўринбосарлари бор. Мафкуравий вертикал мавжуд. Юқори лавозимлардаги амалдорлар қуйи лавозимлардаги мутасаддиларни назорат қилишади”, - дейди Валерий Карбалевич. Унинг айтишича, президент маъмуриятида мафкуравий ишлар учун маъсул бўлган мутасаддилар бор. Бир қарашда, мафкуравий тизим самарали бўлиб кўриниши мумкин. Аммо Беларус таҳлилчиси Карбалевичга кўра, бу Лукашенка ҳукумати кутаëтган натижаларни бермайди.

“Бу ишлар самараси катта бўлмайди. Чунки авваламбор Беларус Совет Иттифоқи эмас. Беларус очиқ жамиятдир. Мамлакатда мустақил матбуот мавжуд, аҳоли Россия телевидениесини томоша қила олади ва фуқаролар чет элга эркин чиқа олишади”, - дейди Валерий Карбалевич.

Шунга қарамай, Беларусда мафкуравий ишлар бўйича мутасаддилар президент сиëсатини танқид қилган шахсга қарши маъмурий чора кўриш салоҳиятига эгалар. Энг оғир жазо шахсни ишдан ҳайдаш бўлиши мумкин. Барча ходимлар Беларус ҳукумати сиëсатидан хабардор бўлиш учун улар ҳар ойда бир марта сиëсий мажлисда қатнашишлари керак. Бундай қилмаслик – ишдан бўшатилиш учун асос бўлиши мумкин.

Беларусдаги касаба уюшмаси бошлиқларидан бири Александр Бухвостов айтишича, мафкуравий ишларга маъсул мутасаддилар аллақачон ишчиларни ҳукуматга қарши гапирмаслик ҳақида огоҳлантиришни бошлаганлар. Бухвостов расмийлар мафкурага тўғри келмайдиган далилларни топиш учун ишчиларнинг шахсий нарсаларини ҳам текшира бошлаганларини маълум қилади.
XS
SM
MD
LG