Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:31

Маҳалла яна бир назорат қилувчи органга айланяптими?


Шайбон «Хьюман райтс уотч» ташкилоти Ўзбекистондаги энг кичик ўз ўзини бошқариш органлари - маҳалла кенгашларига оид тадқиқот ўтказди. Тадқиқотчилар, маҳалла кенгашлари, асосан, фуқароларни диний эътиқоди учун таъқиб қилиш, маҳалладаги хонадонлар устидан доимий назорат ўрнатиш каби вазифаларни бажармоқда, деган хулосага келганлар. Шунингдек, маҳалла оқсоқоллари ва маҳалла кенгаши аъзолари айрим шахслар устидан ҳуқуқ-тартибот органларига маълумотлар етказиб бераётир.

22 сентябрь куни «Хьюман райтс уотч» ташкилоти Тошкентдаги «Гранд Мир» меҳмонхонасида ўзининг бу борадаги тадқиқотлари тақдимотини ўтказди. Бироқ, ушбу тадқиқот натижалари маросимга таклиф этилган маҳалла оқсоқоллари ва фаолларининг кескин норозилигига сабаб бўлди. Уларнинг айримлари бу тадқиқотларни Ўзбекистон ҳукуматига ва халқига қарши қаратилган ҳаракатлар сифатида баҳолади.

Айниқса, тадқиқотдаги: «Маҳалла фаоллари, маҳалла кенгаши аъзолари оиладаги зўравонликдан азият чекаётган аёлларнинг суд ёхуд бошқа ҳуқуқий органларга мурожаат қилишига йўл бермайди. Аксинча, уларни зўравонлик ҳукмрон хонадонга қайтишга, муаммони ўзаро ҳал қилишга чақиради», дейилган банд маҳалла фаолларида жиддий норозилик уйғотди. Уларнинг айтишича, бундай аёлларнинг ўзлари оиласига қайтишни истайди. Агар улар судга мурожаат қилмоқчи бўлса, маҳалла бунга қаршилик кўрсатмайди.

Маросимда иштирок этган оқсоқоллар: «Маҳалла - ўз ўзини бошқариш органи, у мустақил ва ҳеч қайси давлат тузилмаси кўрсатмаси билан фаолият юритмайди», қабилида эътирозлар билдирди. Бироқ «Фридом хаус» ташкилоти вакилининг агар маҳалла демократик тузилма бўлса, нима сабабдан маҳалла раиси ҳокимликлар томонидан тайинланиши ҳақидаги саволига маҳалла фаолларидан бирортаси жўяли жавоб қайтара олмади.

«Хьюман райтс уотч» ташкилотининг Тошкентдаги вакиласи Матильда Богнер ушбу маросимнинг баҳсли, фикр-мулоҳазаларга бой ўтганидан қониқиш билдирди. Унинг сўзларига қараганда, тадқиқот натижалари маҳалла оқсоқоллари ва фаолларини мавжуд муаммоларга бироз жиддийроқ қарашга ундайди.
XS
SM
MD
LG