Линклар

Шошилинч хабар
04 май 2024, Тошкент вақти: 23:47

ДАВЛАТ КОТИБИ ФОЙДАЛАНМАЙДИГАН ДАВЛАТ ТИЛИ


Совет Иттифоқи чок-чокидан сўкилиб кетиши арафасида унга аъзо бўлган республикаларнинг ҳаммасида ҳам миллий тикланиш жараёни шиддат билан кечди. Ўша даврда халқнинг сиёсий фаол қисми бўлган зиёлилар мамлакатнинг асосий туб аҳолиси тилига давлат тили мақомини бериш ҳаракатига тушди. Бу ҳаракат ўз натижасини берди ва 80-инчи йилларнинг охирларида аксари постсовет республикаларида давлат тили тўғрисидаги қонунлар қабул қилинди. Бу қонунларнинг қабул қилинганигаям, ҳадемай 15 йил тўлади.

Хўш, давлат тили мақомини олган тиллар ўтган давр ичида қандай ривожланди? Қарийб 15 йил муқаддам қабул қилинган қонунлар қоғозда қолиб кетмадими?

Минтақа мамлакатларида давлат тили мақомига эга бўлган тилларнинг бугунги аҳволи тўғрисидаги туркум мақолаларимизда мана шу саволларга жавоб излаб кўрганмиз.

Биринчи мақоламиз Қирғизистонга, бу мамлакатнинг давлат тили - қирғиз тилининг бугунги аҳволига оид.
Қирғизистонда қирғиз тилига давлат тили мақоми берилганига ўтган ҳафтада 14 йил тўлди. "Давлат тили тўғрисида"ги қонун ҳали Совет Иттифоқи тарқамай туриб, 1989 йилнинг 23 сентябрида қабул қилинган эди. Ўшандан буён бу қонун янгилангани йўқ. Ҳозир ҳам ўз кучида. Бироқ, қирғиз тилининг жонкуярлари, қонунда белгилаб қўйилган меъёрларга амал қилинавермаяпти, деган фикрни билдирмоқдалар. Улар, айниқса, Қирғизистонда рус тилига расмий тил мақоми берилгач, қирғиз тилига эътибор ўта сусайиб кетди, демоқдалар. Қирғизистон Республикаси Фанлар Академияси аъзоси, профессор Бубуйна Ўрузбаеванинг фикрича, рус тилига расмий тил мақоми берилиши кўплаб амалдорлар учун айни муддао бўлди.

- Рус тили расмий тил бўлиб қолганидан кейин, қирғизча гапиришга ва ёзишга қийналган амалдорларимизнинг кўкдан излагани ердан топилиб қолди. Қирғизчани бир четга суриб қўяқолишди, - дейди академик Бубуйна Ўрўзбаева.

Қирғизистон Республикаси Давлат тили бўйича комиссиясининг собиқ раиси Қазат Ақматовга кўра, ҳокимият вакиллари комиссия билан муносабатларида баланддан келадилар, менсимай муносабат қиладилар.

- Комиссиямиз ўз мажлисларида давлат тили бўйича қонуннинг бажарилиши бўйича 9 вазирликнинг ҳисоботини тинглади. Комиссияга ҳисобот бериш учун 9 вазирдан 8 нафари ўз ўринбосарларини юборди. Биргина Костюк ўзи келиб ҳисобот берди, - дейди Қазат Ақматов.

(Шу ўринда қавслар ичида Александр Костюк Қирғизистоннинг Қишлоқ ва Сув Хўжалиги, Қайта ишлаш Саноати Вазири эканлигини, у мамлакатдаги юз минглаб руслардан фарқли ўлароқ, қирғиз тилида тўғри ва равон гапира олиши билан шуҳрат қозонганлигини айтиб ўтмоқчимиз)

Қирғизистонда давлат тили тўғрисидаги қонуннинг янги вариантини қабул қилиш лозим, деган ғоялар ҳам бор. Республика парламенти - Жогорку Кенеш депутати Бектур Асанов ўшандай ташаббус билан чиқаётганлардан бири. Унинг фикрича, мамлакатда мафкура, шу жумладан давлат тили учун масъул бўлган Давлат Котиби Ўсмўнакун Ибраимовнинг ўзи қирғизча гапирмай қўйган.

- Мен бу кишини аввал ҳам бир неча бор танқид қилган эдим. Ибраимов парламентда бўладими, телевидениеда бўладими, хуллас, қаерда бўлмасин, бирон марта ҳам қирғизча гапирганини эшитганим йўқ. Ё русча гапиради, ёки инглизча. Бу киши қирғизчани унутиб қўйганми, деб ўйлаган эдим. Йўқ, унутмаган экан. Яқинда бир катта тўйда қирғизча гапирганини эшитдим. Бинойидай гапирар экан, - дейди депутат Бектур Асанов.

Қирғизистондаги бир қатор мутахассислар давлат тили тўғрисидаги қонуннинг эскириб қолганини таъкидламоқдалар. Жогорку Кенешга қонуннинг бир неча янги лойиҳаси тақдим этилган. Давлат тили тўғрисидаги қонуннинг янги лойиҳаларига қирғиз тилини замонавий ахборот технологияларига мослаштиришга имкон яратувчи бир қатор моддалар киритилган. Жогорку Кенеш депутати Ўмурбек Текебаев қирғиз тилига мослаштирилмаган ахборот технологияларини Қирғизистонда сотиш ҳамда улардан фойдаланишни таъқиқлаб қўйишни таклиф қилмоқда. Депутатнинг таклифини Давлат тили бўйича Комиссиянинг собиқ раҳбари Қазат Ақматов ҳам қўллаб қувватлайди.
XS
SM
MD
LG