Линклар

Шошилинч хабар
14 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:49

Коррупция муаммосига оид янги ҳисобот тарқатилди.


Акрам Файзулло

Давлат расмийлари қанчалар порахўрлар? Шифокордан тортиб ўқитувчигача пора беришга мажбур бўлаëтган миллионлаб одам учун бу саволга жавоб бериш осон бўлиши мумкин. Аммо қанча расмийнинг порахўрлик учун жавобгарликка тортилганини кўрсатувчи рақамларга таянилса, бунга аниқ жавоб бериш қийиндир.

Шунинг учун дунë мамлакатларидаги коррупция муаммоси билан шуғулланувчи “Transparency International” ташкилоти йиллик ҳисоботини айнан жамоатчиликнинг ўз сиëсати ва расмийларининг қанчалар порахўрлиги ҳақидаги фикр-тушунчаларига асосланиб ҳозирлайди. Ташкилотнинг сешанба куни тарқатган янги ҳисоботида 133 мамлакатда порахўрлик билан боғлиқ муаммолар, шунингдек коррупцияга қарши олиб бораëтган кураш тўғрисида маълумотлар берилган. Унда коррупция чуқур илдиз отган мамлакатга 1, порахўрликдан тоза бўлган мамлакатга эса 10 баллгача баҳо берилган.

Янги ҳисоботдан Финландия ва Исландия каби Скандинавия давлатлари коррупция муаммосидан анча йироқ эканлари яна бир бор аëн бўлди. Бу мамлакатларга қарийиб 10 балл баҳо берилди.

“Transparency International” ташкилотининг аввалги ҳисоботларида ҳам қайд этилгани каби, Марказий Осиë мамлакатлари ҳануз порахўрлик ботқоғида қолмоқда. Бу галги ҳисоботда Ўзбекистон ва Қозоғистонга 2,4, Қирғизистонга 2,1, Тожикистонга эса 1,8 балл баҳо берилди. Туркманистондаги коррупция муаммоси ҳақида эса маълумот олишнинг умуман имкони бўлмаган.

“Transparency International” ташкилотининг Марказий ва Шарқий Европа бўйича ижроия директори Миклос Маршалга кўра, ўтган йил давомида нефтга бой мамлакатларда коррупциянинг кенгроқ илдиз отгани кузатилган:

“Умуман олганда, коррупцияга қарши курашда катта ижобий ўзгариш кузатилмаяпти. Озарбайжон ва Қозоғизистонга ўхшаган нефтга бой собиқ комунистик мамлакатлардаги порахўрлик муаммосидан жиддий хавотир олаяпмиз. Бу мамлакатлардаги коррупцияга даражаси жуда баландлигича қолмоқда ва вазиятда деярли ўзгариш кузатилмади”, - дейди Миклос Маршал.

Бу каби хавотирлар сабаби эса содда – жилла қурса, назарияда оддий одамлар ўз мамлакатининг нефт бойлигидан баҳраманд бўлишлари керак. Аммо амалда кўпинча бундай бойлик бир ҳовуч ҳукумат амалдорларининг чўнтагини қаппайтирмоқда, холос.

Шунинг учун коррупцияга қарши курашаëтган “Transparency International” ташкилоти халқаро нефт компанияларини ҳукуматларга нима учун ва қанча пул бераëтганларини аниқ билдиришга чақирмоқда. Миклос Маршал бу ҳақда мана буларни айтади:

“У ëки бу мамлакатда бундай ахборот нодавлат ташкилотга ҳукуматга босим қилиш ва ундан нефт компаниясидан олинган миллионлаб долларнинг қаерга кетганини сўраш имконини беради. Бу нарса нефтга бой мамлакатларда ниҳоятда муҳимдир. Бунга Озарбайжон ва Қозоғистонни яққол мисол ўлароқ келтириш мумкин”, - дейди Миклос Маршал. У “Transparency International” ташкилоти коррупция илдизига болта уриш учун сиëсий иродага эга бўлган ҳукуматларга ëрдам беришга тайëр эканини қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG