Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:33

Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескинлашуви


А. Арол Исроил, Сурия ҳудудидаги фаластинлик жанггарилар лагерларига ҳаводан зарба берганидан кейин АҚШ Президенти Жорж Буш Исроилнинг ўз-ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини яна бир бор қаттиқ қўллаб-қувватлади.

Исроилнинг якшанба кунги ушбу ҳужуми дунë бўйлаб кенг миқëсда, жумладан БМТ Бош Котиби Кофи Аннан томонидан қораланганига қарамай, Буш – Исроилнинг ўз-ўзини ҳимоя қилишда истиҳола қилиб ўтириши керак эмас, дея баëн этди.

"Шароннинг Исроил халқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қарорлари асослидир. Биз ҳам худди шундай қилган бўлар эдик. Халқимизни ҳимоя қилишимиз керак. Аммо айни пайтда, қарор қабул қилишда кўп нарсани мулоҳаза қиламиз ва Исроил Бош Вазири ҳам шундай қилиши лозим. Бош Вазир ўз қарори оқибатлари қандай бўлишини англаши ва ўз халқини ҳимоя қиллиш жараëнида вазиятни янада кескинлаштирадиган воқеаларга туртки бермаслиги керак", - деди АҚШ Президенти ўз баëнотида.

Ҳайфа шаҳрида 19 кишининг ўлимига сабаб бўлган худкуш фаластинлик ҳужумидан бир кун ўтиб, Исроил сўнгги 30 йил ичида Сурияга нисбатан энг кучли деб қаралаëтган зарбага қўл урди.

Сурия расмийларига кўра, Исроил ҳарбий учқичлари аҳоли яшаш пунктни нишонга олган. Сурия Президенти Башар Асад Исроилни, Сурия ва бошқа Яқин Шарқнинг давлатларини кенгроқ тўқнашувлар гирдобига тортишга уринаëтганликда айбламоқда.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, Исроил ҳужуми аллақачон Фаластин-Исроил зиддиятини чуқурлаштириб юборган ва Шароннинг Вашингтонда қаршиликка учрамаган ҳаракатлари вазиятни янада кескинлаштиришга хизмат қилади.

"Исроилнинг Суриядаги фалстинликлар лагерини нишонга олишининг ўзиëқ вазиятни мураккаблаштирувчи омилдир. Бу Фаластин-Исроил зиддиятларининг ўз дойирасидан ташқарига – Сурия ҳудудларига кўчаëтганини англатади. Буш маъмуриятининг воқеаларнинг бундай тус олишига ҳеч қандай эътироз билдирмаганидан руҳланган Шарон, энди Ливанга ҳан ҳужум қилиши мумкин", - деди Яқин Шарқ бўйича мутахассис, Жорж Вашингтон университети профессори Мурҳаф Жужати.

Айни пайтда, Бош Вазир Ариэл Шароннинг айтишича, Исроил ўзига таҳлика солаëтганларга превентив зарба беришда АҚШдан ўрнак олмоқда ва ўз халқига қарши террор ҳужумларининг олдини олиш учун Исроил душманларига ҳар ерда ва ҳар вақтда зарба беришни давом эттиради.

"Исроил ўз фуқароларини ҳимоя қилиш раъйидан асло қайтмайди ва душманларига ҳар ерда ва ҳар қандай йўл билан зарба беришда иккиланиб ўтирмайди. Айни пайтда, қўшниларимиз билан келишувга эришиш имконларини ҳам қўлдан бермаймиз", - деб таъкидлади Шарон.

Вашингтон Сурияни терроризмни давлат миқëсида ҳимоя қилаëтганликда, ҳамда хорижий жанггариларга Сурия орқали Ироққа ўтиб бу ердаги АҚШ кучларига қарши партизан уруши олиб боришларига йўл бераëтганликда айбламоқда. Сурия эса, бундай иддаоларни рад этмоқда.
XS
SM
MD
LG