Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:12

Ўзбеклар Россия армиясида хизмат қиладими?


Фарангис Саид Айрим маълумотларга кўра, Россия Давлат Думаси қошидаги Мудофаа масалалари бўйича қўмита қонун лойиҳаси юзасидан ижобий хулоса чиқарган. Бу эса “хорижликларни Россия армиясида ҳарбий хизматга жалб этиш керакми?”, деган савол атрофидаги мубоҳасалар ҳам ижобий якунланганини англатади.

Мазкур таклиф биринчи бор шу йил бошида Россия Мудофаа вазири Сергей Иванов томонидан илгари сурилган эди. Вазирга кўра, собиқ совет республикалари фуқаролари Россия армиясида жон-жон, деб хизмат қиладилар. Чунки шартнома асосида ўталган хизмат муддати якунида ҳарбий, имтиёзли суратда Россия фуқаролигини олиши мумкин бўлади. (Иванов бу тоифадаги одамлар учун фуқароликни олиш муддатини уч йилгача қисқартиришни таклиф этган).

Президент Владимир Путин мазкур таклифни қўллаб-қувватлаб, тегишли қонун лойиҳасини парламентга тақдим этди.

Ушбу таклиф ортидаги сабаблар ҳақида Озодлик радиосининг Россия бўйича таҳлилчиси Виктор Яссман мана бундай дейди:

- Президентнинг хорижий давлатлар, хусусан МДҲ фуқароларини Россия армиясига ҳарбий хизматни ўташга жалб этиш ҳақидаги таклифига Россиядаги ташвишли демографик вазият сабаб бўлди. Россия аҳолиси катта суръатлар билан камайиб бормоқда. Россия армиясида эса аскарлар тақчиллиги кузатилмоқда.

Таклиф этилаётган қонун қабул қилинган тақдирда, Россия хорижликларни ҳарбий хизматга чақираётган биринчи давлат бўлмайди. Ҳозирда Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Буюк Британия, Франция ва АҚШ армияларида хорижликлар шартнома асосида хизмат ўтамоқдалар. Франциядаги Хорижийлар легионининг бутун дунёга донғи кетган. АҚШ армияси ҳам шу йил апрел ойида жаҳон ҳамжамияти эътиборини ўзига қаратди. Ўшанда АҚШ Президенти Жорж Буш Ироқда нобуд бўлган икки аскар ота-онасига АҚШ фуқаролигини тақдим этган эди. Маълумотларга кўра, асли Коста-Рикалик бўлган иккала йигит ота-онаси бунгача АҚШда ноқонуний равишда яшаган.

Россия раҳбариятининг хорижликларни профессионал армияга жалб этиш ҳақидаги қарори айрим собиқ совет республикалари ҳукуматлари томонидан салбий қабул қилинди. Грузия, Туркманистон, Украина ва Ўзбекистон шулар жумласидан. Хусусан, Ўзбекистон қонунларига кўра, республика фуқароси фақат Ўзбекистон армиясида хизмат ўташи мумкин. Хорижий давлат армияси сафларида хизмат қилиш ноқонуний ҳисобланади ва ҳатто жиноят деб баҳоланиши мумкин. Виктор Яссман Украина ва Грузия ҳақида маълумот беради:

- Хусусан, Украина қонунларига кўра, Украина фуқаросининг бошқа давлат армиясида хизмати жиноят, деб баҳоланади ва унга нисбатан 10 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилади. Грузия конституциясига кўра ҳам хорижий давлат армиясида хизмат қилиш таъқиқланган. Россиянинг бу муаммони қандай ҳал этиши менга қоронғу.

Аммо Россия раҳбариятини бундай аҳвол ташвишлантирмаётган кўринади. Бош Штаб ҳисоб-китобларига кўра, қонун лойиҳаси қабул қилинган тақдирда, биринчи бўлиб Арманистон, Беларус, Тожикистон ва Қирғизистон фуқароларига Россия армиясида шартнома асосида хизмат қилиш таклиф этилади. Хизмат Россиянинг ушбу давлат ҳудудларида жойлашган ҳарбий базаларида ўталади.

Айрим Россия ҳарбийларининг улар билан хизмат қилишни хоҳлаётган собиқ совет фуқаролари жуда кўплигига ишончи комил. Биринчидан, каттагина ойлик маош, иккинчидан Россия фуқаролигини олиш имкони собиқ совет республикаларида яшаётган руслар учун катта имкониятдир.

Хуллас, Россия Давлат Думасида мана бу масалалар овозга қўйилади:

  • хорижий давлатлар фуқароларига Россия армиясида фақат оддий аскар ва сержант даражасида хизмат қилиш имкони берилади;
    биринчи шартнома фақат 18дан 30 ёшгача бўлган шахс билан тузилиши мумкин. (Россияликлар учун ушбу муддат 18дан 40 ёшгачани ташкил қилади).

Ва яна бир шарт - Россия армиясида хизмат қилиш истагини билдирган шахс рус тилини билиши лозим.

Шу ўринда мазкур шартнинг қўйилиши Россия раҳбариятининг хорижда яшаётган русларни армияга жалб этиш орқали мамлакат аҳолиси сонини кўпайтиришни режалаштираётганини англатмайдими, деган савол туғилиши мумкин.

Виктор Яссман бу хусусида шундай фикр билдиради:

- Рус тилини билиш шарти – табиий шарт бўлиб, аскар берилаётган буйруқларни тушуниши лозим. Агар у рус тилини тушунмаса, тилни ўрганиши керак. Менимча, армияга танлов профессионал мезонларга кўра амалга оширилади.

Шундай дер экан, Озодлик радиоси таҳлилчиси Виктор Яссман Президент Владимир Путин собиқ совет республикаларини Россия таъсир доирасига киритишни устивор миллий манфаат сифатида белгилагани ва бунга ҳаракат қилаётганини айтиб, янги қонун лойиҳасининг ҳам айнан шу ҳаракат белгиси эканини таъкидлайди.
XS
SM
MD
LG