Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:02

ҚИРҒИЗИСТОНДА ХИЗБ-УТ-ТАҲРИР


Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги Диний ишлар бўйича давлат комиссияси раиси Ўмурзақ Мамаюсупов 9 октябр куни АКИpress ахборот агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида "Хизб-ут-Таҳрир" Қирғизистоннинг асосий муаммоси бўлиб қолмоқда", деди.

Давлат Комиссияси раисига кўра, аҳолининг кам таъминланган қатламларида мазкур исломий партиянинг тарафдорлари кўпайиб бормоқда.
"Оммавий ахборот воситаларида Хизб-ут-Таҳрирнинг 3 мингдан 5 минг нафаргача аъзоси бор, дейилмоқда, биздаги маълумотларга қараганда ҳам шундай", - деган жаноб Мамаюсупов.

Қирғизистонлик кузатувчиларнинг аксарияти Хизб-ут-Таҳрирнинг таъсири мамлакатнинг жанубий вилоятларида кучли эканлигини таъкидлайдилар. Ўшлик журналист Алексей Суховга кўра, хизбчиларнинг кўпчилиги ўзбеклардир. Бироқ, кейинги пайтларда мамлакат шимолида ҳам мазкур диний партия аъзоларининг тарафдорлари сафи кенгайиб бормоқда.

Хўш, оддий қирғизистонликлар, хусусан, ўшликларнинг Хизб-ут-Таҳрирга муносабати қандай?

Бу савол билан биз қирғизистонлик таниқли журналист Муҳаммаджон Хамидовга мурожаат қилдик. Ҳамкасбимиз фикрича, кейинги йилларда яширин диний партияга ҳайриҳоҳлар сони камайиб бормоқда.

"Аҳолининг билим даражаси юқори бўлган қисми хизбчиларнинг шиор-чақириқларини инкор этмоқда",- дейди ўшлик журналист Муҳаммаджон Хамидов.

Бироқ айни пайтда қирғизистонлик ўзбек аёлларига диний таъсирнинг кучайганини сезиш мумкин. Уларнинг ташқи кўриниши кейинги бир-икки йил ичида кескин ўзгариб кетди. Кўчага бош яланг чиққан ўзбек аёли йўқ ҳисобида. Жуда кўп ота- оналар ўз қизчаларини ҳужраларга, яъни отин бувиларнинг хонадонларидаги бошланғич диний мактабларга бермоқдалар. Бу ҳолат, бир қарашда, исломий қадриятларнинг қарор топаётганлигидан далолатдек бўлиб кўриниши мумкиндир. Бироқ, масалага чуқуррорқ разм солинсачи? Суҳбатдошимиз, қирғизистонлик журналист Муҳаммаджон Хамидовнинг фикрича, ишсизликдан уйда ўтириб қолган, мамлакатнинг сиёсий- ижтимоий ҳаётида иштирок этиш имкониятидан маҳрум бўлган қирғизистонлик ўзбек аёллари турли диний оқимларнинг таъсирига тушиб қолмоқдалар.

9 октябр кунги матбуот анжуманида Диний ишлар бўйича давлат комиссияси раиси Ўмурзақ Мамаюсупов Хизб-ут-Таҳрирнинг молиявий манбаларини билмаслигини таъкидлаган. Бироқ, деган у, ҳуқуқ-тартибот органлари бу ҳақдаги маълумотларга эгалар.

Шу ўринда бир ўшлик аёл Хизб-ут-Таҳрир халқасига кириб қолган турмуш ўртоғини бу ташкилотдан чиқариб олгани, бунинг учун халқа аъзоларига жарима тўлагани тўғрисида бундан бир неча ой аввал эшитганимиз гап ёдимизга тушди. Лавҳани тайёрлаш жараёнида ўша аёлнинг телефонини топиб, шу гаплар чиндан ҳам бўлганми, деб сўрадик. У киши ҳамма гап ростлигини, ҳатто тўлаган жаримаси миқдорини ҳам айтди. Бироқ, на исмини, ва на тўлаган жаримаси миқдорини сиз тингловчига айтишимизга рухсат берди.

Хўш, Хизб-ут-Таҳрирга қарши курашиш керакми? Агар курашиш лозим бўлса, у қай усулда бўлиши керак?

Ўшлик журналист Алексей Сухов қирғизистонлик давлат амалдорлари орасида хизбчиларга қарши курашишда "ўзбекча", яъни Ўзбекистондагидай кураш усулларини қўллаш тарафдорлари борилигини, улар мазкур яширин диний партия аъзоларини оммавий равишда қамоққа олиш керак, деб ҳисоблашларини, бироқ айни пайтда бундай репрессив усулларга қарши сиёсатчилар ҳам кўп эканлигини айтади. Қирғизистон Республикаси Жоғорқу Кенеши депутати Алишер Собиров Хизб-ут-Таҳрир аъзоларини оммавий равишда қамаш ғоясига қарши сиёсатчилардан бири. Унинг фикрича, агар хизбчилар оммавий равишда қамоққа ташлангудек бўлса, уларнинг ғоялари бошқа жиноятчилар орасида ҳам кенг ёйилиб кетиши мумкин ва бир неча йилдан сўнг Исломий халифалик қуриш йўлидан қайтмайдиган тажрибали жиноятчилардан иборат қалин қатлам пайдо бўлади.
XS
SM
MD
LG