Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:14

Озарбайжон. Сайловга бир кун қолди.


"Озарбайжондаги президент сайловларининг натижаси қандай бўлади?" деган саволга таҳлилчилар икки хил жавоб беришмоқда.Биринчи жавоб- сайловларнинг биринчи босқичида яъни 15 октябр куни ҳеч ким ғалаба қозонмайди; иккинчи босқич мухлифат номзоди Иса гамбар ва Илҳом Алиев ўртасида кечиб, Илҳом Алиевнинг ғалабаси билан тугалланади. Иккинчи жавоб сайловнинг биринчи босқичидаëқ Илҳом Алиевнинг сайланиши аниқ. Демак ҳар икки ҳолатда ҳам Озарбайжонда алиевлар сулоласи сақланиб қоларканда!

Мусовот партияси раиси, президентликка номзод Иса Гамбар гапиради.

Иса Гамбар:
"Албатта сулола ëки монархия хавфи нафақат Озарбайжон, балки бутун собиқ совет ҳудудлари узра кезиб юрган хатарли шарпадир.Агар Озарбайжонда бу сценарий амалга ошса, бошқа собиқ совет республикалари учун ëмон ўрнак бўларди."

Дарҳақиқат аксарият собиқ совет республикалари тепасидаги қариëтган раҳбарлар ўз ўрнига фарзандларини қолдириш ниятини яширишаëтгани йўқ.

Қозоғистон президентининг қизи Дариға Назарбоева ўтган ой иқтидорга келиш ниятини очиқлаган бўлса, Туркманистон президентининг ўғли Муроднинг ҳам ота изидан бориши кутилмоқда.

Бундай ҳолатни жаҳон сиëсатида ҳам кузатишимиз мумкин. Масалан Шимолий Кореяда Ким Ир Син ўрнига унинг ўғли ўртоқ Ким Чин Ир раҳбарлик қилмоқда.Ëки Сурия президенти Ҳафиз Асад ишини унинг ўғли Башир Асад давом эттирмоқда. Айни пайтда Озарбайжонлик мустақил журналист Ҳасан Оға Озарбайжон жамияти билан Сурия ўртасида тафовут катта эканлигига эътибор қаратади.

Ҳасан Оға:
"Сурияда Ҳафиз Асад ўз ўғлини ворисликка тайëрлаб борди, олдин катта ўғлини, у ҳалок бўлгач кичик ўғлини. Бизда ундай бўлмади. Ҳайдар Алиев ҳеч қачон ворис тўғрисида оғиз очмаганди. У сайловларда фақат мен ғалаба қиламан, ўғлим ҳам Озарбайжоннинг бир фуқароси сифатида сиëсий ҳаëтда иштирок этиши мумкин деган гаплардан нари ўтмади. Илҳом Алиев ҳам сайловларда ғалаба қилиш учун эмас балки отамни қўллаб қувватлаш учун қатнашяпман деган гапларни айтганди. Ҳозир ҳамма айтилган гапларнинг бутунлай тескариси рўй бермоқда."

Озарбайжонлик таҳлилчи Саида Гўчомонли иқтидордаги ҳукумат нима қилиб бўлса ҳам алиевлар сулоласини давом этиши учун тиришмоқда дейди.

Саида Гўчомонли:
"Ҳозир Озарбайжон жамиятида ҳусусан бюджет идораларида қўрқитиш ишлари олиб борилмоқда. Бюджет идораларидаги ҳодимларга ўз иш жойларида овоз берамиз деб мажбурлаб ариза ëздиришмоқда. Ўз иш жойида овоз бериш, раҳбарлар назорати остида овоз беришни англатади."

Саида Гўчомонли Илҳом Алиевнинг фақат президентнинг ўғли бўлгани учунгина мамлакат раҳбарлигига сайланишини тўғри эмас деб ҳисоблайди.

Озарбайжон президент девони қошидаги жамоатчилик билан алоқалар маркази раҳбари Рустам Мамедов эса Илҳом Алиевни президентликка энг муносиб номзод деб ҳисоблайди.

Рустам Мамедов:
"Нега шундай деб ҳисоблайман. Чунки Илҳом Алиев партия раисининг ўринбосари. Гап ким-кимнинг ўғли эканлигида эмас, гап сиëсий йўналишда. Хўш ким давом эттира олади бу йўналишни? Айни пайтда йўналиш давомчиси қилиб Илҳом Алиев танланган экан, бунинг ҳеч ëмон томони йўқ. Агар Жорж Буш ишини ўғли давом эттирса бу сулолами?Агар Жавоҳарлал Неру ишини қизи Индира Ганди давом эттирса бу сулолами? Бу сулола эмас сиëсат.Партиявий сиëсат.
Мен ўғил отасини ишини давом эттирмаслиги керак деган фикрга қўшилмайман.У ўғил бўлса уйида ўғил, сиëсий саҳнада эса сиëсий ворис."


Озарбайжон президент девони қошидаги жамоатчилик билан алоқалар маркази раҳбари Рустам Мамедов фикрлари эди. Бокудаги мухбиримизнинг хабар беришига кўра 14 октябр куни шаҳар кўчаларидан тагига "улар бизнинг ўтмишимиз, бугунимиз ва келажагимиздир" деб ëзилган Ҳайдар ва Илҳом Алиевнинг портети олиб ташланган. Бу портретлар бир кунга олиндими ëки бир умргами, буни 15 октябр Озарбайжон президентлиги сайлов натижаси кўрсатади.
XS
SM
MD
LG