Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:38

Мардикор аёллар ҳуқуқини ким ҳимоя қилади?


Зикрилло Ишонч Ўзбекистондаги жорий иқтисодий вазият туфайли мардикор бозорларига чиқаётганлар сафи кенгайиб бормоқда.

Мардикорликка чиқаётганлар орасида хотин-қизлар сони ҳам кун сайин ортиб бормоқда. Масалан, Қўйлиқ бозорининг ўзидагина мардикор аёллар сони икки юздан ошиб кетди. Бу эса уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни долзарб масалага айлантирди.

Хўш мардикор аёлларни нималардан ёки кимлардан ҳимоя қилиш керак?

Мардикорликка чиқаётган аёлларнинг деярли ҳимоясиз экани уларнинг одам савдоси билан шуғулланувчилар қўлига тушиб қолиши хавфини келтириб чиқармоқда. Шунингдек, уларни ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари тазйиқидан ҳимоя қилиш муаммоси ҳам етилиб бўлган. Чунки қайси мардикор бозорга борманг, мардикорларни олдига солиб ҳайдаётган, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётган милиция ходимларига кўзингиз тушади.

Учинчи муаммо ёлловчи шахсларнинг аёлларга қўпол муносабатда бўлиши олдини олишга бориб тақалади. Зеро, ёлловчиларнинг мардикор аёлларни шафқатсиз эксплуатация қилаётгани, ҳатто, уларни зўрлаётгани фактлари кўпайган.

Бу каби муаммолар қуршовида қолган аёлларнинг ўзлари мардикорларни ҳимоя қилувчи нодавлат ташкилоти тузиш ғоясини илгари сурмоқда.

«Сафимиз кенгайиб бораётгани сабабли муаммоларимиз ҳам кўпаймоқда,- дейди вилоятдан келган мардикор аёллардан бири,- Шу боис, бизнинг ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотга ўхшаган ўз тузилмамиз бўлишини истаймиз».

«Эгулик» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Васила Иноятова ушбу масала юзасидан фикр билдириб, аслида мардикорларни ҳимоя қилувчи ташкилот тузиш эмас, балки мардикорлик муаммосини йўқотиш йўлларини излаш тўғрироқ бўлишини таъкидлайди.


Унинг айтишича, мардикор аёлларни «Эзгулик»ка ўхшаган ташкилотлар ҳимоя қилиши мумкин. Аммо ҳали бирорта мардикор аёл ўз ҳуқуқи бузилгани юзасидан бизга шикоят қилган эмас, дейди В.Иноятова.

Демак, дейди кузатувчилар хулоса қилиб, бугунги кунда Ўзбекистонда мардикор аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиши мумкин бўлган ташкилотлар бор. Фақат мардикорларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, бунинг учун улар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш керак, холос.
XS
SM
MD
LG