Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:52

Афғонистонда Тинчлик Сақловчи Кучларни кенгайтириш


А. Арол Афғонистонда ўзаро жанг қилаëтган рақиб томонларни қуролсизлантириш ва олдинда турган сайловларни демократик тарзда ўтказиш мақсадида НАТО Халқаро Тинчликни Сақловчи Кучларни пойтахт Кобулдан ташқари бошқа вилоят ва шаҳарларда ҳам жойлаштиришга қарор берди. Бу борадаги резолюция лойиҳаси душанба куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан якдиллик билан қабул қилинди.

АҚШ ва Германиянинг БМТдаги элчилари Жон Негропонте ва Гунтер Плуйгерлар бу ҳақда журналистларга маълумот берар экан, бир овоздан қабул қилинган резолюциядан мамнуният изҳор этдилар.

"Резолюция лойиҳасини маъқуллаб 15 овоз берилди. Ушбу лойиҳа 2003 йилнинг 1510 рақамли резолюцияси сифатида бир овоздан маъқулланди", - деди Негропонте.

"Германия делегацияси ташаббуси билан Афғонистонда Халқаро Тинчликни Сақловчи Кучларни кенгайтириш тўғрисидаги резолюциянинг якдиллик билан тасдиқланишидан жуда мамнунмиз. Ушбу резолюция биз учун Афғонистонда хавфсизлик вазиятини яхшилаш, айниқса, Бонн тинчлик келишуви асосида келаси йили ўтказиладиган сайловларни амалга оширишга имконият яратади", - деб баëн этди Германиянинг БМТдаги элчиси.

Ўз навбатида Афғонистон расмийлари ҳам БМТнинг НАТО бошчилигидаги кучларни пойтахтдан бошқа жойларга жойлаштиришга билдирган розилигидан мамнуният билдирдилар. Афғонистон Ташқи Ишлар Вазирлиги матбуот вакили Умар Самадга кўра, беш ярим мингдан иборат Халқаро Тинчликни Сақловчи Кучлар сонини кенгайтириш, мамлакатни қайта қуриш ва сиëсий жараëнларни ревожлантириш соҳасида ташланган муҳим қадамдир.

Ўтган ойлар давомида Президент Ҳомид Карзай дунë жамоатчилигига бир неча бор мурожаат қилиб, тинчлик сақловчи кучларни вилоят ва шаҳарларда ҳам жойлаштириш кераклигини таъкидлаган эди. Чунки, АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари 2001 йилнинг охирларида Толибон жанггариларини мағлубиятга учратганидан буëн марказий ҳукумат 32 вилоятдан айримларинигина назорат қилиб келмоқда. Маҳаллий қўмондонлар ва мустақил қуролли гуруҳлар ҳали Карзай ҳукуматига бўйсунганларича йўқ. Устига устак, Ал-Қайда ва Толибон қолдиқлари ҳам мамлакатнинг жанубий ва жануб-шарқий қисмларида тўхтовсиз қаршилик кўрсатишда давом этмоқдалар. Ўтган ойлар ичида бўлиб ўтган тўқнашувларда бир неча ҳукумат аскарлари, ëрдам кўрсатадиган ташкилотлар ходимлари, ҳамда кўп сонда Толибон жанггарилари нобуд бўлди.

Шундай бир вазият билан юзма-юз келган Карзай ҳукумати олдида икки муҳим тадбир турибди. Улардан бири шу йилнинг охирига бориб мамлакатнинг янги конституциясини қабул қилиш бўлса, иккичиси келаси йилнинг июн ойида умум халқ сайловлари ўтказишдир. Кузатувчиларга кўра, Афғонистон ҳукумати ушбу тадбирларни амалга оширишда НАТО етакчилигидаги Халқаро Тинчликни Сақловчи Кучларга умид кўзи билан қарамоқда. НАТО режаси бўйича, бундай кучлар дастлаб саккиз шаҳарга, жумладан ғарбда Ҳирот, жанубда Қандаҳор, шимолда Қундуз ва Мозори Шариф шаҳарларида жойлаштирилади.
XS
SM
MD
LG