Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:51

Хитой коинотни забт этган давлатлар қаторига қўшилди


Чоршанба куни Хитойнинг "Жучуа" космодромидан фазога кўтарилган "Шенжоу – 5" космик кемаси ўзи билан хитойлик фазогирни ер орбитасига олиб чиқди. Шундай қилиб Хитой Совет Иттифоқи ва Америка Қўшма Штатларидан кейин одамни космосга учирган учинчи давлат бўлди.

Ракета учирилганидан 10 дақиқа ўтиб фазо кемаси ер орбитасига чиқар экан, унинг бортида бўлган Хитой фазогири Янг Ливэй "ҳаммаси жойида, эртага учрашамиз" дея ерга хабар беради. Учиш олдидан эса Хитой ҳаво кучлари ҳарбий зобити бўлган 38 яшар фазогир парвози муваффақиятли ўтишига ишончи комил эканини билдирди.

"Энг аввало Президентимиз Ху Жинтау ва бошқа раҳбарларимизга уларнинг ғамхўрлиги ва менга бўлган ишончи учун миннатдорчилик билдираман. Мени парвозга тайёрлаган мамлакатим ва халқимга ҳам минг раҳмат. Халқим ва президентим ишончини оқлашга жўнаб кетар эканман, уларни уялтириб қўймсликка сўз бераман", - деди хитойлик фазогир.

Янг Ливэй космосга парвози давомида 20 соат ичида ер орбитасини 14 марта айланиб пайшанба куни Тошкент вақти билан эрталаб соат 4да ерга қайтиши керак.

Хитой оммавий ахборот воситалари эса ҳозирданоқ парвоз муваффақиятли амалга ошгани ҳақда ёзмоқдалар. Чоршанба куни Хитойнинг бира тўла беш телеканали барча телекўрсатувларни бекор қилиб фақат парвозни мунтазам эфирда ёритиб борди.

Хитой Президенти Ху Жинтау давлат телеканали орқали халқига мурожаат этар экан, айни воқеани коинотни забт этишдаги "тариҳий қадам" дея таърифлади.

"Ўртоқлар! Кўпдан бери кутилган парвоз ниҳоят муваффақиятли амалга ошди. Ўзимизда ишлаб чиқарилган фазо кемаси ва ўз фазогиримизни ҳеч қандай муаммосиз ер орбитасига олиб чиқди. Бу эса Хитой халқи глобал илм-фан ва технологиялар чўққиси сари тарихий қадамни ташлаганидан далолатдир", - деб таъкидлади Хитой Президенти.

Коинот илк бор инсон тарафидан забт этилганидан 42 йил ўтиб, одамнинг фазога учирилишини уникал янгилик дейиш қийин. Бироқ, чоршанба кунги парвоз Хитой завонавий технологиялар ривожланган давлатлар қаторига қўшилганини намойиш этди. Хитой арзон резина ўйинчоқлари ишлаб чиқарувчи давлат имиджини ортда қолдириб, бугунги кунда нималарга қодирлигини намаён этмоқда, дейишмоқда кузатувчилар. Улардан бири, лондонлик фазошунос Александра Ашборн Хитой янги марраларга етишга интилаётганини қайд этади.

"Тушунишимча улар эртанги кунга катта ишонч билан қарамоқдалар. Балки Хитой халқаро жамоатчиликка ўзини яҳшироқ тақдим этишни яҳшироқ ўргангандир. Қандай бўлмасин, биз ғарбдагилар, буни олдинга ташланган катта қадам дея тушунишимиз керак", - дейди Александра Ашборн.

Хитой фазогирининг коинотга парвози Пекинда Хитой Коммунистик Партияси Марказий Кенгаши пленуми ўтаётган бир пайтда амалга ошди. Бу пленум эркин иқтисодиётга ҳалақит берувчи омилларни бартараф этиш ва мамлакатда қашшоқлар синфини тугатиш масалаларини муҳокама этмоқда.

Албатта, бортида Хитой фуқароси бўлган фазо кемасининг коинотга кўтарилиши Пекин учун катта стратегик аҳамият касб этиши мумкин. Бироқ, Британияда чиқадиган "Jane's Defence" номли нашр мухаррири Роберт Кэрниол фикрича, бу Хитойнинг ҳарбий жиҳатдан катта мавқега эга бўлганини англатмайди.

"Кенг кўламли ҳарбий фаолиятда Хитой Америка Қўшма Штатлари билан изма-из боролмайди ва у билан юзма-юз рақобатга ҳам кириша олмайди. Бунинг ўрнига улар фақат муайян соҳани ривожлантиришга ҳаракат қилишмоқда", - дейди Роберт Кэрниол.

АҚШнинг НАСА фазо бошқармаси маъмури Син О'Киф Хитойни космосга муваффақиятли парвози билан қутлар экан, уни "коинотни инсоният тарафидан забт этилишидаги муҳим воқеа" дея таърифлади. Россия Фазо бошқармаси раҳбарининг биринчи ўринбосари Николай Моисеев эса Хитойнинг коинотни забт этган давлатлар қаторига қўшилганини олқишлади.
XS
SM
MD
LG