Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:37

АҚШ Олий Суди ҳайъати «Ватанга садоқат ваъдаси»даги «Худо паноҳида» сўзи Конституцияга мос келиш-келмаслигини кўриб чиқмоқда.


“Ватанга садоқат ваъдаси” 1892 йилда ёзилган бўлиб, миллионлаб америкалик ўқувчилар уни ҳар куни эрталаб қайтарадилар: “Мен Америка Қўшма Штатлари байроғига, у тикилган республикага, миллатга, Худо паноҳида бутун вужудим билан, барчага озодлик ва адолат билан содиқ қолишни ваъда қиламан”.

“Худо паноҳида” ибораси “Ватанга садоқат ваъдаси”га 1954 йилда қўшилган бўлиб, ундан олдин ҳам мазкур ваъда матни турли тортишувларга сабаб бўлган. Иккинчи жаҳон уруши даврида, аниқроқ айтадиган бўлсак, 1943 йилда пацифистлар, яъни, ҳар қандай урушга қарши бўлганлар гуруҳи, мактаб ўқувчилари ваъдани айтиши шарт қилиб белгиланмаслигини Олий суддан талаб қилганлар.

Ҳозирда эса Калифорния штатида яшовчи Майкл Нюдоу Олий Суднинг тўққиз ҳакамдан иборат қўмитасидан, АҚШ Конституциясига мувофиқ, давлатга қарашли мактабларда хоҳламаган ўқувчилардан садоқат ваъдасини талаб қилмаслик ҳақида қарор чиқаришни сўрамоқда. Атеист Майкл Нюдоу, ўз қизи Худо борлигини эътироф этувчи ваъдани ҳар куни мактабда эшитишни хоҳламаслигини айтади.

АҚШ Конституцияси ҳукуматнинг динга асосланган қонун қабул қилишини таъқиқлайди. Ҳозир Олий Суд олдида турган вазифа – мактаб ўқувчилари ҳар куни айтадиган “Ватанга садоқат ваъдаси” матнидаги “Худо” сўзи Конституциядаги таъқиқни бузиши ёки бузмаслигини аниқлашдан иборат.

Лаура Фабрицки Вашингтонда жойлашган дин, этика ва ҳукумат билан боғлиқ масалалар бўйида тадқиқот олиб борувчи Этика ва Жамоа Сиёсати Маркази ходими. Фабрицкига кўра, садоқат ваъдасидаги “Худо” сўзи шунчаки эслатма маъносида ишлатилади.

Фабрицки, АҚШ сиёсатчилари халқ кўтаринки руҳда бўлиши учун оммавий йиғилишларда “Худо” сўзини ишлатишлари узоқ тарихга эгалигини айтади. Айниқса, Совуқ Уруш йилларида бу тажриба кенг тарқалган бўлиб, АҚШ Совет Иттифоқининг “худосиз” коммунизмига қарши курашди. 1954 йилда, Совуқ Уруш эндигина 10 баҳорни қаршилаганда, АҚШ Конгресси Ватанга садоқат ваъдасига “Худо паноҳида” сўзи қўшилиши ҳақидаги хужжатни қабул қилди. АҚШ долларининг орқа томонига “Биз Худога ишонамиз” сўзлари ўшанда ёзиб қўйилган эди.
Фабрицкига кўра, бу қўшимчалар ўша даврдаги АҚШ Президенти Дуайт Эйзенхауэр ташаббуси билан киритилган.

Вашингтонда жойлашган Жорж Вашингтон Университетининг диншунос олими, профессор Девэй Валлас америкаликлар динни европаликларга қараганда анча жиддий қабул қилишларини айтади: “Америка жамоатчилиги орасида, аҳлоқли фуқаролар иштирокисиз янги тузилган республика сақланиб қололмайди, деган тушунча ҳукмрон бўлган. Бироқ мамлакатда фақат битта дин бўлиши имконсиз. Шу сабабли, мамлакат динини англатувчи умумий белгилар бўлиши лозим эди. “Худосиз коммунизм”га қарши Совуқ Уруш йилларида диний белгилар қабул қилиш жараёни кучайди”, - дейди Валлас.

АҚШ Олий Суди “Ватанга садоқат ваъдаси”да “Худо” сўзининг ишлатилиши конституцияга мос келиш-келмаслиги хусусида қарор чиқармаслиги мумкин. Бунинг икки сабаби бор.

Биринчидан, ҳакамлар ҳайъати аъзоларидан бири Антонин Скалия январ ойидаги нутқидаёқ “Ватанга садоқат ваъдаси”да “Худо” сўзининг ишлатилиши конституцияга зид эмаслигини айтиб, ҳакамлар ҳайъатидан чиққанини эълон қилган. Агар қолган саккиз нафар ҳакам овоз берганда натижа тўртга – тўрт бўлса, у ҳолда ҳамма нарса ўзгаришсиз қолади.

Иккинчидан, Майкл Нюдоу “Ватанга садоқат ваъдаси” хусусида ўз қизи номидан даъво қилиб чиқиш ҳуқуқига эга ёки эга эмаслиги борасида савол пайдо бўлади. Нюдоунинг қиз хеч қачон ниқоҳдан ўтмаган ўз онаси билан бирга яшайди. У “Ватанга садоқат ваъдаси” ҳақида фикр билдирмаган.
XS
SM
MD
LG