Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:20

Айбланувчилар қолиб, жабрланувчи....


20 октябрь куни Наманган вилояти ҳокимлиги биноси олдида Поп шаҳрининг Дўстлик кўчасида истиқомат қилувчи Омина Тожиева икки қизи, келини ва вояга етмаган тўрт набираси билан биргаликда очлик эълон қилди.

Норозилик акцияси иштирокчилари Поп тумани прокурори Маматқул Жўраев истеъфога чиқишини талаб қилмоқда. Омина Тожиеванинг айтишича, унинг эри Ўринбой Норматов ва ўғли Бахтиёр Норматов ноҳақ қамалган.

О.Тожиеванинг ҳикоя қилишича, жорий йилнинг 24 май куни унинг қизи Гулчеҳра Ўринова турмуш ўртоғи билан туман ҳокимлиги биноси олдида бир гуруҳ йигитлар томонидан калтакланган. Жабрланувчилар ушбу воқеа юзасидан прокуратурага ариза бергандан сўнг йигитлар узр сўраш ниятида О.Тожиеванинг хонадонига келган. Бу ерда уларни Ў.Норматов икки соатча уйида ушлаб турган.

Шундан сўнг туман прокурори айбланувчилар қолиб, Ў.Норматов ва Бахтиёр Норматов устидан жиноят иши қўзғаган.

Омина Тожиева уч ой давомида турли ташкилотларга кўп бора мурожаат қилган, лекин иш ижобий ҳал этилмаган. Бундай сарсон-саргардонлик ва ҳақсизликка чидай олмаган О.Тожиева 18 октябрь куни туман прокурори хонасида ўзига ўт қўйган. Бироқ воқеа жойида бўлган унинг яқинлари ва милиция ходимлари ўтни ўз вақтида ўчиришга улгурган.

Жабрланувчиларнинг адвокати Мансурхон Аҳмедовнинг сўзларига қараганда, айбланувчилар мансабдор ва пулдор шахсларнинг фарзандларидир.

Хабарларга кўра, норозилик акцияси иштирокчилари вилоят ҳокимлиги маҳкамасининг ҳуқуқ масалалари бўлими бошлиғи Зоҳиджон Воҳидов ва вилоят прокурорининг ўринбосари билан музокара ўтказишдан бош тортган. Улар талаблари бажарилмагунча ҳеч ким билан гаплашмоқчи эмас.

Омина Тожиева оила аъзолари билан 22 октябрь - чоршанба кунигача очлик эълон қилишини билдирди. Агар шу вақт ичида уларнинг талаблари бажарилмаса, Омина Тожиева вилоят ҳокимлиги биноси олдида ўзига ўт қўймоқчи эканини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG