Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:43

Ўзбекистонда репродуктив саломатлик масалаларида муаммолар бор


21 октябрь куни Тошкентдаги «Шератон» меҳмонхонасида БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг 2003 йилги ҳисоботи тақдимоти бўлиб ўтди. Ҳисоботда Ўзбекистон тўғрисида ҳам маълумотлар бор.

Ҳисоботдан маълум бўлишича, бугунги кунда дунё аҳолисининг 1 миллиард 200 мингдан кўпроғини ўсмирлар ташкил этади. Ер юзи аҳолисининг деярли ярми эса 25 ёшгача бўлган йигит-қизлардир. Мутахассислар бундай кўрсаткич инсоният тарихида илк бор қайд этилганини таъкидламоқда. Шу сабабли Аҳолишунослик жамғармаси 2003 йилги тадқиқотларда асосий эътиборни ўсмирлар ва аёллар ҳамда уларнинг репродуктив саломатлиги масалаларига қаратди.

«Улар бир миллиард: Ўсмирлар соғломлиги ва ҳуқуқлари соҳасини маблағ билан таъминлаш» деб номланган ушбу ҳисоботда ҳозир ёшлар ва ўсмирлар билан боғлик кўплаб муаммолар мавжудлиги таъкидланади. Жумладан, миллионлаб ўсмир ва ёшлар бугунги кунда эрта никоҳ, тўлиқ таълим олмаслик муаммолари, иммун тақчиллиги вируси ва ОИТС касаллигига чалиниш хавфи остида яшамоқда. Иммун тақчиллиги вирусига чалинганларнинг ярмини 15 ёшдан 24 ёшгача бўлган ўсмирлар ва ёшлар ташкил этмоқда.

Ҳисоботда келтирилишича, Ўзбекистон аҳолисининг деярли тўртдан бир қисмини 10 ёшдан 20 ёшгача бўлган ёшлар ва ўсмирлар ташкил этади ва улар бир қанча жиддий муаммолар қуршовида қолган. Аҳолишунослик жамғармасининг Тошкентдаги вакили Несим Тумқоянинг айтишича, бу муаммолар кўпроқ жинсий йўл билан юқувчи касалликлар ҳақида маълумотга эга эмаслик, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш, ўсмирлар эксплуатацияси ва зўравонликда кўринади. Бундан ташқари, ўғил болалар ва қизлар аксар ҳолларда зарур маълумотларни олиш ва тегишли хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга эмас.

Несим Тумқоянинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда эрта никоҳлар туфайли эрта фарзанд кўриш, бунинг оқибатида ёш оналарнинг оғир касалликларга чалиниши ҳоллари ҳам кузатилмоқда.

Жамғарма вакили ушбу муаммолар ечимини топишда мамлакатдаги оммавий ахборот воситалари иштироки камлигини таъкидлади.

«Ўзбекистондаги ўн ойлик кузатувларим натижасида амин бўлдимки, маҳаллий ОАВ ўсмирлар саломатлиги ва жинсий тарбияси масалаларини ошкор ёритмайди, деди Н.Тумқоя. Бугунги кунда ўсмирлар бундай маълумотларни кўча-кўйдан олиши мумкин ва уларнинг ҳаммаси ҳам фойдали бўлавермайди».

Ҳисоботда айтилишича, эрта никоҳлар муаммоси Ўзбекистонда ҳам анча долзарб бўлиб турибди.

Тақдимот маросимида Аҳолишунослик жамғармаси ўсмирларнинг репродуктив саломатлиги ҳамда ҳуқуқий саводхонлигини оширишда Ўзбекистонга ёрдам кўрсатиши маълум қилинди.
XS
SM
MD
LG