Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:37

«Осмонда худо бўлса, ерда - раис»


Хоразм вилояти Боғот туманидаги Қизилровот қишлоғида истиқомат қилувчи Гулжон Душамова иқтисодий қийинчиликлар сабаб уч фарзандини мактабда ўқитишга имкон топа олмаётир.

Гулжон Душамова беш фарзанднинг онаси. Унинг кенжа ўғли Собиржон суннат ёшида. Лекин уни суннат қилдириш учун оилада маблағ йўқ.

«Еганимиз қуруқ нон. Шуни ҳам етказа олмай, бировлардан, қариндош-уруғлардан сўраймиз, - дейди Г.Душамова. – Болаларим оч-ялонғоч. Эшикма-эшик юриб, одамлардан бирор егулик ва кейим-кечак сўрашга мажбур бўляпмиз».

Г.Душамованинг эри Аминбой Бакиев «Туркистон» ширкат хўжалигида 20 йил давомида тракторчи бўлиб ишлаган. "Лекин хўжаликнинг янги раиси турли сабабларни рўкач қилиб, эримни ишдан бўшатиб юборган",-дейди Душамова.

Маълумотларга қараганда, хўжалик 2001 йилда санацияга тушган. Унга Николай Маткаримов ташқи бошқарув раиси этиб тайинланган. Икки йилдан сўнг хўжалик санациядан чиққач, у раислик лавозимига қолдирилган.

Лекин санациядан чиққан хўжаликда аҳолининг яшаш шароити ниҳоятда ёмон. Буни кўпчилик янги раисдан кўради.

Хўжаликнинг 8-бўлими аъзоси Иброҳим Мадаминовнинг айтишича, янги раис билан ишлаш жуда қийин. У хўжаликка раҳбар бўлгандан буён кўплаб ишчилар билан уришган, бир нечаси билан судлашган ҳам. Бригадирларнинг баъзилари билан эса кўпчиликнинг кўз ўнгида муштлашишгача бориб етган.

Маълумотларга қараганда, ҳозир Қизилравотда 1253 хонадон, 9000 аҳоли яшайди. Уларнинг кўпчилиги ишсиз. Бу эса аҳолининг шундай ҳам қийин шаротини янада оғирлаштирмоқда.

21 нафар невара, 1 эваранинг бувиси Салима Қурбонованинг ўғли ҳам ишсиз. Унинг айтишича, яқинда икки нафар невараси тўйиб овқат емаслик натижасида мактабда ҳушидан кетиб қолган.

Бош ҳисобчи Оллоберган Маҳмудовнинг сўзларига қараганда, қишлоқда иш билан таъминлаш муаммоси анча кескин. Янги раис келгунча бу ерда ғишт заводи ишлаб турган. Бироқ Н.Маткаримов уни ишлатмай қўйган.

Бош ҳисобчининг таъкидлашича, режа бўйича хўжалик 710 гектар майдонга пахта экиши керак. Шунинг 500 гектарига пахта экилган, холос. «Раис қолган ерларнинг барчасини одамларга сотиб, пулини бухгалтерияга кирим қилмасдан, ўзи хоҳлаганча сарфламоқда», дейди О.Маҳмудов.

Раис «Озодлик» мухбири билан суҳбатда уни бир гуруҳ туҳматчилар гапига кирганликда айблагандек бўлади. Н.Маткаримовнинг айтишича, «туҳматчилар» унинг устидан шикоят қилиб, кўп жойларга ёзган. «Неча марта текшириш келиб, айбимни топа олмади. Прокуратурада барча ҳужжатлар бор», дейди раис.

«Мен миннат қилсам арзийди, -дейди у. -Хўжаликни санациядан олиб чиқдим. Қишлоққа 8 та электр насоси ўрнатдим. 1 та «Олтой» трактори сотиб олдик, яна 2 та харид қилиш ниятимиз бор».

Пудратчилардан бири хўжаликдаги пудратчиларнинг 80 фоизи давлатдан қарзлигини айтган эди. Бироқ раис бу ҳақда эслаб ҳам кўрмади.

«Боғот садоси» газетасининг жорий йил 4 августдаги сонида «Туркистон» ширкат хўжалигига бағишлаган махсус саҳифа эълон қилинди. Бу саҳифани ўқир экансиз, шундай хўжаликни бир бориб кўргиси келиб кетади кишининг.

«Муҳими инсон қалби, унинг дардига қулоқ тутиш шарт», дейилади раис Николай Маткаримов имзоси қўйилган мақолада.

Хўжалик аъзоларидан бирининг айтишича, янги раис муомалани билмайди, ҳаммани катта-кичик демай сўкаверади. «Осмонда худо бўлса, ерда - раис», дейди хўжалик аъзоси.
XS
SM
MD
LG