Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:18

Ироқ: нефт эвазига озиқ-овқат бериш тугайди. Нима бошланади?


Фарангис Саид 21 ноябр куни, яъни қарийб уч ҳафтадан кейин Ироққа инсонпарварлик ёрдамини етказиш вазифаси БМТдан АҚШ муваққат ҳукуматига ўтади. Бу эса миллиардлаб долларга тенг контрактларнинг БМТдан Кенгаш салоҳиятига ўтказилишини англатади.

“Нефт эвазига озиқ-овқат” дастури 7 йилдан буён БМТ томонидан амалга ошириб келинади. Дастур раҳбари Бенон Стеван сешанба куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғинида чиқиш қилар экан, БМТ расмийларини контрактларни АҚШ муваққат ҳукумати номига ўтказиш жараёнида муаммолар кўплигидан огоҳлантирди:

- Бу қадар мураккаб ва кенг кўламли кўп-миллиард долларлик дастурни, 1483 рақамли Резолюцияга кўра, олти ой ичида АҚШ муваққат ҳукуматига топширишнинг ҳатто энг яхши шароитда ҳам ниҳоятда қийин бўлиши аниқ. Уни ҳозирда, хавфсизлик таъминланмаган шароитда кам сонли кадрлар ёрдамида амалга ошириш эса реализм, прагматизм ҳамда жараёнга аралашадиган барча тарафлар тайёрлигини талаб қилади.

Ҳозирда Ироқда БМТнинг 60 ходими хизмат қилмоқда. 19 август куни Бағдоддаги БМТ қароргоҳига ҳужум қилинишидан олдин, мамлакатда 769 киши фаолият олиб бораётган эди. Бенон Стеван каби мутахассисларга кўра, Ироқдаги ҳозирги вазиятда 60 ходим елкасига ниҳоятда оғир юк тушаётгани шубҳасиз. Улар олдида турган муаммолардан бири – гуманитар ёрдам оқимининг тўхтамаслигини таъминлашдир.

Германиянинг БМТдаги элчиси Гюнтер Плойгер Хавфсизлик Кенгашининг ҳозирда якуний босқичда бўлган “нефт эвазига озиқ-овқат” дастури учун масъул. Унинг таъкидлашича, Ироқдаги АҚШ муваққат ҳукумати ироқликларга инсонпарварлик ёрдамини етказиб бераётган БМТ ходимларига ёрдамни қаерга ва қайси йўллар билан етказиш борасида 21 ноябргача аниқ-тиниқ маълумотлар бериши лозим:

- Агар етказилаётган ёрдам тўхтаб қолишини хоҳламасак, АҚШ муваққат ҳукумати дастур тугашини кутиб ўтирмай, яқин келажакда қилинадиган ишлар режасини тақдим этиши керак.

АҚШ ва Британия элчилари бунга жавобан талаб тез орада бажарилишини маълум қилдилар.

Ҳозирда “нефт эвазига озиқ-овқат дастури” доирасида 6 миллиард 300 миллион долларлик контракт бор. Устивор ҳисобланган бу контрактларнинг бари тасдиқланган ва маблағ билан таъминланган. Бундан ташқари, 3,5 миллиард долларлик бошқа контрактлар ҳам тасдиқланган ва маблағ ҳам ажратилган, аммо улар ҳозирча устивор деб белгиланмаган. Бу контрактларнинг амалга оширилиши АҚШ маъмурияти ва Ироқ расмийлари зиммасига юклатилади.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг айрим аъзолари, хусусан Германия, Франция ва Россия контрактлар устиворлиги, яъни муҳимлиги даражасини белгилаш жараёни улар АҚШ ва Британия ихтиёрига топширилганидан сўнг шаффоф бўлмаслигидан хавотирда. АҚШ ва Британия расмийлари бундай ташвишга жавобан жараён қонуний бўлиши ва ироқликлар эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилишини таъкидламоқдалар.

Ироқликлар учун “нефт эвазига озиқ-овқат” дастури ниҳоятда катта аҳамиятга эга. Аксарият ироқликлар айнан шу дастур доирасида олинаётган ёрдам билан кун кечирадилар.
XS
SM
MD
LG