Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2024, Тошкент вақти: 09:59

АҚШ Эрон билан музокараларни давом эттириш ниятида


Муносабатлардаги чигалликларга қарамай, Вашингтон Эрон билан чекланган музокараларга тайёрлигини маълум қилди. АҚШ Давлат Котиби ўринбосари Ричард Армитэж Сенат Ташқи алоқалар қўмитасининг ёпиқ эшиклар ортида ўтган йиғинида бу ҳақда баён қилар экан, бўлажак музокаралар Ироқ, Афғонистон, наркотиклар контрабандаси каби масалаларни қамраб олиши мумкинлигини урғулади.

Мартабали АҚШ дипломатига кўра, Эрон билан бу соҳаларда ҳамкорлик Вашингтон манфаатларига мос келади. Аммо, АҚШнинг бундай интилиши Эрон билан 1979 йилдан буён узилиб қолган дипломатик муносабатларни қайта тиклаш ва бу борада кенг қамровли сўзлашувлар сари йўналганини англатмайди, - деди Армитэж Сенат қўмитаси аъзоларига қарата қилган маърузасида.

Олдинроқ Вашингтон Теҳронни Эрон қамоқхоналаридаги Ал-Қайда тутқунларини топширишдан бош тортгани ва Ироқ чегарасига жосусларини жўнатиб, у ерда АҚШ етакчилигида амалга оширилаётган тинчлик жараёнини издан чиқаришга урингани учун танқид қилган эди. АҚШ Давлат Департаменти матбуот вакили Ричард Баучер Вашингтоннинг бу борадаги қараши ўзгармаганини айтади.

"Бу борадаги қарашимиз ўзгармаган. Эроннинг терроризмни қўллаб-қувватлаб, бузғунчилик сиёсати олиб бориши бизни чуқур хавотирга солаётгани ҳақда олдин ҳам қайта-қайта таъкидлаганмиз. Биз ҳали ҳам Ал-Қайданинг кўзга кўринган етакчилари Эронда қолаётганидан ташвишдамиз", - деди Баучер.

Олдинроқ, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги мулозими Ҳамид Реза Осифий Ал-Қвйда тутқунлари мамлакат қонунларига кўра суд қилинишини маълум қилган эди. Осифийнинг таъкидлашича, Ал-Қайда тармоғига аъзоликда гумон этиб, Эронда қўлга олинган 147 маҳбус ҳақидаги маълумот Бирлашган Миллатлар Ташкилотига тақдим қилинган.

Қўшма Штатлар эса айнан Эрондан паноҳ топган Ал-Қайда тўдалари қўшни Ироқда террор амалиётларини содир этаётганидан гумонсирамоқда. Сешанба куни Оқ уйда ўтган матбуот анжумани чоғида АҚШ Президенти Жорж Буш Ироқдаги портлашлар ортида Эрон ва Суриядан келган жангарилар турган бўлиши мумкин, деб таъкидлади.

"Биз бу давлатлар билан яқиндан ҳамкорлик қиляпмиз ва шу орқали уларга чегараларини мустаҳкамлашлари, у ерда кучли назорат ўрнатишларини хоҳлаётганимизни билдириб қўймоқчимиз", - деди Буш.

АҚШ ва Эрон расмийлари ўртасидаги дастлабки сўзлашувлар шу йил бошларида Женевада бўлиб ўтган эди. Бироқ, Эр-Риёддаги май ойги портлашлар боис музокараларнинг кейинги босқичи Вашингтон талаби билан қолдирилди. Америка томони 35 киши ўлимига сабаб бўлган Риёд портлашларини Эронда паноҳ топган ал-қайдачилар уюштирганидан гумонсираб, Теҳрон билан музокаралар давом этишини хоҳламаган эди.

Таҳлилчилар эътирофича, Эрон ўзининг ядровий дастури борасида халқаро талабларга бўй сунаётгани АҚШни унга нисбатан юмшоқроқ сиёсат олиб боришга ундаган. Бироқ, АҚШ Давлат Котиби ўринбосари Ричард Армитэж, агар Теҳрон Эронда фаолият олиб бораётган ал-қайдачилар ҳақидаги разведка маълумотлари билан ўртоқлашмаса, икки давлат ўртасида муносабатлар яхшиланишига умид қилиш қийин деди.

Армитэжга кўра, АҚШ сиёсати Эронда режим ўзгариши қилишни кўзламаяпти. Вашингтон юргизаётган сиёсат Эроннинг оммавий қирғин қуроллари ишлаб чиқариши, террорчиларни қўллаб-қувватлашига йўл қўймасликдир, деди мартабали АҚШ дипломати.

Вашингтондаги Стратегик тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Ширин Хантер Армитэж баёнотлари ортида мулоқот йўли билан Эронда сиёсий ўзгаришлар ясашга уриниш ётишини айтади.

"Балки биз изоляция ёки ҳарбий амалиёт йўлидан кўра кўпроқ мулоқот йўли билан айрим мақсадларимиз, шу жумладан Эронда босқичма-босқич режим ўзгаришларига муваффақ бўлишимиз мумкиндир."

Шу ўрина Хантер АҚШ ҳукуматидаги айрим кучлар Эрон билан ҳатто чекланган музокараларга ҳам қарши чиқишлари мумкинлигини айтади. Эронда эса Оятулло Ҳуманаи тарафдорлари Армитэж таклифига кескин эътироз билдирганлар. Бироқ, ҳозирча Ҳуманаи ҳам, Эрон Президенти Ҳотамий ҳам бу борада расмий баёнот бермади.
XS
SM
MD
LG