Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:19

“Ҳайдар Алиевнинг ўлик ё тириклиги муҳим эмас”. Илҳом Алиев қасамёдга келтирилди


Фарангис Саид Жума куни Озарбайжонда ҳокимиятнинг отадан болага ўтиши жараёни расман якунланди. Ҳайдар Алиев ўғли, 41 яшар Илҳом Алиев Озарбайжоннинг мустақиллик давридаги тўртинчи президенти бўлди.

Аёз Муталибов республикани 1991-92 йилларда бошқарган эди. 1992 йилда унинг ўрнини мухолифат лидери Абулфайз Элчибей эгаллади. Аммо кўп ўтмай президент курсига Совет Иттифоқи давридан яхши танилган, Озарбайжон хавфсизлик хизмати – КГБнинг собиқ раҳбари, Политбюро аъзоси Ҳайдар Алиев ўтиришга муваффақ бўлди. Ва мамлакатни расман 2003 йил 31 октябргача бошқарди. Норасман эса, Ҳайдар Алиев ярим йилдан бери то Туркиядаги Гулхона, то АҚШнинг Охайо штатидаги Кливленд касалхонасида даволанаётгани боис, Озарбайжон президентсиз эди. Ниҳоят Илҳом Алиев қасамёдга келтирилди.

Қасамёд маросимида у қўлини Озарбайжон Республикаси Конституцияси ва Қуръонга қўйиб:

- Озарбажон Республикаси Президентининг салоҳиятларини қабул қилар эканман, давлатни, мустақилликни ва территориал бутунликни сақлаб қолиб, бутун халққа хизмат қилишга онт ичаман, - деб айтди ва отаси Ҳайдар Алиев йўлидан қайтмаслигини таъкидлади.

Бунинг сабабларини тушунтирар экан янги Президент, Ҳайдар Алиев бошқарувини “тинчлик, барқарорлик ва тараққиёт даври”, деб атади. Бунга далил сифатида у сўнгги 5 йил давомида ички ялпи маҳсулот йилига 10 фоизга ўсаётгани, инфляция бор-йўғи 2 фоизни ташкил этиши, собиқ совет республикалари орасида Озарбайжон жалб этилган хорижий сармоялар ҳажми бўйича биринчи ўринда туришини айтиб ўтди.

Янги президентни қасамёдга келтириш маросимида 200дан зиёд юқори мартабали хорижлик меҳмон қатнашди. Қўшни Грузиядан Бокуга Президент Эдуард Шеварднадзе борди. У Озарбайжон халқига Ҳайдар Алиевнинг вафот этиши муносабати билан икки марта, биринчи бор 3 йил олдин ва иккинчи марта шу йил август ойида тазия изҳор қилган, сўнг тушунмовчилик бўлганини айтиб, узр сўраган эди. Бу сафар Грузия раҳбари Илҳом Алиевни янги лавозим билан табриклади. Унга Россиянинг Федерация Кенгаши раҳбари Сергей Миронов, Украина Бош вазири Виктор Янукович, Эрон Вице-президенти Муҳамедали Абтаҳий, Туркия Бош вазири муовини Абдуллатиф Шенер ва бошқалар жўр бўлишди.

Янги Президент инаугурациясининг матбуотда ёритилиши эътиборга сазовордир. Давлатга қарашли ахборот воситалари Илҳом Алиевнинг маросим чоғида намойиш қилган самимиятини юқори баҳолаб, олдиндан ёзиб берилган матнни ўқимай, ўзи чин юракдан гапирганини ёздилар. Дэй.аз интернет саҳифаси ва Россиянинг “Известия” газетасида янги Президентнинг мусулмонларга кўрсатган ҳурматига таъриф берилди. Бу икки газета Илҳом Алиевнинг қасамёдга келтирилиши маросими Рамазон ойи сабабли ниҳоятда камтар ўтгани ва катта дастурхону ўйин-кулгусиз ўтказилганини таъкидлади.

“Боку ишчиси” газетаси Боку ҳокими Гажибала Абутолибовнинг Илҳом Алиев ҳақида айтган гапларини келтиришни лозим деб топди. “Бетакрор раҳбар”, “Озарбайжон давлатчилиги ва мустақиллигининг кафили”, “21-асрнинг энг ёрқин юлдузи”: булар Боку ҳокимининг янги Президент ҳақида айтган гаплари. Ва ниҳоят мана буниси: “Ой ва Қуёшни сояда қолдирган Илҳом Алиев отаси Ҳайдарнинг Озарбайжонни қоронғуликдан олиб чиқиш ишини давом эттиради”.

Мухолифатга қарашли “Ени заман” газетаси Бокудаги Республика саройи ва ундан сўнг Озодлик майдонида бўлиб ўтган ходисани ёритар экан, кимга тўй, кимга аза, деган гапни эслади. Озарбайжоннинг тўртинчи президенти сайланганини қайд этиб газета, “биринчиси Москвада, иккинчиси нариги дунёда, учинчиси эса ё нариги, ёки бу дунёда”, деб ёзди ва “ўғлининг инаугурациясига саломатлиги ёмонлиги туфайли Кливленддан кела олмагани маълум қилинган Ҳайдар Алиевнинг ўлик ёки тириклиги энди муҳим эмас”, деб таъкидлади.

Хорижий матбуотда эса Озарбайжон президентининг инаугурацияси ҳақида бир-иккита қисқа хабар чиқарилди, холос. Уларнинг ҳаммасида ҳиссиёт эмас, қуруқ фактлар бор. Масалан мана бунисида:

“Президент Ҳайдар Алиев ўғли Илҳом Алиев 15 октябр куни сайловларда 76,8 фоиз овоз тўплаб, Озарбайжон президенти этиб сайланди. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, АҚШ Давлат Департаменти ва айрим бошқа Ғарб кузатувчиларига кўра, сайловлар натижалари сохталаштирилган”.
XS
SM
MD
LG