Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:52

Бир долларга корхона олинг


Ориф Ҳошимов Ўзбекистонда 2003 йил 17 апрел куни қабул қилинган “Корхоналарни 2003-2004 йилларда давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш дастури тўғрисида”ги қарорга кўра, 2410 корхонанинг давлат активлари сотилиши лозим. Бу корхоналар индивидуал лойиҳалар асосида тўлиқ, биржа ва биржадан ташқари бозорда сотилиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 26 августдаги қароридан келиб чиқиб, Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов корхоналар истиқболга эга бўлмаса, уларни ёпиш ёки 1 долларга бўлса ҳам сотиш тўғрисида баёнот берган эди. Президент Ислом Каримов ҳам ўз чиқишларида шундай гапларни айтганди.

Иқтисодчи Бахтиёр Эргашевнинг фикрича, корхоналарни хусусийлаштириш учун уларни банкрот ҳолатга олиб келмаслик керак эди. Унинг айтишича, корхоналарни бир долларга сотгандан кўра, уни илгарироқ анча қимматга пулласа, мамлакат учун фойдалироқ эди. Бу Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиши учун ҳам катта фойда берган бўларди.

Хусусийлаштиришнинг ҳозирги босқичида асосий эътибор хориж инвестициясига қаратилмоқда. Хорижий сармоядорларнинг Ўзбекистонга қизиқиши ортиб бораётганини мазкур ҳафтанинг дастлабки кунларида иккита йирик инвестицивий битим амалга оширилгани ҳам тасдиқлайди.

“Рейтер” ахборот агентлиги тарқатган хабарларга қараганда, Буюк Британиянинг Solan International Communication Service компанияси «Тошкент таксофони» акциядорлик жамиятининг 54 % акциясини сотиб олди. Битимнинг молиявий томонлари ошкор этилгани йўқ. “Итар-Тасс” хабарига кўра эса Ўзбекистонда олтин қазиб чиқариш ишига Исроилнинг «Бейтман прожектс» компанияси ҳам қўшилган. Хабарда айтилишича, Қизилқум чўлларидаги «Кўкпатас» ва «Довғистов» конларида олтин қазиб олувчи мажмуа бунёд этилади. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун умумий қиймати 198 миллион долларлик кредит линияси очилади.

Кузатувчиларнинг фикрича, капитал етишмовчилиги маҳаллий сармоядорларнинг хусусийлаштириш жараёнида иштирок этишига тўсиқ бўлмоқда. Бу вазиятда баъзи иқтисодчилар ваучерлаштиришни қўллаш ёки ХИФ дастурини қайта тиклашни таклиф этаётир.

Иқтисодчи Бахтиёр Эргашев ушбу таклифларга муносабат билдириб, ваучерлаштиришни илгарироқ қўллаганда яхши самара бериши мумкинлигини таъкидлади. Унинг сўзларига қараганда, ҳозирги хусусийлаштириш жараёнида ваучерлаштириш қандай натижалар беришини тахмин қилиш қийин.
Маълумот учун айтиш керакки, ваучер ялпи хусусийлаштиришда қатнашиш ҳуқуқини берувчи қимматли қоғоз, ХИФ дастури эса корхоналарни инвестиция жамғармалари воситасида хусусийлаштиришдир.

Ҳукуматнинг юқорида зикр этилган қарорига кўра, «Ўзбекнефтгаз», «Ўзбекэнерго» ва «Ўзкимёсаноат» тизимидаги бир неча йирик корхона хорижий сармоядорлар иштирокида хусусийлаштирилиши керак.

Иқтисодий таҳлилчилар ҳозирги хусусийлаштиришнинг бир хусусиятини алоҳида таъкидлаётир. Уларнинг фикрича, Ўзбекистондаги энг даромадли ва йирик корхоналарни хусусийлаштиришда «хорижий капитал» ёрлиғи остида маҳаллий капитал ҳам фаол иштирок этмоқда. Яъни ўтган ўн йил давомида мамлакатдан турли йўллар билан олиб чиқиб кетилган маблағлар маълум муддат ўтгач, хориж сармояси сифатида Ўзбекистонга қайтиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG