Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:18

Кимсиз, жаноб Гударзи?


Шайбон Яқинда “Зеркало ХХI” газетасида журналист А.Гударзининг “Шантаж ва ёлғон исканжасида” номли мақоласи чоп этилди. Муаллифнинг ёзишича, “Ҳизб-ут-таҳрир” ҳаракатига алоқадорликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган таниқли ёзувчи Эмин Усмон 2001 йил 26 февралда ўз жонига қасд этиш оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

Мен сиртмоққа тутаман бошни,
Алвидолар айтиб ҳаётга,
Юракдаги пушмон тошини
Олиб кетгум бирга абадга.


Эминжон Усмонов, 17 февраль 2001йил”.

А.Гударзининг таъкидлашича, бу шеър ёзувчининг энг сўнгги асари экан. Шу сатрлар битилгач, орадан роппа-роса 9 кун ўтиб Э.Усмон ўз айбидан пушаймон бўлиб, жонига қасд қилганмиш.

Муаллиф Э.Усмонни айбдор демайди, балки, унинг фикрича, ёзувчи шунчаки йўлдан адашган.

Ушбу мақола мамлакатда фаолият олиб борувчи инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ва халқаро кузатувчилар ўртасида турли фикр ва мулоҳазаларга сабаб бўлди.

Шу боис “Озодлик» мухбири, аввало, сўнгги вақтларда турли ОАВда шов-шувли мақолалар эълон қилаётган А.Гударзи шахсига қизиқиб кўрди. “Зеркало ХХI” таҳририятидагилар А.Гударзи тахаллусли журналист газетанинг штатдан ташқари ходим экани, унинг асл исми Ойдин Нажаповлигини маълум қилди. Бироқ Нажапов-Гударзи билан ҳеч бўлмаганда телефон орқали гаплашишнинг иложи бўлмади. Таҳририят аъзоси унинг телефон рақамини билмас экан.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Тошкентдаги вакиласи Матильда Богнер Гударзи аслида мавжудми-йўқми экани муҳим эмаслиги, муҳими у келтирган далиллардалигини айтади. Унинг назарида мақола жамоатчиликни қамоқхоналардаги аҳвол бирмунча яхшиланганига ишонтириш мақсадида ёзилган.

“Бу билан, дейди М.Богнер, расмий Тошкент, афтидан, халқаро кузатувчилар ҳамда дунё ҳамжамиятини қийноқлар ва бунинг оқибатида бегуноҳ кишилар қурбон бўлаётгани ҳақидаги маълумотлар аслида ҳақиқатдан йироқлигига ишонтирмоқчи”.

Мақолани ўқиш жараёнида: “Нима учун Эмин Усмон иши орадан икки йил ўтиб қайта тилга олинди, устига-устак бундай кўринишда?” деган савол туғилади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Толиб Ёқубовнинг фикрича, Ўзбекистон раҳбариятининг ноқонуний ҳаракатларини геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар сифатида тоифалаш мумкин. А.Гударзиникига ўхшаган мақолалар уларнинг ўз жиноятини яширишга уринишни бошлаганидан дарак беради. Менинг назаримда, яқинда Шовруқ Рўзимуродов (мухолифатнинг қамоқхонада вафот этган вакили) тўғрисида ҳам шунга ўхшаш мақола пайдо бўлади, деди Т.Ёқубов.

М.Богнер Эмин Усмоннинг ўз жонига қасд қилгани ҳақида А.Гударзи келтирган далилларини инкор этади. Унинг айтишича, ҳукумат Э.Усмон ўлими масаласида мустақил текшириш ўтказишга имкон бермаган. Шундай экан, ёзувчининг ўз жонига қасд қилгани тўғрисида гапирмаса ҳам бўлади.

Э.Усмоннинг вафоти ҳақида маълумот тарқатилгач, “Озодлик” мухбири марҳумнинг хонадонида бўлганини эслатиб ўтиш ўринлидир. Ўшанда ёзувчининг ўғли мухбирга отасининг орқа миясида жароҳат излари борлигини айтганди. Бундан ташқари, Э.Усмон бир автобус милиция ходимлари назоратида дафн этилганига талай киши гувоҳ бўлган.

Аксар кузатувчилар ушбу далилларга таяниб, “Зеркало ХХI” газетасида чоп этилган мақола ортида улкан жиноятни яширишга уриниш мақсади мавжудлигини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG