Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:28

Атроф-муҳит ҳимоячилари Кремл расмийларини экологик муаммолар хусусида танқид қилмоқдалар.


Сешанба куни Москвада Атроф-муҳит масалаларига бағишланган уч кунлик анжуман иш бошлади. Мазкур анжуманга Россиянинг Табиий Ресурслар Вазирлиги ва етакчи саноат корхоналари ҳомийлик қилмоқда.

“World Wildlife” Жамғармасининг Россия бўлими бошлиғи Игор Честин, мазкур анжуман атроф-муҳит муҳофазаси бўйича мамлакатда олиб борилаётган сиёсатга жуда кам таъсир этишини айтиб, уни танқид қилди: “Анжуман давомида давлатга қарашли ташкилотлар томонидан ютуқлар қўлга киритилаётгани ҳақидаги гапларни эшитишингиз мумкин. Биз бошидан бундай фикрда эмаслигимизни айтганмиз”, - дейди Игор Честин.

“Атроф-муҳит Сиёсати” номли Марказ президенти Алексей Яблоковга кўра, анжуманда қатнашаётган 1 минг 500 делегатнинг тахминан 100 нафари атроф-муҳит масалалари билан шуғулланувчи мутахассислар холос. Қолган делегатлар эса, анжуманда маҳаллий ёки федерал ташкилотлар номидан иштирок этмоқдалар.

Россия Президенти Владимир Путин ўз чиқишларидан бирида мамлакат регионларининг 15 фоизи ўта тахликали экологик ҳолат ёки шунга яқин вазиятдан азият чекаётгани ҳақида гапирган эди. Путин шунингдек, мамлакатдаги экологик вазият масаласи билан бир идора шуғулланиши кераклигини таъкидлаган эди.

Ҳозир Россияда атроф-муҳит масалалари билан фақат Табиий Ресурслар Вазирлиги шуғулланмоқда. Бироқ, мутахассислар фикрича, вазирлик атроф-муҳит назоратини ўз қўлига олганидан бери вазият ёмонлашган.

Танқидчиларга кўра, Табиий Ресурслар Вазирлиги экологик вазиятни назорат қилиш билан бир қаторда, атроф-муҳитни энг кўп ифлослантираётган металлургия ва энергетика компанияларига лицензия бериш билан шуғулланади.

Москвада ўтказилаётган анжуманга эса, айнан атроф-муҳитни энг кўп ифлослантираётган Норилск Никкел, Лукойл, Газпром ва Сибир Алюминий каби ширкатлар ҳомийлик қилмоқда.

Ҳозирда Россия ҳукумати экологик солиқ тўғрисидаги қайта ишланган қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда. Бироқ, Россия Саноатчилар ва Тадбиркорлар Уюшмаси мазкур ҳужжатни танқид қилмоқда.

Норилск Никкел ширкатининг экологик масалалар бўйича вакили Елена Ковалёва саноатчилар мазкур қонун лойиҳасини нима учун танқид қилаётганларини шундай изоҳлайди: “Гап шундаки, экологик муаммоларни ҳал этиши учун дастлаб саноат муассасалари ўз ускуна ва технологияларини янгилашлари лозим. Корхоналар бу ишни амалга оширишлари учун уларни рағбатлантирш керак. Экологик солиқ эса, асло рағбатлантирувчи омил эмас. Шу сабаб, мазкур масала юзасидан кўплаб мунозара ва баҳслар давом этмоқда. Норилск Никел бу борада ўз позициясини билдирган”, - дейди Елена Ковалёва.

Атроф-муҳит мутахассисларига кўра, айрим корхоналар нисбатан тоза технологиялар сотиб олишга маблағ сарфламоқдалар. Айни пайтда, саноат лоббичилари ҳалиям экологик талабларни минимумга тушириш, уринишларидан қайтмаганлар.
XS
SM
MD
LG